Сурхондарёдаги Сополлитепада сон-саноқсиз бошоқли экинлар донлари (буғдой, арпа, нўхат, тариқ ва бошқалар)нинг топилиши юртимиз заминини уларнинг ватани эканлигини намоён этади. Ана шундай илмий далиллар халқимиз буғдой ва нонни эъзозлаши мозийнинг энг чуқур қатламларидан илдиз отиб ва бойиб келганлигини кўрсатади.
Фойдали хусусиятига кўра, ғаллани ёшлик эликсири дейишлари ҳам бежиз эмас. Таркибидаги витамин ва минераллар моддалар организмни тетиклаштириб, ҳаётий қувватини оширади, умрни узайтиради. Ҳамма замонларда ҳам буғдой тириклик манбаи, ундан тайёрланган нон қиёси йўқ неъмат саналган ва шундай бўлиб қолмоқда.
ИСЛОҲОТЛАРНИНГ МУҲИМ БОСҚИЧИ
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 мартдаги «Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори фермер ва деҳқон хўжаликлари азалий орзусининг ижобати, соҳада туб бурилишни бошлаб берди десак, ҳеч бир муболоға бўлмайди.
Қарорда 2020 йил ҳосилидан бошлаб, давлат хариди учун товар дон сотиш миқдори 25 фоизга камайтирилди ёки ҳар бир бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг ўзларида қолдириладиган бўлинди. 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш ва давлат харидидан тўлиқ воз кечишга киришилди...
Бу ислоҳотларга пухта тайёргарлик кўрилиб, барча ишлар босқичма-босқич амалга ошириб келинётганини кўрсатади. Ўтган йили ғаллакорларимиз 7,4 миллион тоннага яқин дон хирмони кўтариб, кўплаб фермер хўжаликларининг ҳосилдорлиги 100 центнерни ташкил этди.
Маълумки, бугунги кунда сайёрамизнинг турли нуқталарида давом этаётган таҳликалар, қурғоқчилик, иқлим ўзгариши ва бошқа омиллар сабаб инсоният озиқ-овқат ва дон тақчиллиги таҳдиди қаршисида қолди.
— Президент ҳузурида ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг энг муҳим босқичига бағишланган йиғилишда яна бир бор бу масалага эътибор қаратилгани бежиз эмас, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Дилрабо Холбоева. — Давлатимиз раҳбари ҳар доимгидек, халқ ташвишида. Дунё қанчалар беқарор бўлиб турганини кўриб билиб турибмиз.
Жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари кун сайин юқори суръатлар билан ўсмоқда. Бугунги кунда халқаро биржаларда 1 тонна буғдой 400 доллардан сотилмоқда ва йил бошига нисбатан 30 фоизга ошди. Осиё, Яқин Шарқдаги кўплаб давлатлар, хусусан, Эрон, Туркия, Бангладешда ғалла нархи кескин кўтарилди.
Бундай вазиятда юртимизда нарх-навонинг ошиб кетишига йўл қўймаслик, халқимизнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш устувор вазифага айланмоқда. Хўш, бундай вазиятда қандай йўл тутиляпти?
Президентимиз таъкидлаганларидек, нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли бу — фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш ҳисобланади. Бунинг учун ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш зарур. Бу орқали ўсиш бўлади, рақобат юзага келади. Соҳада хусусий секторга кенг йўл очилгани туфайли унинг улуши тобора ортиб бораётир. Хусусан, сўнгги уч йилда ҳудудларда қуввати қарийб 3 миллион тонна бўлган 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади. Натижада ўтган йилда республика бўйича қарийб 3,5 миллион тонна ун ишлаб чиқарилган, шундан 54 фоизи хусусий дон корхоналари ҳиссасига тўғри келган.
Афсуски, бу муаммолар йўқ, дегани эмас. Бугунги кунда «Ўздонмаҳсулот» компанияси таркибидаги 43 та дон корхоналари янги бозор шароитларида самарали ишлашга тайёр эмас. Чунки шу пайтгача компания таркибидаги дон корхоналари фермерлардан тайёр буғдойни қабул қилиб, уни қайта ишлаш билан шуғулланиб келган. Оқибатда, уларнинг ун ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси ўртача 60 фоиздан ошмайди. Бунинг устига, ишлар самарасиз йўлга қўйилгани оқибатида «Ўздонмаҳсулот» корхоналарининг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдидаги қарзи 1,8 триллион сўмни ташкил этиб, шундан 1,1 триллион сўми умидсиз қарз ҳисобланади.
БИЗ КУТГАН КУНЛАР ЕТИБ КEЛДИ
Очиғи, давлат дон корхоналаридаги айни пайтдаги эскича тизим ғалла етиштирувчига ҳам, қайта ишловчиларга ҳам фойда келтирмай келаётган эди. Шу боис бундан уч йил олдин дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратишга ўтиш вазифаси эълон қилинган эди.
— Мана эндиликда биз фермер-деҳқонлар кутиб келаётган кунлар бошланиши арафасида турибмиз, — дейди Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги «Ишбилармон Элёр Чимқўрғон» фермер хўжалиги раҳбари Элёр Абдуғаниев. Президентимизнинг видеоселектор йиғилишида қанчалик қийин бўлмасин, 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтамиз, деган сўзлари бизга қанот бағишлади. Эндиликда бизнинг ўзимиз кластерлар билан ҳамкорликда етиштирган ғалламизни биржа савдоларига олиб чиқиш учун барча шароитлар яратилади.
Тўғри, айни пайтда биржа савдоларида қатнашишда билим малакамиз камлик қилиши мумкин. Лекин бу муаммони ҳал этиш йўли ҳам кўрсатиб берилди. Мутасаддиларга икки ҳафта муддатда буғдой етиштирувчи фермер ва кластерларни биржадан рўйхатдан ўтказиш ҳамда брокерларни бириктириб, ўқитишни ташкил қилиш топширилди.
Айтиш жоиз, 20 гектар ғаллазоримизда бугун ҳосил чўғи баланд. Ерларимиз бонитети паст майдонларда жойлашганига қарамай, гектар бошига камида 50 центнердан хирмон кўтаришни мўлжаллаб турибмиз. Бу юз тоннадан ортиқ ғалла ҳосили дегани. Кластер билан тузилган шартномага мувофиқ, унинг тенг ярми ўзимизда қолади. Янги белгиланаётган тамоилга кўра, унинг ҳам муайян қисмини биржада ўзимизга қулай нархларда сотишимиз мумкин.
— Бизни, айниқса, Президентимизнинг давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилиши маълум қилингани беҳад мамнун этди, — дейди Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги «Дехқон замини» фермер хўжалиги раҳбари Назирахон Иброҳимова. — Қишлоқ хўжалиги жамғармаси харид қилган 1 миллион 783 минг тонна буғдой эҳтиёжга қараб ойма-ой биржага чиқарилиши, биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилиши юзасидан кўрсатмалар берилди. Мисол учун, август ойида 1 тонна ғалланинг биржа нархи 3,5 миллион сўм бўлса, фермерга яна 500 минг сўм тўлаб берилади. Бу мақсадлар учун жорий йилда давлатдан 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.
— Яна бир аҳамиятли жиҳати, фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Дилрабо Холбоева. — Жорий йил жами ғалла ҳосили учун 7,6 триллион сўм ажратилади. Янги тизимни тўлақонли, адолатли ва очиқ-ошкора ишлаб кетиши, ҳар бир сўм фермер ва кластерга ўз вақтида, тўлиқ етиб бориши, нарх-навони ўсиши ва тақчилликни олдини олиш бўйича «кунбай» назорат тизими жорий қилинади. Бунинг учун Бош прокурор бошчилигида Республика штаби ташкил этилади. Ҳудудий штабларга вилоят ҳокимлари ва прокурорлари раҳбарлик қилади.
Буғдойнинг ҳақиқий эгаси бу – фермер ва кластерлар. Шунинг учун, бундан буён туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланадиган бўлди. Бундан ташқари, биржа орқали сотилган буғдойга ҳудудлараро чеклов қўйилмайди. Масалан, қайси ҳудуддаги корхона биржада ютиб олса, ҳеч қандай тўсиқларсиз ғаллани олиб кетиши мумкин. Бош прокурор, вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари бу масалани шахсан назоратига олиб, фермерни норози қилган раҳбарларга қатъий чоралар кўрилади.
Шу кунларга етиб келаётганимизга шукр. Чунки, ғаллачилик соҳасига бозор тамоиллари тўла куириб келяпти. Агар ермер биржага чиқиб, ўзи ғалласини мустақил сотса, унинг даромади ошади, ўз меҳнати натижасидан кўнгли тўлади. Табиийки, бундан унинг ҳам, элнинг ҳам дастурхони янада тўкин бўлади.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи