Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик жамиятни демократлаштириш жараёнлари тобора кенгайиб, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксалаётган, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларининг роли ошиб бораётган, шунингдек, мамлакатимизнинг сайлов тизимини модернизация қилиш ишлари жадаллашган даврда амалга оширилаяпти. Мана шундай шароитда Оммавий ахборот воситаларининг сайловларни ёритишдаги ўрни беқиёсдир. Холис, тезкор ва албатта ишончли ахборот тарқатиш замонимизнинг энг долзарб талабларидан биридир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 76-сессиясида БМТ Бош Котиби Антониу Гутерриш жаноблари ҳам ахборот тарқатиш масалаларига жиддий диққат эътибор қаратиб, ёлғон хабарлар тарқатиш бу жамиятлар ва давлатларни бир биридан ажратувчи глобал муаммо эканлигини таъкидлаб ўтди. Ахборот хавфсизлиги ва ростни ёлғондан ажратиш бугунги ахборот жамиятининг асосий муаммоларидан биридир. Ахборот тарқатишда энг аввало журналистлар асосий вазифани бажаради. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамкорликда “Оммавий ахборот воситаларида сайловларни самарали ёритиш” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларини ёритувчи журналистлар учун семинар-тренинг ташкиллаштирилди.

Семинaр-тренингда Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида фаолият юритаётган теле, радио, босма ҳамда интернет нашрларининг  журналистлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низомхўжаев сўз олиб, семинар-тренинг иштирокчиларини самимий қутлади ҳамда мамлакатимиздаги сиёсий жараёнлар билан батафсил таништириб ўтди. Шундан сўнг, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовская сўзга чиқиб, глобал ахборот асрида журналистларнинг ўрни ва роли ҳақида фикр билдирди.  Ўзбекистондаги Швейсария элчихонасининг сиёсий-иқтисодий масалалар бўйича бош хизматчиси Дилфуза Қуролова бугунги кун Ўзбекистон журналистикаси ҳақида ўз қарашларини баён этди.

Тренинг давомида МСК Раиси З. Низомхўжаев “Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги: янгиликлар, муҳим жиҳатлар алоҳида эътибор қаратилиши лозим  бўлган ҳолатлар” мавзусида маъруза сўзлади. Тренинг қизғин баҳс-мунозаралар шаклида бўлиб ўтди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга  Марказий сайлов комиссияси Раиси, миллий ва халқаро экспертлардан  жавоб олишга муваффақ бўлди.

Кун давомида хорижий ҳамда маҳаллий экспертлар Иван Годарский, Беруний Алимов, Гулмира Шукуровалар тренинг иштирокчиларига сайлов жараёнларини ёритиш хусусида ўз билимларини улашдилар. Тренинг сўнгида иштирокчиларга сертификатлар берилди.

                                                                  Баҳор ХИДИРОВА,

                                                                  «Янги Ўзбекистон» мухбири