Халқ закосида тобланган, эл нафаси билан яшаган, соддалигида ҳикмат, камтарлигида улуғворлик яширинган донишманд сиймо хонадонига давлат ва жамоат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар, талаба ва ўқувчилар, ижодий ташкилотлар ва кенг жамоатчилик вакиллари тўпланди. У ерда шоир шеърлари билан айтилган Ватан, баҳор, муҳаббат улуғланган куй-қўшиқлар янгради.
2026 йилнинг 20 март куни Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг уй-музейи тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу музей шоир таваллудининг 85 йиллигига муносиб совға бўлди.
Юртимизда Абдулла Ориповнинг номини абадийлаштириш учун кўплаб хайрли ишлар қилинган. Хусусан, Қашқадарё вилоятида шоир номидаги ижод мактаби ва мемориал музей ташкил этилди. Тошкент шаҳрида Адиблар хиёбонида Абдулла Орипов ҳайкали бунёд этилди. Янги Ўзбекистон боғидаги монументда шоирнинг барельефи ҳам ўрнатилди. Абдулла Орипов ҳужжатли ва бадиий фильмлари яратилди. Уларнинг энг юксаги, шубҳасиз, ушбу уй-музейнинг ташкил этилгани бўлди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид тадбирни кириш сўзи билан очгач, шоирнинг миллий шеърият равнақига янги руҳ ва мазмун бахш этган сиймолардан бири эканини, унинг ижодида тил имкониятларидан моҳирона фойдаланиш, шеърий шакл ва ифодадаги изланишлар, энг муҳими, умуминсоний ғоя ва қадриятларнинг теран талқини яққол намоён бўлишини таъкидлади.
— Абдулла Орипов шеъриятида миллий ва умуминсоний ғоялар уйғунлашиб кетган. Унинг асарлари тарих, анъана ва маънавият манбалари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ўқувчига ўзбек халқининг ўзига хос тафаккури, руҳий олами ва маданий меросини теранроқ англаш имконини беради. Шу жиҳатдан, шоир ижоди нафақат адабий ҳодиса, балки ўзбек ҳақли руҳиятини ифода этувчи маънавий кўзгу сифатида ҳам қадрланади, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси. — Адиб яшаган ушбу уйнинг ҳовли марказидан ўрин олган ҳайкали сиймосида унинг ижодни ва адабиётни севиши, ўта нозик дидли инсон экани акс этган. Музейда жам бўлган китоблар, қўлёзмалар, уй жиҳозлари, кийимлар, барча-барчасини кўриб, бир муддат адиб билан юзма-юз бўлгандек, унинг ижодий нафасини ҳис этгандек бўламиз.
Тадбир давомида ижод аҳли ва журналистлар адибнинг уй-музейи билан танишди. У билан замондош бўлганлар илиқ хотираларни ёдга олди. Ижоди ҳақидаги кўплаб маълумотларни тақдим этилди. Шунингдек, мамлакатимизда адабиётга, ижодкорларга берилаётган юксак эътибор, хусусан, халқимизнинг севимли шоири Абдулла Орипов хотирасини абадийлаштириш, унинг улкан адабий меросини келажак авлодга бус-бутунлигича етказиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирилди.
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Ризаев сўзга чиқиб, шоир хотирасини абадийлаштириш, хусусан, Президентимиз томонидан илгари сурилган шоир ва жамоат арбоби ҳақида тўлиқ метражли бадиий фильм яратиш ғояси асосида суратга олинган “Абдулла Орипов” бадиий фильми ҳақида сўзлади.
Шоирнинг турмуш ўртоғи Ҳанифа Мустафоева Абдулла Орипов уй-музейининг ташкил этилишида ҳисса қўшган барчага миннатдорлик билдирди.
Уй-музейда сақланаётган барча экспонатлар ёзувчининг болалик ва ёшлик йиллари, ибратли ҳаёт йўли ва ижоди ҳақида ҳикоя қилади.
Абдулла Орипов қолдирган бебаҳо адабий мерос замонлар ўтса ҳамки ўз аҳамиятини йўқотмаган, ёш авлод маънавиятини юксалтиришда ўрни ва таъсири беқиёс. Адиб уй-музейи эса ушбу улкан хазина билан юзлашиш, ижод уммонидан баҳраманд бўлиш имконини беради.
Азизбек ЮСУПОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири