Ушбу қуёш электр станциянинг умумий қуввати 950 МВт бўлиб, у дунёдаги йирик қуёш энергияларидан ҳисобланади. Унда қуёш технологиялари асосида электр энергияси ишлаб чиқишнинг 3 хил туридан самарали фойдаланиш орқали 24 соат давомида яшил энергия ишлаб чиқарилади.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ушбу йўналишда самарали фаолият олиб бормоқда. Хусусан, бу борада ўтган 3 йил ичида қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича халқаро компаниялар билан ҳамкорликда 10 та битим имзоланди. Ушбу қисқа муддатда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича Президентимиз томонидан 9 та қарор имзоланди.

Тизимли ишлар натижасида, 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида биринчи йирик 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди.

Шу билан бирга, жорий йил 1 чорагида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида иккинчи йирик 100 МВт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилишини режалаштирилган.

«ACWA Power» компанияси Ўзбекистонда умумий қуввати 2 600 МВт бўлган иссиқлик, қуёш ва шамол электр станциялари қуради.

Хусусан, Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган 2 та шамол электр станцияси 2023 йилнинг декабрь ойида ишга туширилади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида 100 МВт қувватга эга шамол электр станцияси қурилади.

Шу билан бирга, компания томонидан Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида қуввати 1 500 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси қуриляпти ва у 2023 йилнинг тўртинчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари юртимизда нафақат қуёш панеллари орқали электр энергияси ишлаб чиқиш, балки қуёш технологиялари асосида электр энергияси ишлаб чиқишнинг барча турларидан самарали фойдаланиш бўйича ўрганишлар олиб борди.

Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдуллажон Отабоевнинг таъкидлашича, ушбу станция эритилган туздан фойдаланган ҳолда, узоқ муддатли энергия сақлаш характерига эга. Шу сабабли станция тунги вақтда ҳам самарали электр энергияси ишлаб чиқаради. Ўрганишлардан кўзланган мақсад ушбу тажрибани босқичма-босқич юртимизда ҳам жорий этиш ҳисобланади.

Маълумот учун, Ўзбекистон энергетика ҳафталиги жорий йилнинг 12-16 февраль кунлари «EXPO 2020 – Дубай» халқаро кўргазмасидаги Ўзбекистон павильонида ташкил этилган.

Унда Энергетика вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Иссиқлик электр станциялари» АЖнинг лойиҳалари тақдимотлари, «В2В» форматдаги учрашув ва музокаралар бўлиб ўтиши кутилади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.