Чунки тарихда кўп ҳукмдорлар ғалаба қозонган, лекин баъзилари борки, мағлубият ҳақида ҳам рост сўзлай олган. Бобур ана шу камёб тафаккур эгаларидан бири эди.

Бобур меросини ўқир эканмиз, унинг дав­латчиликка муносабати бошқа кўп тарихий ҳукмдорларникидан тубдан фарқ қилганини кўрамиз. У учун ҳукмдорлик фахрланадиган мақом эмас, балки ҳар куни ўз-ўзига ҳисоб бериб яшаш мажбурияти эди. Шу жиҳати би­лан Бобур бошқарувни натижа эмас, жараён билан ўлчайди.

Бу тафаккур, энг аввало, унинг хотирала­ри — “Бобурнома”да яққол кўринади. Асар­да Бобур ўзини оқлашга уринмайди, айбни бошқаларга юкламайди. Масалан, Самар­қанд учун курашлардаги мағлубиятини таш­қи хиёнат ёки тақдир эмас, тажрибасизлиги ва нотўғри қарорлари билан боғлайди. У бир ўринда ёшлигини, сиёсий вазиятни етарлича англаб етмаганини очиқ тан олади.

Саркарда учун рост сўзлаш сиёсий заиф­лик эмас, аксинча, маънавий устунлик эди. Шунинг учун у ғалабани ҳам, мағлубиятни ҳам бир хил самимият билан ёзади. Айни шу нуқтада Бобур ҳокимиятни шахсий масъ­улият сифатида англаган шахс сифатида на­моён бўлади.

Бу муносабат унинг ижодида ҳам давом этади. Бобур ўз шеърларида давлат, тахт ёки қудратни абадий неъмат деб тасвирламайди. Аксинча, давлат ўткинчи экани, инсон эса унинг олдида маънавий жиҳатдан жавобгар­лигини бот-бот эслатади:

Даврон мени ўткарди сару сомондин,

Ойирди мени бир йўли хонумондин.

Гаҳ бошима тож, гаҳ балоий таъна —

Неларки, бошимға келмади даврондин.

Муҳими шундаки, Бобур ҳокимиятни йўқотган паллада ҳам ўзини оқламайди. У мағлубиятни ички ҳисобот сифатида қабул қилади. Бу эса ҳоким учун оғир, бироқ энг зарур босқич — ўзини ўзини танқид қилиш маданиятидир.

Адолат ва халқ розилиги

Бобур учун адолат қонун матни эмас, бал­ки амалий муносабат. У ҳокимиятга етиб, халқни унутган раҳбарни кескин огоҳланти­ради:

Давлатқа етиб, меҳнат элин унутма!

Бу беш кун учун ўзунгни асру тутма!

Жумлада ҳокимиятнинг ҳақиқий таян­чи очиқ айтилган: меҳнат эли. Халқ дарди­ни унутган давлат узоққа бормайди. Шоир фикри бугунги “халқ­чил давлат” тамойилла­ри билан тўлиқ уйғун.

Бобур зулмнинг манба­сини ташқи душмандан эмас, ички бузилишдан излайди. Унингча, ҳокимиятни еми­рувчи энг хавфли куч нафс ва манманликдир:

Нафс душмандурур яқин билгил,

Дўстум, бу сўзумни чин билгил.

Бу — сиёсий фалсафа. Агар раҳбар нафси­ни жиловламаса, адолат ҳам, халқ розилиги ҳам йўқолади. Шу боис, муаллиф ҳокимият­ни ахлоқий жиҳатдан ўзини назорат қилиши билан боғлайди.

Шоир давлатни халқдан устун қўймайди, аксинча, давлат халқ розилигига боғлиқ эка­нини уқтиради. Шунингдек, Бобур ҳокимият­га маҳлиё бўлиб қолишни маънавий таназзул деб билади:

Давлат учун кўнгулни зор этма,

Иззат учун ўзунгни хор этма!

Шоҳ ва шоир тажрибаси шуни кўрсата­дики, адолат кучни чекловчи восита эмас, аксинча, уни қонуний ва барқарор қиладиган омилдир. Уруш ва беқарорлик шароитида ҳам у халқ розилигини йўқотмасликка интил­ган. Чунки Бобур учун ғалаба фақат майдон­да эмас, одамлар қалбида қўлга киритилади.

Бобурнинг давлатчилик тафаккурида энг муҳим чегара инсон қадридир. У учун ҳо­кимият ҳар қандай шароитда ҳам инсонни поймол қилиш ҳуқуқини бермайди. Бу жи­ҳат унинг сиёсий қарашларини ўша даврда­ги кўплаб ҳукмдорлар тафаккуридан кескин ажратиб туради.

Ушбу муносабат “Бобурнома”да уруш воқеалари баён қилинган ўринларда яққол намоён бўлади. Бобур жангни қаҳрамонлик ёки романтик ҳолда эмас, балки инсон ҳаёти­га солган оғир фожиа сифатида тасвирлайди. Самарқанд қамали пайтида у халқ қандай очлик ва танқисликка тушганини яширмай ёзади: “Элга бисёр танқислиқ бўлди. Лиға еттиким, фақир ва мискин ит этини, эшак этини йия кириштилар…”.

Урушнинг оқибатлари инсон жони билан ўлчанганини ҳам очиқ қайд этади: “Улуғ-улуғ беклар ва яхши-яхши йигитлар, қалин киши бу урушта талаф бўлди”.

Асардаги сатрлар Бобурнинг урушни зафар эмас, балки халқ тақдирига тушган оғир синов сифатида англаганини кўрсата­ди. Унинг бу ёзиш услуби ҳукмдорнинг ўзи юритган сиёсатга маънавий жавобгарлик ҳиссини ифодалайди.

Шоҳ Бобур зўравонликни давлатчилик усули сифатида қабул қилмайди. У куч иш­латишни зарурат, аммо меъёрдан чиқаришни ҳалокат деб ҳисоблайди. Шу сабаб жангдан кейин интиқомни эмас, тартиб ва барқарор­ликни устувор қўяди. Бу ҳолат унинг раҳм- шафқатни заифлик деб билмаганини кўрса­тади.

Айни тафаккур Бобурнинг шеърларида ҳам чуқур акс этган. У қудрат ва давлатни инсон тақдири билан солиштириб, уларнинг нисбий эканини уқтиради:

Не бало бийиктурур давлат тоғи,

Кўйи ғамни не билур давлат тоғи.

Шоир фикрига кўра, инсон дардини ҳис этмаса, давлатнинг “баландлиги” маъносиз­дир. Бобур учун инсон азобини англамаган ҳокимият маънавий жиҳатдан қулагандир.

Муҳим жиҳат шундаки, шоҳ ва шоир ин­сон қадрини уруш шароитида ҳам унутмай­ди. У ғалабани ҳам, мағлубиятни ҳам инсон тақдири билан боғлаб баҳолайди. Бу эса дав­латчиликда жуда ноёб ёндашув: кучни эмас, чегарани билиш маданияти.

Илму санъат — узоқ муддатли сармоя

Бобур давлатни фақат ҳарбий ёки маъму­рий куч билан эмас, балки маънавий ва ин­теллектуал асос билан мустаҳкамлаш мум­кинлигини англаган тарихий ҳукмдор эди. Унинг тафаккурида илм ва маданият давлат барқарорлигининг асосий шарти ҳисоблан­ган. Бу қараш ҳукмдорнинг амалий сиёсати­да ҳам, шахсий ҳаётида ҳам намоён бўлади. Самарқанд фатҳидан сўнг Бобур олим ва ижодкорларга нисбатан эҳтиёткор ҳамда ҳо­мийларча муносабатда бўлади. Айниқса, фа­зилат эгаларига ноҳақ шубҳа билан қарашга йўл қўймайди. Масалан, Мулло Биноий ҳақи­да бундай ёзади: “Неча кундин сўнг чун фа­зилатлиқ киши эди, гуноҳе содир бўлмайдур эди, Самарқандға келтурдук”.

Бу қараш “Бобурнома”да давлат ишлари билан бир қаторда илмий ва адабий ҳаёт­нинг кенг ёритилишида яққол намоён бўла­ди. Бобур шаҳарларни фақат ҳарбий нуқтаи назардан эмас, балки улардаги маърифат муҳити билан баҳолайди. Унинг Самар­қандда Алишербек (Навоий) билан шеърий мулоқотни алоҳида қайд этиши ёки Мулло Биноий, Хожа Абулбарака Фироқий каби зотлар билан адабий мусобақаларни ҳикоя қилиши кабилар аҳамиятли. Шу маънода, Бобур учун шаҳар қудрати деворлар ёки қў­шин сони билан эмас, ақл, сўз ва маданият билан ўлчанади. Илмга таянган давлатгина вақт синовидан ўта олиши ҳақидаги бу қа­раш унинг бутун меросида узвий ғоя сифа­тида яшайди.

Бобур шеър ёзишни ҳордиқ чиқариш ёки шахсий машғулот деб билмаган, балки ҳо­кимнинг фикр юритиш маданияти сифатида ҳам қабул қилган. Шу боис, унинг шеърлари­да давлат, тақдир ва инсон қисмати ҳақидаги фалсафий мушоҳадалар устувор.

Муҳими, Бобур илм-маърифатни юқори табақагагина тегишли соҳа деб билмаган. У туркий тилда ёзиб, билим ва фикрни кенг қатламга яқинлаштирди. Бу — сиёсий қарор. Чунки тил ва маданият орқали халқ билан мулоқот қилиш ҳокимиятни ёпиқликдан чи­қаради.

Бу нуқтада Заҳириддин Муҳаммад Бо­бур мероси бугун ҳам аҳамиятли. Замона­вий давлат учун илм-маърифат стратегик заруратдир. Таълим ривожланган жамиятда келажакка ишонч ҳам онгли бўлади. Шу жиҳатдан Бобур тажрибаси бизга бундай хулосани беради: ҳокимиятнинг энг самарали сармояси — билимли жамият.

Айни сармоя дарҳол натижа бермаслиги мумкин, аммо давлатни узоқ муддатли барқа­рорликка олиб чиқади.

Ватан соғинчи ва табиат

Ватан Бобур учун фақат ер ёки ҳудуд эмас, балки хотира, тил ва руҳий илдиз эди. У ҳоки­мият учун курашиб, бир юртдан иккинчисига кўчишга мажбур бўлган паллаларда ҳам ўзи­ни тўлақонли ғолиб эмас, айни вақтда тақдир синовидаги мусофир сифатида ҳис қилади. “Бобурнома”да Самарқанд ва Андижондан ажралиш манзаралари нафақат сиёсий йў­қотиш, балки шахсий изтироб сифатида бе­рилгани бунга далилдир. Айниқса, қамалдан кейинги ҳолатни у бундай ифодалайди: “Бу оламда ўтган вақое туш ва хаёлдек кўзумга ва кўнглумга кўрунур эди”.

Бу сатрлар шоҳ ва шоир учун ватан йўқо­тилиши ҳокимиятдан маҳрум бўлиш баро­барида ички барқарорликка зарба эканини кўрсатади.

Бобур табиатни ҳам давлатчилик тафак­курининг бир қисми сифатида англайди. У боғлар барпо этишга алоҳида эътибор қарат­гани бежиз эмас. Боғ унинг учун фақат ҳор­диқ чиқариладиган жой эмас, балки тартиб, уйғунлик ва масъулият рамзи. Инсон табиат билан уйғун яшамаса, давлат ҳам барқарор бўлолмайди деган фалсафа бу ерда яққол кўринади. Шоир шеърияти билан танишган ўқувчи мазкур туйғуларнинг ошкора ифода­сига гувоҳ бўлади. Яъни Ватан соғинчи бу шеъриятда шахсий изтироб эмас, балки маъ­навий ҳолат сифатида юзага чиқади:

Ёд этмас эмиш кишини ғурбатта киши,

Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатта киши.

Ушбу мисралар ҳукмдорнинг қудрат ин­сонни ғурбатдан қутқармайди деган ички иқроридир. Ватан билан боғлиқ маънавий узилиш ҳеч қандай давлат ютуғи билан қоп­ланмайди.

Шоир бу соғинчни ҳеч қачон халқидан устун қўймайди. У дардини сиёсий қарор­ларга айлантириб юборишдан сақланади. Аксинча, ўзини тийиш, ҳиссиётини назорат қилиш орқали давлат манфаатини устувор қилади.

Бугунги сиёсий воқеликда бу ғоя янада долзарб. Глобаллашув даврида давлатлар фа­қат иқтисодиёт ёки хавфсизлик билан эмас, балки маданий хотира ва табиатга муносабат билан ҳам баҳоланади. Бобур мероси бизга шуни эслатади: Ватан — сақлаб қолиниши керак бўлган маънавий ўзан. Ҳокимият шу ўзанга таянгандагина, халқ билан узилмас боғлиқликни сақлаб қолади.

Миллий ўзлик ва олам саҳнаси

Бобур шахсиятининг энг мураккаб ва му­ҳим қирраларидан бири миллий ўзликни сақ­лаган ҳолда жаҳон цивилизациясига чиққа­нидадир. У ҳокимиятни кенгайтиргани сари ўзлигини йўқотмади, аксинча, уни янада аниқ англади. Шу жиҳатдан Бобур фақат тарихий шахс эмас, балки глобал сиёсат шароитида миллий қиёфа қандай сақланиши мумкинли­гини кўрсатган феномендир.

Унинг тил танловида, аввало, бу ҳолат на­моён бўлади. Бобур жаҳон миқёсида салтанат барпо этганига қарамай, асарларини туркий тилда ёзди. “Бобурнома” маҳаллий хотира учун эмас, бутун инсоният учун қимматли манба бўлиб қолди, бироқ у айнан миллий тилда яратилди. Бу муҳим сиёсий қарор эди. Чунки тилни сақлаш тарихий хотирани сақ­лаш демакдир.

Жаҳон сиёсатида Бобурийлар давлати кат­та ўрин тутган бўлса-да, асосчиси миллий илдиздан узилмади. У ўзини жаҳон ҳукмдори деб эмас, муайян тарихий ва маданий анъана­нинг давомчиси деб ҳис қилди. Шу сабабли Бобур меросида миллийлик ҳеч қачон ёпиқ­ликка айланмайди. Аксинча, у очиқлик ва му­лоқот учун асос бўлади.

Қолмади ҳурмат аҳли оламда,

Оламу олам аҳдидин юв илик!

Бу мисраларда шоир жаҳон сиёсатининг беқарор табиатига ишора қилади. Бобур учун глобал саҳна доимий кафолат эмас. Шунинг учун у миллий таянчни йўқотмасликни энг муҳим шарт деб билади.

Ҳукмдор миллийликни устунликка айлан­тирмайди. У ўз илдизини бошқаларникидан юқори қўймайди, балки унга таяниб, жаҳон билан мулоқот қилади. Бу эса бугунги глобал сиёсат учун жуда муҳим сабоқ: миллий ўзлик тўсиқ эмас, балки барқарорлик манбаи.

Бугун давлатлар жаҳон ҳамжамиятига чиқар экан, кўпинча миллий қадриятлардан воз кечиш ёки уларни формал рамзга айлан­тириш хавфига дуч келади. Бобур тажрибаси эса жаҳонга чиқиш ўзингдан кетиш эмас де­ган бошқа йўлни кўрсатади.

Шу маънода, Бобур феномени замонавий сиёсий тафаккур учун жуда долзарб. У бизга тарих орқали бундай жавоб беради: глобал таъсир миллий ўзликни сақлай олган тақдир­дагина маъноли бўлади.

Тарих ҳокимиятнинг кўп шаклларини кўрган. Қудратга таянган давлатлар ҳам бўл­ган, зўравонликка суянган тузумлар ҳам. Ле­кин тарихда фақат бир мезон синовдан ўтиб қолган — виждон. Шу нуқтаи назардан, За­ҳириддин Муҳаммад Бобур мероси ўтмиш ҳақидаги хотира эмас, балки ҳокимиятга қў­йилган ахлоқий талабдир.

Бобур давлатни бошқариш мумкинлигини исботлади. Аммо ундан ҳам муҳими, давлат­ни ўзини ҳам ҳисобга торта оладиган ҳоким орқали бошқариш мумкинлигини кўрсатди. У ғалабани яширмади, мағлубиятни оқлама­ди, хатони тақдирга юкламади. Шу жиҳати билан Бобур ҳокимиятни муқаддаслаштир­мади, балки уни маънавий синов сифатида қабул қилди.

Сиёсат тезкор қарорлар, рақобат ва гео­сиёсий босимлар майдонига айланган бугун­ги шароитда Бобур тажрибаси бир ҳақиқатни эслатади: ҳокимиятни мустаҳкамлайдиган омил — фақат ресурс ёки куч эмас, балки ишонч. Ишонч эса виждон, очиқлик ва жа­вобгарлик орқали пайдо бўлади.

Бобур мероси биздан ўтмишга мафтун бў­лишни эмас, балки ўтмиш орқали ўзимизга савол беришни талаб қилади. Агар давлат ўз тарихини фақат ғалабалар силсиласи сифати­да кўрса, ўзига хато қилиш имконини ёпади. Агар тарихни маънавий хулоса манбаи сифа­тида қабул қилса, тараққиёт учун йўл очилади. Бобур иккинчи йўлни танлаган ҳукмдор эди.

Шу маънода, Бобур биз учун ёдгорлик эмас, тарихий мезон. Ҳокимият қанчалик кучли бўлмасин, агар у виждон билан ўлчан­маса, тарих олдида ожиз бўлиб қолаверади.

Асосий хулоса шундаки, қудрат давлатни барпо қилади, лекин уни сақлаб қоладиган ва оқлайдиган куч виждондир.

Мунисжон ҲАКИМОВ,

Алишер Навоий номидаги

давлат адабиёт музейи

нодир қўлёзмалар бўлими мудири,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори