Аҳолини сифатли, самарали ва хавфсиз фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш, фармацевтика тармоғига илғор илмий-техника ютуқлари ва инновацияларни жорий этиш тиббиёт соҳасини янада тараққий эттиришни ўз олдига мақсад қилган ҳар бир давлат ва жамият олдидаги устувор вазифалардан бири саналади.
Сабаби, ўтган уч йиллик вақт давомида дунё тиббиёт соҳаси учун синов бўлган пандемия даврида кўплаб давлатларда аҳолини ўз вақтида дори-дармон маҳсулотлари билан таъминлаш масаласида бир қатор муаммолар юзага келди. Бундан қилинган хулоса шу бўлдик, тиббиёт соҳасида айниқса тиббиёт буюмлари ва дори воситалари таъминотида бошқа бирор давлатга қармликни қисқа фурсатларда бартараф этиб, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш зарур.
Шу боисдан, мамлакатимизни келгуси беш йилда ривожлантиришга қартилган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробарга ошириш, ички бозорни таъминлаш даражасини 80 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Бунинг учун жорий йилнинг ўзида 80 миллион долларлик 34 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, унга қўшимча тарзда Инвестициялар лойиҳа маркази томонидан тайёрланган яна 18 та истиқболли лойиҳалар Ҳиндистон, Германия, Туркия, Хитой, Жанубий Корея каби давлатлар компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилади. Лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда айланма маблағлар учун 200 миллион доллар кредит ресурслари жалб қилинади.
Шунингдек, вилоятлар кесмида ҳам доривор ўсимликларни етиштиришни кенгайтиришга қартилга бир қатор лойиҳалар амалга оширилади. Бу ҳақда, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 12 апрель куни фармацевтика тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди. Йиғилишда шу борада бошланган ишлар, тармоқдаги лойиҳалар ҳолати танқидий таҳлил қилинди.
Сабаби, бугунги кунда мамлакатимизда йилига 1 миллиард 600 миллион долларлик фармацевтика маҳсулотлари истеъмол қилинса, шундан қарийб 1 миллиард 200 миллион долларлик маҳсулотлар импорт қилинмоқда. Ушбу кўрсаткич, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро ва Фарғона вилоятларида янада паст даражада бўлиб, истеъмол қилинадиган дорининг атиги 2-5 фоизини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ташкил этмоқда.
Юқоридаги каби камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида маҳаллий фармацевтика корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жумладан, ҳозирги кунгача 5 та ваизрлик томонидан тасдиқлаб келинган қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган хом ашёлар рўйхати бундан буён Инвестициялар вазирлиги, Божхона қўмитаси ва Фармацевтика агентлиги томонидан тасдиқланиши белгилаб берилди.
Шу билан бирга, маҳаллий корхоналарнинг GMP сертификатини олиш билан боғлиқ харажатлари Фармацевтика агентлиги томонидан қоплаб берилиши белгилаб қўйилди. Корхоналарни модернизация қилишни молиялаштириш эса тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси иштирокида амалга оширилади. Йил якунига қадар эса, 80 та туман доривор ўсимликларни етиштиришга мослаштирилиб, 7,5 минг гектарда плантациялар ташкил этилади.
Шунингдек, йиғилишда нафақат аҳолимизни маҳаллий тиббиёт буюмлари ва дори воситалари билан таминлаш кўрсаткичини ошириш, шу билан бирга, экспортбоп доривор ўсимликларни етиштиришни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Эндиликда, доривор ўсимликларни етиштирмоқчи бўлганларга кооперация ва оилавий тадбиркорлик учун назарда тутилган барча имтиёз ва молиялаштириш тартиблари татбиқ этилади.
Молия вазирлиги томонидан аҳоли томорқаси учун қудуқ қазишга қўшимча 50 миллиард сўм маблағ ажратилади. 2022 йилда заъфарон плантацияларини камида 5 бараварга кўпайтириш чоралари кўрилади. Доривор ўсимликларни қайта ишлайдиган корхоналар 2025 йил 1 январга қадар ускуна ва эҳтиёт қисмлар, хомашё импортида божхона божидан озод қилинади. Уларга тайёр маҳсулотлар экспорти учун транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади.
Умуман, олганда белгилаб олинган вазифаларнинг соҳага ўз вақтида тадбиқ этилиши, минглаб аҳолимизга ўз саломаликлари учун маҳаллий ва сифатли маҳсулотлардан фойдаланиш имконини бериш билан бир қаторда, уларнинг вақт ва маблағи тежалиши имконини беради. Шу билан бирга, соҳа экспортининг ривожланиши мамлакатимиз иқтисодий барқарорлиги таъминланишида ўзига хос ўринга эга бўлади.
Музафара АБДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати