Давлатимиз раҳбарининг булбулзабон бахшилар маскани Термиздан кейин Қорақалпоғистонда ўтган 2-Халқаро бахшичилик фестивали иштирокчиларига йўллаган табригида қуйидаги сатрлар бор:
“Қорақалпоғистон деганда, аввало, мардларга ватан бўлган, меҳнаткаш ва олижаноб эл яшайдиган бетакрор диёр кўз ўнгимизда намоён бўлади. Бу заминдаги Тупроққалъа, Аёзқалъа, Катта Гулдурсунқалъа, Элликқалъа каби ноёб обидалар қадимий цивилизация ва маданиятнинг тарихий илдизларидан далолат беради. Уларни бир бора кўрган, бепоён кенгликларда бахши ва жировлардан достон ва термалар тинглаган инсон бу диёрга умрбод мафтун бўлиб қолади”.
Бу айни ҳақиқат. Зеро, қорақалпоқлар Евроосиё заминининг қайси кенгликлари – хоҳ у Эдилу Ёйиқ, хоҳ Жайҳуну Сайҳун, хоҳ Дашти Қипчоқ, хоҳ Турону Туркистон ҳудудида умргузаронлик қилмасин, дутор билан қўбизни қўлидан қўймадилар. Бундан етти аср муқаддам Сўппосли Сипира жиров достонларини ҳатто Олтин Ўрда ҳукмдорлари ҳам сеҳрланиб тинглаган. Қорақалпоқларнинг ўн саккизинчи асрдаги Туркистондаги тақдирини буюк Жиян жиров “Пўсқон эл” достонида бағри бирён бўлиб куйлаган. Бу мард халқнинг Орол ва Аму соҳилларига кўчган пайтидаги жасорати Кунхўжа, Ажиниёз, Бердақ, Ўтеш, Умар, Аяпберган, Аббоз, Содиқ шоирлар битган ёзма достонларда ўз ифодасини топди.
Айни чоғда қорақалпоқ фольклори бутун туркий халқлар оғзаки ижодида кенг эътироф этилган жавоҳирлар уммонидир. Бу нафис сўз уммони яна бир улкан қуйма сўз денгизи – ўзбек халқ достончилигидан қувват олади. Зеро ўзбек халқ достонларининг умумий сони 200 дан ошади.
“Алпамыс” (биз ўзбекларда “Алпомиш”, қозоқларда “Алпамыс батыр”, олтойларда “Алып-Манаш", бошқирдларда “Алпамыша и Барсын-Хылууу” қозон татарларида “Алпамша”,) “Қырық қыз”, “Маспатша”, “Едиге”, “Қоблан”, “Шарияр”, “Гороглы” каби қирқдан ортиқ қаҳрамонлик эпоси, ишқий-романтик достонлари қорақалпоқ фольклорининг ноёб жавоҳирларидир. Ўзбекистонда Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоир, Эргаш Жуманбулбул ўғлидан тортиб ўттиздан ортиқ машҳур бахши “Алпомиш”ни куйлаган. Бу буюк достоннинг қирқдан кўпроқ муқобил матни бор. Достоннинг бош ғояси юрт дахлсизлиги, инсоннинг инсонга меҳру муҳаббати, ёвларга қарши нафрат туйғуларидан иборат. Бу ҳиссиётлар Алпомиш, Барчин, Қалдирғоч, Қоражон, Бойбўри, Бойсари, Қултой, Ёдгор, Ултонтоз образлари орқали ифодаланади. Қорақалпоқларнинг қўбиз билан айтилгувчи “Алпамыс” достонида эса Алпомиш, Гулбарчин, Жонтилес, Олтинсоч, Жадигер, Қултой, Тойчихон образлари бор. Шуни таъкидлаш керакки, яқинда босмадан чиққан “Қорақалпоқ фольклори”нинг юз жилдлигига шу достоннинг саккиз варианти киритилди. 7 минг сатрдан иборат биринчи вариантни чимбойлик Ўғуз жиров, яъни Хўжамберген Ниёзовдан атоқли адабиётшунос Қалли Айимбетов ёзиб олган. Достоннинг иккинчи вариантини қўнғиротлик Есемурат жиров Нурабуллаевдан кегайлилик Рамберган Хўжамбергенов ёзиб олган. 15 минг сатрдан иборат учинчи вариантни тўрткўллик Қурбонбой жиров Тожибоевдан шоир ва олим Ортиқ Каримов ёзиб олган. 11 минг сатрли тўртинчи вариантни чимбойлик Қиёс жиров Қайратдиновдан яна ўша Ортиқ Каримов ёзиб олган. Достоннинг бешинчи вариантини халқободлик Карам жиров Нағиймовдан Абдуғани Жамолов, Насриддин Камолов, Қолбой Мамбетназаров, олтинчи вариантини қангликўллик Арзимбет жировдан профессор Қобул Мақсетов, еттинчи вариантини эркиндарёлик Тангриберган жиров Тўрениёзовдан Абдуғани Жамолов, саккизинчи вариантини бундан 120 йил муқаддам тўрткўллик Жийемурат жиров Бекмуҳаммедовдан Абубакир Аҳмаджон ўғли Диваев ёзиб олган. Достонни биринчи бўлиб А.Диваев Туркистон генерал-губернаторлиги босмахонасида чоп эттирган.
Бугунги кунда достонни чимбойлик Қорақалпоғистон халқ жирови Бақберган Сиримбетов маромига етказиб куйламоқда. У бу айтимни отаси, Ўзбекистон халқ ҳофизи Жиқсилиқ Сиримбетовдан, Жақсилиқ оғанинг ўзи эса Қиёс жиров Қайратдиновдан ўрганган. Достоннинг сўзлари ўта халқчил:
Мол ёйганим Бойсун кўлин ёқаси,
Сўзни тинглар йигитларнинг доноси.
Келбатингиз кўрсам шернинг ўзисиз,
Сиз бўлурсиз қайси элнинг боласи?
Ёки:
Хондан келган хон оға,
Бийдан келган бек оға.
Тўнғичингиз қайноға,
Кичигингиз тўқ оға,
Ўртанчангиз тенгдошим,
Увол қилма кўз ёшим!
“Қирққиз” достони қорақалпоқ халқининг тенгсиз маънавий хазинаси. “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Ошиқ Ғариб” ва бошқа қатор достонлардан фарқли ўлароқ, бу достон фақат қорақалпоқ халқ оғзаки ижодига мансубдир. Қорақалпоқ диёрига меҳр қўйган улкан шоир Миртемир 1956 йилда Уйғун домла билан бирга “Қирққиз” достонини маҳорат билан она тилимизга ўгирди. Бу ўринда шу кунларда таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланаётган атоқли адиб ва давлат арбоби Сарвар Азимовни эсга олмаслик мумкин эмас. Айнан у Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлганида қорақалпоқ адабиёти тарғиботига алоҳида эътибор берди. Биринчи бор раис бўлганида унинг топшириғи билан бир неча қорақалпоқ достони ўзбек тилига таржима қилинди. “Қорақалпоқ шеърияти антологияси” чоп этилди. Айнан унинг тавсияси билан буюк қорақалпоқ достончиси Қурбонбой жиров Тожибоевдан 10 дан ортиқ достон ёзиб олинди. Улар орасида “Эр Қўсой”, “Эр Зевар”, “Эр Сайин”, “Ширин ва Шакар”, “Менглихол”, “Бўзжигит”, “Қоншойим”, “Болтакай ботир”, “Жонодил” ва бошқа ажойиб достонлар бор эди. Шахсан шу инсоннинг тавсияси билан ёш олим Қобул Мақсетов Қурбонбой жировдан “Қирққиз” достонини ёзиб олади. Таниқли таржимон Арсений Тарковский достонни рус тилига ўгиради. Қурбонбой жиров 1956 йили Жаҳон ёшлари мусиқа фестивалида иштирок этади. Фестивалга буюк бахши билан бирга ёшгина бола – Отажон Худойшукуров ҳам бориб, табуретка устида туриб илк қўшиғини айтади. Қурбонбой жировдан жами 17 та достон ёзиб олинган.
“Қирққиз” достони сюжети ҳозирги Беруний туманининг Саркўп қалъаси билан боғлиқ. Ёвлар қалъани эгаллаб, унинг ҳокими Оллоёрни асир олади. Оллоёрнинг мардликда ягона қизи Гулойим ўз атрофига саркўплик қирқ суворий қизни тўплаб, душманга қақшаткич зарба беради. Бунда унга хоразмлик ботир Арслон яқиндан ёрдам кўрсатади. Достон жаҳон адабиётида камдан-кам учрайдиган жасур амазонкалар ҳақидаги асардир. Мен ўша қалъа яқинида туғилганман. Уни ўз кўзим билан кўрганман. 1964 йили Эски Кот канали ўзани яқинида янги арна қурилиши муносабати билан қалъа бузиб ташланди. Эски уйимиз қалъа қолдиғидан эллик қадам шарқда жойлашган эди. Ҳозир Саркўп овулимизда йигирмадан ортиқ хонадонда Гулойим исмли момолар, Гулойим исмли жувонлар, Гулойим исмли қизлар бор.
Арслон образи ҳақида гап кетганда 60 дан ошиқ Хоразм халқ достонларини эсламаслик мумкин эмас. Менинг бобом Кенжа Муҳаммад ўғли 25 та, Бола бахши (Қурбонназар Абдуллаев) 20 та Хоразм халқ достонини ёд билган. Отам Бозорбой Қўчқоров илғор пахтачилик бригадаси бошлиғи бўлишига қарамай, “Бозиргон” туркумидан 4 достонни ёд айтар эди. Хоразм достончилигининг энг буюк вакили Ошиқ Ойдин “Хирмондали”, “Ошиқ Нажаб”, “Ошиқ Албанд”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Юсуф ва Аҳмад”, “Ҳурилиқо ва Ҳамро” каби достонларни булбул бўлиб куйлаган. Ошиқ Ойдин яшаган манзилда 1991 йили халқаро бахшичилик беллашуви бўлиб, унда 92 ёшли Бола бахши фарзандлари Норбек, Матёқуб, Етмишбой билан “Хирмондали” достонини куйлаганига ўзим гувоҳ бўлганман. “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достонини овруполик атоқли сайёҳ, олим Вамбери қўнғиротлик Мулла Исҳоқ кўмагида ёзиб олган. Хоразм бахшичилик мактабида Ризо бахши, Суёв бахши, Эрниёз бахши, Эшвой бахши халқ орасида жуда машҳур бўлган:
Эшвой бахши овозали,
Қибла ёнда дарвозали,
Паловлари кўп мазали,
Куйла, Эшвой, тилларингдан.
Нақл қилишларича, хон Эшвойни тадбирга чақирганида Қўшкўпирдаги бир камбағалнинг тўйида ушланиб қолади. Ғазабланган хон уни Кўкминор (Калтаминор)дан ташлашни буюради. Эшвойнинг олтин овозини суйган бутун Хива аҳли Кўкминор атрофига ўз кўрпа-тўшакларини ёйиб чиқади:
Бахшидан айлансин Хива қалъаси,
Тагига тўшалди гилам, палоси,
деган сатрлар бежиз тўқилган эмас. Эшвой бахши биргина “Гўрўғли” туркумидан 16 достонни ёд билган. У яратган куйлар асосида “Урганж Эшвойи”, “Курд Эшвойи”, “Фарғона Эшвойи” каби тароналар бор. Эрнафас бахши, Усмон бахши, Жуманазар бахши, Бекжон бахши, Эрназар бахши, Матназар бахши, Маҳмуд бахшидек юзлаб бахшилар Хоразм достончилигини юксак поғоналарга кўтарган.
Қорақалпоқ жировларидан Шанқай, Жиемурат, Нурабулла, Ерпўлат, Есемурат, Қурбонбой, Ўғуз, Қиёсни тилга олдик. “Эдигей” достонини Есумурат ва Қиёс жировдан кейин Ўзбекистон халқ бахшиси Жумабой Бозоров қойилмақом тарзда куйлади. “Қўблон” достонини нукуслик телпакдўз жиров Шомурат Бекмуратов ижро этди. “Масподшо” достони ижросида Қиёс жиров Қайратдинов пешқадам бўлди. Аммо қорақалпоқ халқ достонларини ижро этувчи бахшилар мактаби ҳам борки, улардан Ғарибниёз, Ақимбет, Муса, Жуман, Эшвой, Бойниёз, Эшчон, Қоражон, Аҳмад, Олтибой, Намозбой (иккаласи туркман тилида куйлашган), Жапақ бахшиларнинг довруғи етти иқлимга таралган.
Буюк шоир Бердақ ва унинг қизи Ҳурлиман қорақалпоқ фольклорининг энг моҳир ижрочилари эдилар. Муса бахши Туримов, Қиёс бахши Қайратдинов, Жапақ бахши Шомуратов, Есжан бахши Қўспўлатов, Кенжабой бахши Тлеумуратов халқ севган бахшилардир.
Ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи ярмида қуйи Амударё ҳудудида Эшвой бахши, Суёв бахши ва Ақимбет бахши энг машҳур сўз усталари бўлишган. Уларнинг ҳар бири ўнлаб ажойиб шогирд тайёрлаган. Бу бетакрор бахшилар ичида Шаббоз элининг беқиёс фарзанди Муса бахши Туримов (1836-1907) алоҳида ажралиб туради. У, биринчидан, улуғ Ақимбет бахшининг кўп сонли издошлари ичида энг ёрқин истеъдодга, хуш овозга, теран мусиқа таълимига эга шогирди эди. Иккинчидан, Муса бахши Хоразм бахшичилик мактабининг отаси ҳисобланган Эшвой бахши меросидан ҳам баракали тарзда баҳраманд бўлган. Учинчидан, у нафақат хоразмликлар, тошҳовузликлар, қорақалпоғистонликлар, балки Бухоро заминида ҳам кенг эътироф этилган Суёв бахшидан кўп нарса ўрганган. Муса бахши Туримов ўзбек, қорақалпоқ, туркман тилларида қўшиқлар, термалар, достонларни моҳирлик билан ижро қилган.
Бердақ Қарғабой ўғли қорақалпоқ ёзма адабиётининг асосчиси бўлиш баробарида буюк бахши ҳам эди. Унинг авлодлари Қоражон бахши ва Ҳурлиман бахши қорақалпоқ бахшичилик санъатида ўз ўринларига эга. Бердақ ажойиб замондоши Муса бахшига катта шеър бағишлаганди. Шеърда:
“Таъриф этсам уни дўстлар,
Одамзоднинг вақтин хушлар,
Қайрилади учган қушлар,
Созин эшитса Мусанинг”, деган қуйма сатрлар бор. Таниқли санъатшунос олима Тожигул Адамбоева ўз монографиясида барча қорақалпоқ бахшилари қаторида Муса Туримов ижрочилик мактабига алоҳида тўхталади. Буюк Бердақнинг юқорида таъкидланган шеъри матнини тўлиқ беради. Китобдан Муса бахшининг тўнғич фарзанди Давлетёр бахшининг сурати ҳам ўрин олган. Давлетёрнинг отаси Муса, Мусанинг отаси Турим, Туримнинг отаси Дўсимқул, Дўсимқулнинг отаси Эсимқул эди. Турим оға Бийбозор, Қаландархонадан ташқари Шўрахоннинг Чибиқли овулида ҳам деҳқончилик қилган. У турмуш ўртоғи Жумабека билан Муса, Дўстберган, Худоёр исмли фарзандларини тарбиялаган. Шаббоз ва Шўрахонда “Сариқ хотин” деб ном чиқарган Жумабека ая тўйларда тиззасига гўдак Мусани ўтқазиб қўйиб, терма айтар экан. Сўз ва созга муҳаббат Муса бахшига она сути билан кирган эди. У етти ёшидан бошлаб “Юсуф Аҳмад”, “Зуҳра ва Тоир”, “Саётхон ва Ҳамро”, “Ҳурилиқо ва Ҳамро” достонларини қулоғига қуйиб олади. 1868 йили ўн тўрт яшар Муса бахши ҳаётида унутилмас воқеа юз беради. У ўз даврининг буюк бахшиси Ақимбетнинг шогирдига айланади. “Етти асрим”, “Бешпарда” деган ажойиб куйларини, “Сен ёрим” ашуласини яратади. Хива хони саройида “Келар саллона-саллона” деган қўшиқ билан шуҳрат қозонади. У ғурур билан “Мен сўзим билан созимни икки соҳилга ҳам баробар манзур қилишим керак!” деган экан. Кейин Муса бахши Бухоройи шарифга бориб, халқ мусиқаси сир-асрорларини ўрганади. Ботирларнинг мардлигини тараннум этган Беруний эли азалдан санъат юртидир. Айниқса, халқ оғзаки ижоди бу ерда жуда оммалашган эди. Кейинчалик Муса бахшининг ишини Намозбой бахши, Олтибой бахши, Жуман бахши, Аҳмад бахши, Абди бахши давом эттирди.
Ўтган асарнинг йигирманчи йиллари охирида ҳозирги Беруний тумани ҳудудида театр труппаси ташкил этилиб, унга Жумак Абдураҳмонов бадиий раҳбар бўлган. Бироз кейинроқ бу вазифани машҳур санъаткор Хўжаниёз гормончи Жуманиёзов ўз зиммасига олади. Труппа таркибида Оллом Бекчонов, Собир Гадониёзов, Юсуф Мадраҳимов, Қадам Қутлиев, Соли Ғафуров, Абдулла Сейитназаров, Мадиёр Йўлдошев, Файзулла Абдуллаев, Йўлдош Обдолов, Ибодулла Оташев, Янгибой Холмуродов, Олтиной Собирова, Ниёзжон Қўчқорова бор эди. О.Собирова кейинчалик Қорақалпоғистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист бўлди.
Айни кунда Беруний туманидаги болалар мусиқа ва санъат мактаби бутун минтақа тарихида халқ оғзаки ижодини моҳирона ижро этиш билан шуҳрат қозонган, бу борада бетакрор мактаб яратиб кетган Муса бахши Туримов номи билан юритилмоқда. У ерда анъанавий ижрочилик, Шарқ ва Ғарб мусиқаси назариясидан аввал ўз бахшичилик ва жировчилик тарихи, шу жумладан, буюк Муса бахши мероси чуқур ўрганилмоқда. 1988 йилнинг 27 мартида таниқли бахши қабрига ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди.
— Янги Ўзбекистонда янги ҳаёт нафаси, Учинчи Ренессанс нишоналари деганимда мен ўзим мансуб бўлган бахшичилик санъатидаги оламшумул ўзгаришларни ҳис қиламан, — дейди Ўзбекистон халқ бахшиси Қайратдин Ўтемуратов. — Беш йил ичида Термиз, Нукус ва Гулистон шаҳарларида 3 марта бахшичилик санъати халқаро фестивали ўтгани тарихий воқеликдир. Бу анжуманлар минг йил давомида халқ достонларини куйлаб ўтган юзлаб бахши ва жировлар руҳини шод қилди. Бир анжуманда ёнимда ўтирган раҳматли Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов: “Бу ишлар етти ухлаб тушимизга кирмаган эди. Не-не устозларимиз қадр кўрмай, олтиндан аъло асарлари ичида қолиб ўтиб кетдилар. Агар Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу ишларнинг бошида турмаганида, мен Қизириқда, сен Кегайлида ному нишонсиз қолиб кетардик. Бундай мамлакатни севмай бўладими?” деб терма тўқиган эди. Ҳозир Абдуназарнинг ҳам, менинг ҳам ўнлаб шогирдларимиз бор. Устозим Кенжабой бахши Тлеумуратовнинг “Шогирдсиз бахши мевасиз дарахтдир”, деганини бот-бот эслаб тураман. Бақберген Сиримбетов, Жонибек Пиязов, Бахтиёр Есемуратов, Зиёда Шарипова, Гулбаҳор Ақимбетованинг халқаро танловлардаги ғалабасидан ўзим ғолиб бўлгандек қувондим. Достонлар элларни, дилларни, тилларни бирлаштиради!
Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими