Декабрь ойида ўтаётган йил натижаларини сарҳисоб қилиш, амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш, янги мақсадларни белгилаб олиш одат тусига кирган. Президентимиз ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилмоқда. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва инновациялар соҳасида салмоқли натижаларга эришди. Мухтасар айтганда, барча тармоқларда миллий манфаатлар ва халқ фикрини инобатга олган ҳолда изчил ўзгаришлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш жараёнида давлат ҳокимияти органларининг фаолияти қайта кўриб чиқилди. Қонун ҳужжатларига маҳаллий ижро этувчи органлар фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш тўғрисидаги тегишли ўзгартишлар киритилди. Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, маҳаллий ҳокимият органларининг аниқ кўрсаткичлар бўйича фаолиятини баҳолаш чоралари кўрилди. Жумладан, Президенимизт Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари лавозимига киришганидан буён 90 дан ортиқ давлат муассасаси, жумладан, Транспорт, Қурилиш, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш хўжалиги, Мактабгача таълим, Инновацион ривожланиш, Энергетика вазирликлари ташкил этилди ва ислоҳ қилинди. Давлат хизматларини ривожлантириш, Ёшлар ишлари, Коррупцияга қарши курашиш агентликлари иш бошлади.
“Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”
Тубдан модернизациялаш ҳақида гапирганда, демократлаштириш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ютуқларни алоҳида тилга олиш жоиз. Бугунги кунда аҳоли ва жаҳон ҳамжамиятини ислоҳотларнинг бориши тўғрисида кенг хабардор этиш, уларнинг ижроси устидан парламент назорати билан бир қаторда жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Фуқароларнинг давлат ва жамиятни ривожлантириш жараёнларида фаол иштирок этиши ўзгаришлар самарадорлигининг гарови бўлмоқда. Шундай қилиб, Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида жамоатчилик мурожаатлари институтини ривожлантириш бошланди. Сўнгги тўрт йил мобайнида ушбу ноёб механизм орқали фуқаролардан турли йўналишлар бўйича 3,7 миллиондан ортиқ мурожаат қабул қилинди. Президентимизнинг жойлардаги Халқ қабулхоналари аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг фаол тизимига ўтди, ҳудудларда ҳам шундай ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракатлар кучайтирилмоқда.
Жорий йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинди ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Халқаро экспертлар, хорижий ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ҳар икки йилда бир марта инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказишга келишиб олинди. 2020 йил 13 октябрда Ўзбекистон тарихда биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси этиб сайланди. 169 мамлакат республикамизга овоз берди. Айни пайтда мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро шартномага, жумладан, БМТнинг олтита асосий шартномаси ва тўртта факультатив протоколига аъзо.
Давлат қурилиши соҳасидаги таркибий ўзгаришлар Президентимизнинг узоқни кўзлаб амалга ошираётган сиёсати самарасидир. Давлатимиз раҳбари фаолиятининг биринчи кунларидан бошлаб “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, дея таъкидлади. Мамлакат раҳбари мансабдорларни очиқликка, фуқаролар билан ҳамкорлик қилишга ва юзага келаётган муаммоларни ҳал қилишда уларни қўллаб-қувватлашга чақирди. Зеро, демократлаштириш шароитида давлат органлари фаолиятининг шаффофлиги зарур бўлиб, бу кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва қуришнинг энг муҳим шартидир. Ҳокимият вакилларининг аҳоли билан мулоқоти фуқароларнинг эртанги кунга бўлган ишончини шакллантиришга ёрдам беради, уларнинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканини асослайди ва бунга ишонтиради.
Демократиянинг муҳим рамзи ҳисобланган сўз эркинлигини таъминлаш борасида қўйилган жиддий қадамлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Жумладан, 2015 йилда Ўзбекистонда 1400 дан ортиқ оммавий ахборот воситаси фаолият юритган бўлса, 2020 йилга келиб улар сони қарийб 1800 тага етди. Бундан ташқари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари ва ташкилотларда олти юзга яқин матбуот хизмати ташкил этилди. Расмийларнинг ижтимоий тармоқлардаги фикр-мулоҳазалар ва аҳоли қўяётган долзарб масалаларга мунтазам муносабат билдириб бориши биз учун одатий ҳолга айланди. Бу эса демократлаштириш соҳасида бошланган ўзгаришларнинг натижасидир. Масалан, ўтган йили Британиянинг нуфузли “The Economist” нашри Ўзбекистонни “Йил мамлакати”, дея эътироф этди. Шунингдек, республикамиз БМТнинг электрон ҳукумат бўйича рейтингида 87-ўринни эгаллади.
Сўнгги йилларда жамиятимизда эришилган яна бир муҳим натижа болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам берилганидир. Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботига кўра, 2019 йилда пахта ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида болалар ва мажбурий меҳнатдан мунтазам фойдаланиш ҳолатлари қайд этилмаган. Ҳосил йиғим-теримида 94 фоиздан зиёд ёлланма ишчи ихтиёрий равишда иштирок этди, талабалар, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамшираларни жалб қилиш эса бутунлай тўхтатилди. Шуниси эътиборга лойиқки, бугунги кунда 200 га яқин ННТ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ижобий ўзгаришларни эътироф этмоқда.
Коррупция бутун инсониятнинг барқарор ривожланиши учун катта хатардир. Шу боис, бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда бу глобал муаммога қарши жиддий кураш бошланди. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Таркибига республика олий ва марказий органлари раҳбарлари киритилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш ташкил этилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилмоқда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлис палаталарига ҳисобот берувчи Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолият бошлади. Муассаса коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Ривожланиш йўналишини бошлаб берган стратегия
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 2017 йил февраль ойида қабул қилиниши ислоҳотларни амалга оширишнинг дастлабки ва ўта муҳим босқичи бўлди. Биз амалда демократик ва ҳуқуқий шаклланишнинг, ҳаётнинг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилишнинг янги босқичига ўтдик. Ҳаракатлар стратегияси нафақат ўзгариш ва модернизация қилиш, балки инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга ҳам замин яратди. Шу билан бирга, ушбу ҳужжат БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини юзаг чиқариш бўйича Ўзбекистоннинг “йўл харитаси”га айланди ва ҳар бири беш босқичда амалга оширилмоқда ҳамда ҳар бири эълон қилинган йил номига мувофиқ уни амалга ошириш бўйича алоҳида йиллик давлат дастурини тасдиқлашни назарда тутади. Жорий 2020 йил Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилинди ва тегишли давлат дастури асосида кенг қамровли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Президентимиз томонидан белгилаб берилган стратегик муҳим дастур ва режалар асосида мамлакатимиз илм-фани рақобатбардошлигини ошириш ва 2030 йилга келиб “Глобал инновацион индекс” рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 та илғор мамлакати қаторига кириш чоралари кўрилмоқда. Биз бу борада мамлакатимизда минтақанинг таълим марказини шакллантириш вазифасини илгари сурдик ва бир қатор ижобий натижаларга эришдик. Жумладан, педагог касбининг мавқеи ва нуфузи сезиларли даражада ошди, илмий тадқиқот муассасалари ходимларининг иш ҳақи кўтарилди, ўқув дастурлари такомиллаштирилмоқда, халқаро тажриба ўрганилмоқда. Жорий йилнинг 24 январида Президентимиз парламентга йўллаган мурожаатномасида бундай деди: “Олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратишимиз шарт. Шунинг учун мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказамиз”.
Таъкидлаш жоизки, илгаригига нисбатан бугунги ёшлар кучлироқ, муносиб таълим олишга интилади. Бу йил, масалан, мамлакатимиз олий ўқув юртларида таълим олиш учун бакалавриатга 162 364 та ва магистратурага 10 425 та ўрин ажратилди. Олий ўқув юртларида 1 миллион 484 минг абитуриентдан бакалавриатга кириш учун ҳужжатлар қабул қилинди. Магистратурага кириш учун 2019 йилдагига қараганда уч баравар кўп, яъни 78 720 киши ҳужжат топширди. Бу рақамлар ҳақиқий вазиятни акс эттиради: бугун ўғил-қизларимиз олий маълумот олишга, илмли бўлишга кўпроқ интилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ҳам кенгайди. Бу мамлакатнинг демократлаштириш, ошкоралик ва очиқлик йўлидан боришга интилишини акс эттиради. Бу эса, ўз навбатида, биз яқин истиқболга мўлжаллаган устувор мақсадимиз - Ўзбекистонни дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига қўшишнинг муҳим омилидир. Сўнгги тўрт йил давомида нодавлат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик жамғармалари ташкил этилди. 2019 йилдан бошлаб келгусида уларнинг фаолиятини амалга ошириш учун маҳаллий бюджетлардан маблағлар ажратилмоқда. Биз хабар бериш тартибини жорий этиш орқали нодавлат нотижорат ташкилотлар тадбирларини адлия органлари билан келишиш тартибининг бекор қилинишига эришдик, ҳисобот турлари қисқартирилди, НТТ фаолияти мониторинги тартибга солиниб, аниқ муддатлари ва даврийлиги белгиланди.
Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш жараёнида амалда мустақил Ўзбекистонни ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг янги асослари яратилди, бу эса келгусида юртимизнинг янада равнақ топишига замин ҳозирлайди. Давлат ва жамият ўртасидаги самарали ҳамкорлик ижтимоий-сиёсий фаолиятни фаоллаштиришга ёрдам беради. Ҳозирданоқ ишонч билан айтиш мумкинки, жамиятни ҳукумат вакиллари билан муаммоларни очиқ муҳокама қилишга тайёрлашга эришдик. Ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг ўзларини қизиқтирган масалалар ҳақида қанчалик эркин гапираётганини мунтазам гувоҳ бўлмоқдамиз. Ҳар бир оилада мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий вазият, мавжуд муаммолар ва уларни ҳукумат қандай ҳал этилаётгани фаол муҳокама қилинмоқда. Бу халқнинг ислоҳотларни амалга оширишда иштирок этишни исташини акс эттирмайдими?
Иқтисодиётни либераллаштириш
Давлатимиз раҳбари бошчилигида сиёсий ва ижтимоий соҳалардаги ўзгаришлар билан бир қаторда мамлакатни иқтисодий изоляциядан халос этиш ва миллий иқтисодиётни янада либераллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бунда валюта бозорини либераллаштириш, халқаро иқтисодий тизимлар билан интеграцияни кучайтириш, иқтисодиёт секторида давлат иштирокини камайтириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, соғлом рақобатни таъминлашга устуворлик берилди. Ушбу йўналишдаги биринчи қадам 2017 йил 5 сентябридан бошлаб миллий валюта — сўмни эркин айирбошлашни жорий этиш бўлди. Валюта эркинлашувининг амалга ошиши натижасида тадбиркорлар “қўлдан” валюта сотиб олишдан қутулди. Бугунга қадар ҳукумат тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга тўсқинлик қилувчи чекловларни олиб ташлашда давом этмоқда. Шундай қилиб, 2019 йилдан кўчма савдо рухсатномаларини олиш талаби бекор қилинди ва хусусий компаниялар ўртасида битимлар тузиш жараёни сезиларли даражада осонлашди. Бундан ташқари, чет элдан инвестициялар жалб этилмоқда.
Хусусий тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга ёндашув такомиллашмоқда. Масалан, Ўзбекистон ҳудудларида тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари тармоғи пайдо бўлди. Барча вилоятлар марказларида, шунингдек, Нукус ва Тошкентда ҳам, Савдо-саноат палатаси таркибида янги ташкилотлар ташкил этилди. Вазифа эса зарур шарт-шароитлар яратиш ва барча турдаги хизматларни олиш имкониятини тақдим этиш орқали тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашни таъминлашдир. Кўрилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда: 2019 йилда рўйхатдан ўтган тадбиркорлар сони икки баробар, хорижий инвестициялар оқими эса тўрт баробар ошди.
Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга давлат бўлиб, МДҲ мамлакатлари орасида Россия ва Украинадан кейин учинчи ўринда туради. Шундай қилиб, республика нафақат истеъмол бозори ҳажми, балки катта ишлаб чиқариш қувватлари билан ҳам ажралиб туради. Ушбу салоҳиятдан самарали фойдаланиш учун инвестицияларни жалб қилиш, экспортни қўллаб-қувватлаш ва географиясини кенгайтириш, маҳсулот импортини соддалаштириш бўйича амалий чоралар кўрилди. Натижада ташқи савдо ҳажми тўхтовсиз ўсиб бормоқда, йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун шароитлар яратилмоқда. Ташқи савдони либераллаштириш ва самарали бозор иқтисодиётини яратиш мақсадида эса ички бозор учун зарур бўлган саккиз мингдан ортиқ турдаги импорт товарга божхона тўлови ставкалари камайтирилди.
Учинчи Ренессанс пойдевори
Давлатимиз раҳбари уларнинг амалга оширилиши учун замон талабларига жавоб берадиган, шу билан бирга, катта ҳажмдаги сармояларни кўзда тутадиган жуда кенг кўламли вазифаларни белгилаб бермоқда. Ютуқларимиз ҳақида дунё аллақачон билади. Халқаро даражадаги саммитларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нуфузли халқаро ташкилотларнинг юксак минбаридан туриб таклиф қилган ғоялари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистоннинг кучли ва барқарор иқтисодиётга эга замонавий, ривожланган давлатлар қаторига кириш ниятини намойиш этади. Бунинг учун таълим, илм-фан ва инновация соҳасида ислоҳотлар жада кечмоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури ижроси доирасида Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида жамият ҳаётининг ушбу соҳаларини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Болалар боғчалари, мактаблар, шу жумладан, ихтисослашган университетлар билан бирга хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари сони ортяпти. Бунда эртага Ўзбекистон фаровонлигига муносиб ҳисса қўшадиган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол шахслар этиб тарбиялашга асосий эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда таълим соҳасидаги ўзгаришлар алоҳида эътиборга лойиқдир. Президентимиз ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдеворини қўйди. Бунда биринчи ва энг муҳим янгиликлардан бири 11 йиллик мактаб таълим тизимига қайтилиши бўлди. Бир неча йил ичида мамлакатимиз таълим муассасаларининг моддий-техник базаси сезиларли даражада мустаҳкамланиб, педагогларнинг илмий салоҳияти ўсди. Бундан ташқари, ўқув жараёнига илғор ахборот-коммуникация технологиялари фаол жорий этилмоқда. Ҳозирги замонавий мактабни компьютер синфисиз, қизиқарли интерфаол машғулотлар ўтказиш учун гаджетлар билан жиҳозланган кабинетларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Соҳадаги ўзгаришлар ўзининг комплекс ёндашуви билан ажралиб туради, илғор хорижий тажрибалар қўлланилмоқда. Биз, шунингдек, мамлакатда ўқитувчилар меҳнати қанчалик юқори баҳолана бошлаганини кўрамиз. Таълим тизими ходимлари учун барча зарур шароитлар яратилмоқда. 2017-2020 йилларда 3056 та умумтаълим мактабида 6 триллион 346 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди, 130 та мактаб қурилди, 1383 таси реконструкция қилинди, 1543 таси капитал таъмирланди, 264 мингта ўрин яратилди.
Мактаб таълимидаги ислоҳотлар ўқитувчиларнинг жамиятдаги мақомини ошириш билан бошланди. Бунда уларнинг ишларини оптималлаштириш, иш ҳақини босқичма-босқич ошириб бориш, ўқув жараёнига рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобига юкламани камайтириш режалаштириляпти.
Давлатимиз раҳбари ёшлар сиёсатига катта эътибор қаратмоқда. Президентимиз мустақиллигимизнинг 29 йиллигига бағишланган нутқида: “Фарзандларимизнинг истеъдод ва қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча имкониятларни яратиб бериш бундан буён ҳам бош мақсадимиз бўлиб қолади”, дея таъкидлади. Бунинг эътиборга молик жиҳати яна шундаки, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз Президенти вазифасини бажарувчи лавозимида имзоланган биринчи ҳужжат соҳада давлат бошқарувини такомиллаштиришга, Ўзбекистонда ёшларнинг ҳар томонлама камол топиши, уларни мамлакат иқтисодий ўсишининг локомотивига айланган хусусий тадбиркорликка жалб этилишини таъминлайдиган тартибни кенгайтиришга ва ўрнатишга йўналтирилган 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун бўлди.
Миллат соғломлиги — юксак ютуқлар гарови
Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналиши аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳасини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришни ўз ичига олади. Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш ҳам устувор аҳамиятга эга.
Жумладан, сўнгги тўрт йил ичида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган тизимли ўзгаришлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини сезиларли даражада ошириш, соҳага илғор ечим, инновация ва технологияларни татбиқ этиш имконини берди. Тиббиёт энг жадал ривожланаётган соҳа ҳисоблангани боис айнан соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар давлатимиз раҳбари томонидан келгуси йилларда республикани барқарор ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб берилди. Соҳани тўлиқ рақамлаштириш ва АКТни кенг жорий этиш бошланди, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, мажбурий тиббий суғуртани жорий этишга тайёргарлик кўриш, касаллик хавф омилларини эрта аниқлаш ва самарали профилактика қилиш бўйича кенг кўламли ишлар давом этмоқда.
Шундай қилиб, биз янги Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар жадал суръатларда амалга оширилаётганини кўрамиз. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари туфайли мамлакатимиз тиббиёти даражаси сезиларли даражада ошди, чет элда ҳам тан олинаётган натижаларга эришилди.
Мамлакатимизда патронаж хизмати ҳам янгича ёндашув асосида ташкил этилди. Хусусан, ёлғиз кексалар, имконияти чекланган, сурункали касалликларга чалинган шахслар, бўлажак оналар ва болаларни патронаж хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш мақсадида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Оилаларда касалликларнинг олдини олиш ва тиббий маданиятни юксалтириш борасида салмоқли ўсишга эришилди. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда нафақат Тошкентда, балки Наманган, Хоразм, Фарғона, Бухоро ва бошқа вилоятларда ҳам юрак бўйича мураккаб операциялар, буйрак, жигар трансплантациялари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Хусусий сектордаги шифохоналар сони давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, хусусий секторнинг тиббиётдаги улушини оширишнинг институционал ва ҳуқуқий механизмлари ҳисобига 5300 дан ошди. Жумладан, ўтган даврда мамлакатимизда Россия, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Жанубий Корея, Исроил мутахассислари билан ҳамкорликда 100 дан ортиқ замонавий хусусий клиника ташкил этилди.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги еттита университет ва уларнинг тўртта филиали, шунингдек, жаҳоннинг етакчи тиббиёт ва илмий марказлари билан ҳамкорликда очилган 22 та халқаро факультет тиббиёт соҳаси учун малакали кадрлар тайёрламоқда. Ўзбекистон фармацевтика саноати ҳам барқарор ривожланяпти. Истеъмолчиларга арзон нархларда сифатли дори-дармонлар етказиб берилмоқда.
Ҳар йили соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган бюджет маблағлари ҳажмининг кўпайиб бориши ислоҳотлар самарадорлигига хизмат қилмоқда. Масалан, 2017 йилда тармоққа 7,1 триллион сўм маблағ йўналтирилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 12,1 триллион сўмга етди, бу ўтган йиллардагига нисбатан 1,6 баробар кўп дегани.
Шундай қилиб, қисқа давр ичида мамлакатимизда эркин бизнес юритиш учун янги иқтисодий муҳит шаклланди. Аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган жиддий силжишлар яққол намоён бўлмоқда. Фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ўсмоқда, фикрлар хилма-хиллиги ва халқ билан мулоқот мустақил Ўзбекистонни изчил ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бу, айниқса, инсон ҳуқуқлари, диний эркинликларни таъминлаш, оммавий ахборот воситалари мавқеини мустаҳкамлаш соҳаларида сезилади. Ушбу жараёнларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, улкан вазифалар ижросини изчиллик билан давом эттириш ва келажак авлод фаровонлиги йўлида амалга ошириш олдимизда турган муҳим вазифадир. Шубҳасиз, бу борада ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган режалар ва белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур салоҳият ва ресурслар етарли. Бизнинг вазифамиз ана шу мавжуд салоҳият ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб кўзланган маррага эришиш ва халқимиз орзу қилганидек юксак тараққий этган янги Ўзбекистонни барпо этишдир.
Бобур БЕКМУРОДОВ,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси