Мамлакатимиздаги бунёдкорлик кўламлари, ишга тушаётган замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, шаҳар ва қишлоқларнинг бугунги қиёфаси, Учинчи Ренесансга мустаҳкам замин яратилаётгани, яқин қўшничилик, очиқ ва манфаатли халқаро ҳамкорлик алоқалари ана шулардан сўзлайди.
Энг муҳими, амалий натижа билан мустаҳкамланган, ўз меваси, ҳосилини бераётган ислоҳотлар одамларнинг қалби, юрагидан жой олди, унинг самараларини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила бугун ўз ҳаётида ҳис этиб турибди.
Ҳазрат Навоий номи билан аталувчи кон-металлургия комбинати юртимизнинг энг гигант корхонаси ҳисобланади. Дунёда ҳам ўз тармоғи бўйича энг етакчи компаниялар сафида туради. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг раҳнамолигида соҳани ривожлантиришга қаратилган муҳим дастур ва пухта ўйланган йирик инвестицион лойиҳалар изчил татбиқ этилаётгани туфайли комбинат сўнгги йилларда тараққиётнинг янги манзиллари сари юзланди.
Яна бир эътиборли томони, корхона бугунги кунда конларни ўзлаштириш, маъдан қазиб олишдан тортиб, тайёр маҳсулот олишгача бўлган яхлит бир тизим асосида фаолият олиб бораётган кон-металлургия соҳасидаги улкан кластерга айланди. Сўнгги йилларда дунёда ўхшаши йўқ илғор технологияларга асосланган замонавий гидрометаллургия заводлари ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқлари барпо этилиши, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар бугунга келиб комбинат имкониятларини янада кенгайтириб юборди. Иш ҳажми, иқтисодий самарадорлик ҳам шунга яраша тубдан ошди. Жумладан, мустақиллик йилларида тоғ жинсларини қазиб олиш 5 бараварга, маъданни қайта ишлаш 3 бараварга, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва ходимлар сони 2 бараварга ошгани жамоа аҳлининг фидокорона меҳнат маҳсулидир.
Ушбу даврда 3- ва 4-гидрометаллургия заводлари, “Мурунтов” конида тик-қияли конвейер, 3-гидрометаллургия заводида дунёда ноёб бўлган сорбциялаш жараёни, чиқиндиларини юқори самарали куйдириш мажмуаси, 2-гидрометаллургия заводида 29- ва 30-тегирмон блоклари ва бошқа муҳим объектлар ишга туширилди.
Шу ўринда жаҳоннинг энг нуфузли таҳлилчи ташкилотларидан бирининг хулосаларига эътиборингизни тортмоқчиман. KITKO аналитик маркази 2020 йилда олтин қазиб олиш бўйича етакчи ўнта кон рўйхатини эълон қилди. Унинг биринчи поғонасини “Мурунтов” кони эгаллаб турибди. Марказ маълумотича, ўтган йили “Мурунтов”да тахминан 56,7 тонна олтин қазиб олинган, унинг ресурс базаси 4 минг тоннадан зиёдни ташкил этади. Бу яқин келажакда ҳам бу макон дунёдаги энг йирик олтин кони сифатида ўз мавқеини сақлаб қолишидан далолат беради.
Ҳақиқатан, шундай, Айтиш мумкинки, кейинги пайтда бу ерда ҳам инновацион технологияларни самарали қўллаш, хусусан дунёда энг узун ҳисобланган маъданни олиб чиқувчи қия конвейрни ишга тушириш ана шундай имкониятларга йўл очяпти. Келажакда очиқ осмон остидаги коннинг чуқурлигини 1 000 метрга етказиш режалаштирилган.
2017 йилнинг 28 марткуни ўн минглаб кишилик жамоамиз тарихига зарҳал битиклар битилган сана сифатида муҳрланган. Шу куни давлатимиз раҳбари Ауминзо-Амантой кони негизида қуриладиган 5-гидрометаллургия заводини бунёд этишга бағишланган маросимда рамзий тугмани босиб, тантанали равишда старт берди.
Президентимиз бу ва бошқа барпо этилалиган янги гидрометаллургия заводлари улкан иқтисодий-ижтимоий аҳамият касб этишини, бу кун мамлакатимиз солномасига зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган тарихий саналар бири бўлиб қолишини, бундай улкан бунёдкорлик ишлари комбинат салоҳиятига тўла мос келишини алоҳида таъкидлаб, уларни амалга оширишда куч-қувват ва муваффаққиятлар тилади.
Имом Бухорий бобомиз келтирган муборак ҳадисда айтилганидек, "Барча амаллар ниятга қараб бўлади". Эзгу ниятлар билан бошланган хайрли ишлар, албатта ижобат топади.
Президентимиз корхоналаримиз аҳлига юксак мақсадларга эришиш, маррани баланд олиш йўлларини ҳам кўрсатиб берди. Ана шу кезда тасдиқланган, 2026 йилгача бўлган даврни қамраб олган дастурга кўра, Навоий кон-металлургия комбинатида 27 та лойиҳа амалга оширилади. Қиймати 3,4 миллиард доллардан зиёд бўлган мазкур лойиҳалар натижасида унинг ишлаб чиқариш қуввати 30 фоизга ортиши, 30 минга яқин янги иш ўрни яратилиши белгиланган.
Унда умумий қиймати қарийб 400 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 5-гидрометаллургия заводини бунёд этиш лойиҳаси муҳим ўрин тутади, Бу ерда йилига 5 миллион тонна маъдан қайта ишланган ҳолда, 3,5 минг кишининг бандлигини таъминланади. Шунингдек, дастурдан Пистали конини ўзлаштириш ва 6-гидрометаллургия заводини қуриш, 2-гидрометаллургия заводи қувватини кенгайтириш, Мурунтов конини ўзлаштиришнинг 5-навбати, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини барпо этиш ва бошқа лойиҳалар ҳам жой олган эди.
Ушбу тарихий воқеа юз бергандан буён орадан тўрт йил ўтди. Табиий равишда савол туғилади: дастур ижросини таъминлаш доирасида қандай ишлар амалга оширилди?
Энг аввало, техник жиҳатдан ўта мураккаб, дунёда муқобили бўлмаган, инновацион ва креатив ечимларни талаб этадиган лойиҳаларни ишга тушириш жараёнлари ишчи, техник ва муҳандисларимиз малака ва салоҳияти юксаклигини амалда исботлаб келмоқда. Улар бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил ҳаракат қилиб, белгиланган вазифаларни муддатидан олдин бажаришга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифаларини яратишга қодирлигини намоён этиб келишяпти.
Негаки, дастур қабул қилингандан буён шу даврга қадар 1,6 миллиард долларлик маблағ ўзлаштирилиб, 10 та муҳим ишлаб чиқариш қуввати муддатидан олдин фойдаланишга топширилди. Пировардида минглаб янги иш ўринлари яратилди, комбинатда олтин ишлаб чиқариш ҳажми 10 фоиз, кумуш —45 фоизга ошди.
Кейинги пайтда илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга интеграциялаш, инновацион лойиҳаларни кенг татбиқ этиш, техник тежамкор ечимларни, ноёб технологияларни амалиётга жорий этиш фаолиятимизнинг таркибий қисмига айланди. Бунинг натижасида нафақат маҳсулот таннархини пасайтиришга, балки юқори самарадорликка ҳам эришилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ресурсларни тежаш, маблағларни иқтисод қилиш имконини беряпти. Мисол учун, 2020 йилда ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархини камайтириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши эвазига улар таннархини 784,5 миллиард сўмга ёки 6,6 фоизга камайтиришга эришилди.
Дастурдан ўрин олганяна бир муҳим лойиҳалардан бири бу — қиймати 247,6 миллион АҚШ долларга тенг бўлган 7-гидрометаллургия заводи. 2020 йилда унинг маъданни қайта ишлашга ихтисослашган 2 та ишлаб чиқариш блоки муддатидан анча барқақт фойдаланишга топширилди. Завод қурилишида қўлланилаётган асосий технологик ускуналар чет элдан сотиб олинмасдан, ўзимизнинг машинасозлик корхонамизда тайёрланиши туфайли 56 миллион долларга яқин маблағ тежаб қолинди.
Мазкур заводнинг ўзига хослиги шундаки, унда таркибида олтин кам бўлган, олдин ишланган ва захирага олинган маъданни энг мураккаб жараёнлар орқали, яъни, кислотали ишқорда яна қайта ишлаб, маҳсулот олинади. Бу жараёнда фақат маҳаллий кимёвий моддалар ишлатилади, бу эса таннархини янада арзонлаштиради. Завод тўла қувват билан ишга туширилгандан сўнг йилига 15 миллион тонна техноген чиқиндиларни қайта ишлаш ва 7,5 тонна қўшимча олтин ишлаб чиқариш, 4 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имкони юзага келади.
Комбинат миқёсида олиб борилаётган яна бир муҳим лойиҳалардан бири — 5-гидрометаллургия заводини барпо этиш ишлари давом этяпти. Бугун бу ер чинаккам ва жўшқин бунёдкорлик майдонига айланган. Унинг йилига 2 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга 1-ишлаб чиқариш блоки муддатидан олдин фойдаланишга топширилди.
Мазкур лойиҳанинг ўзига хос томони шундаки, заводда дунёда ўхшаши бўлмаган мутлақо янги технология, яъни, кислородли-оҳакли оксидлаш асосида олтин ажратиб олиши технологияси қўлланилади. Ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилади ва масофадан бошқарув тизими ўрнатилади. Корхонанинг тўлиқ ишлай бошлаши билан янги иш ўринлари сони 3,5 мингтага етади ва ҳар йили 5 миллион тонна маъдан қайта ишланади.
Давр бошқа тармоқлар қаторида кон-металлургия соҳасида ҳам кенг тафаккур ва чуқур билимга эга ёшлар сафини янада кенгайтиришни талаб этмоқда. Биз бу вазифани ижобий ҳал этиб боряпмиз. Шу боис, комбинатнинг бугунги ютуқларида ёшларнинг ўрни катта бўлмоқда. Жамоанинг ўртача ёши 37 ёшда. Раҳбар ва мутахассислар орасида 30 ёшгача бўлганларнинг улуши 32 фоизга тўғри келади. Комбинат раҳбарияти ҳеч иккиланмасдан йирик завод ва корхоналар бошқарувини иқтидорли, креатив фикрлайдиган, шижоатли ёшларга ишониб топширмоқда.
Бугунги кунда комбинат заводлари орасида 2-гидрометаллургия заводининг ўрни ва улуши беқиёс. Заводда босқичма-босқич инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши унинг қувватини яқин вақтда йилига 50 миллион тоннага етказишни таъминлайди. Ҳозирда фойдаланишга топширилган иккита янги тегирмон блоки юқори самара билан ишламоқда.
Шунингдек, 3-гидрометаллургия заводида сорбциялаш жараёни чиқиндиларини юқори самарали куйдириш технологиясига асосланган янги мажмуанинг ишга туширилиши ҳам корхонамиз солномасидан муносиб жой олди. Ушбу технологиянинг жорий этилиши корхонада хомашёдан олтин ажратиб олиш ҳажмини 8 фоизга, қимматбаҳо металл ишлаб чиқаришни эса 11 фоизга оширди. Пировардида чиқиндига чиқиб кетадиган нодир металл миқдорини икки баравардан кўпроқ камайтиришга эришилди. Мазкур ихтиро БМТнинг Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан олтин медаль билан тақдирланди. Бу технологик жараённи амалга оширишда германиялик мутахассислар ҳам фаол иштирок этди.
Инновация бу келажак дегани. Шу нуқтаи назардан комбинатда бу масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Ҳозирда биз 105 та инновацион лойиҳани ўз ичига олган ривожланиш дастурига эгамиз. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу дастурни амалга ошириш келгусида 1,3 триллион сўмлик иқтисодий самара бериши кутилмоқда. Бу борада республиканинг етакчи илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртлари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Эришилаётган бундай натижалар ва янги қувватларнинг ишга тушиши туфайли ишлаб чиқариш ҳажми тоборо ортиб боряпти. 2020 йилда комбинат томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот қиймати хорижий валюта эквивалентида 4,9 миллиард долларга тенг бўлиб, бу кўрсаткич Навоий вилоятида тайёрланган маҳсулотнинг қарийб 90 фоизини, шунингдек, корхонанинг маҳсулот қиймати республикада ишлаб чиқарилган ялпи ички маҳсулотнинг 8,5 фоизи, саноат маҳсулотларининг 13,4 фоизини ташкил этади.
Комбинат мамлакатнинг энг йирик солиқ тўловчиси ҳисобланади. Ўтган 2020 йилда 31,2 триллион сўм миқдорида солиқ тўловлари амалга оширилиб, давлат бюджети даромадининг 23,4 фоизини таъминлагани бунинг амалий далили.
Бундан ташқари, корхона фаолиятига илм-фан ютуқлари, инновация ва ишлаб чиқаришни бир-бирига интеграциялаш, сарф-харажатларни қисқартириш, маҳсулот таннархини арзонлаштириш ва тежамкорлик каби муҳим сифатлар кенг татбиқ этилаётгани юқори даромад олишга имкон яратмоқда. Хусусан, ўтган 2020 йилни 10,2 триллион сўм соф фойда билан якунлаб, маҳсулот ишлаб чиқариш рентабеллиги 41,9 фоизни ташкил этди. Қўшимча 2,3 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилгани эса, ҳеч шубҳасиз, жамоамизнинг улкан салоҳиятини яна бир карра намоён этди.
Комбинат ютуқларида маҳаллийлаштириш дастурининг ижроси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки, НКМК бу борада республиканинг энг йирик локомотив корхоналаридан бири ҳисобланади. Айни пайтда валюта маблағларини иқтисод қилиш мақсадида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш асосий ўрин тутади.
Комбинат ташаббуси билан корхонанинг маҳаллийлаштириш бўйича асосий бўлинмаси — Навоий машинасозлик заводида кўпроқ йирик ва технологик мураккаб ускуналарни ишлаб чиқаришга эътибор қаратиш мақсадида, завод қувватларини бўшатиш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш учун “шатакка олиш” механизми амалиётга жорий этилди. Бунда асбоб-ускуна ва ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришни технологик ва муҳандислик йўналишларида кўмаклашган ҳолда, маҳаллий корхоналарга қисман ўтказиш кўзда тутилган.
Сўнгги йилларда маҳаллий корхоналар билан тасдиқланган “йўл хариталари” асосида комбинат эҳтиёжлари учун ўнлаб янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ўзлаштирилди. Бу комбинатга валюта маблағларини иқтисод қилишда қўл келяпти.
Яна шуни мамнуният билан таъкидлаш керакки, 2020 йилда комбинатда 138 та лойиҳа бўйича 352,3 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга муваффақ бўлинди. Бунда комбинатнинг асосий фаолияти учун зарур бўлган ўнлаб маҳсулотлар, Инвестиция дастурини амалга ошириш учун ностандарт технологик жиҳатдан мураккаб ускуналар ўзлаштирилишининг ҳиссаси катта бўлди. Ўтган йили биргина импорт ўрнини босувчи140 куб метрли шарли тегирмоннинг Навоий машинасозлик заводида тайёрланиши 2,5 миллион долларлик валюта маблағлари иқтисод қилинди.
Республикамизда Электрон кооперация портали ишга тушганидан буён комбинат томонидан жами 3,7 триллион сўмлик 6740 та шартнома тузилган бўлиб, шундан бугунги кунга қадар 3 триллион сўмлик 5970 та шартнома ижроси таъминланди. Қувонарлиси, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация алоқалари йилдан-йилга тобора кенгайиб бормоқда. Комбинат кооперацион географияси юртимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган. Шу пайтга қадар портал орқали 500 га яқин корхона билан шартномалар тузилди. Комбинат мутахассислари уларга маҳсулотларни ўзлаштиришда ҳар томонлама кўмак бериб келмоқда.
Жорий йилнинг 22-24 апрель кунлари НКМКда янгича форматда республика тармоқлараро кооперация саноат ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг 645 та етакчи ишлаб чиқариш корхонаси, 60 та соҳавий, 585 тадан ортиқ тадбиркорлик субъектлари 1,4 минг турдан ортиқ импорт ўрнини босувчи янги турдаги маҳсулотлари билан иштирок этди. Пировардида кон-металлургия, энергетика, кимё, қурилиш ва бошқа соҳалар бўйича корхоналар ўртасида қиймати 376 миллиард сўм бўлган 996 та шартнома, тармоқлараро 268 та меморандум имзолашга эришилди. Комбинатнинг ўзи 117 та шартнома бўйича қиймати 225,7 миллиард сўмлик келишувларга эришди.
2021 йилги марраларимиз янада улкан. Комбинат бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 54 триллион сўмга етказиш, Инвестиция дастури доирасида 651 миллион долларлик капитал қўйилмаларни ўзлаштириш, жумладан, “Уюмда эритмага ўтказиш цехи техноген чиқиндиларини қайта ишлаш мажмуасини қуриш” лойиҳаси бўйича 7-гидрометаллургия заводини тўла фойдаланишга топшириш, “Ауминзо-Амантой” маъданли майдонида олтин маъданларини қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуасини қуриш” лойиҳаси бўйича янги тегирмон блокларини ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқлари қувватларини кенгайтириш ҳисобига минглаб янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Жорий йилда комбинатнинг соф фойдаси 10 381 миллиард сўм, давлат бюджетига тўловлар ҳажми 32 триллион сўм миқдорида бўлиши кутилмоқда.
Маҳсулот турлари ва уни экспорт қилиш географиясини кенгайтириш бўйича юксак марралар белгилаб олинган. Маҳаллийлаштириш дастурига асосан эса, 154 та лойиҳа доирасида 433 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш мўлжалланган. Шундан 71 таси янги лойиҳа ҳисобланади. Ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш чора-тадбирларининг амалга оширилиши натижасида 1 триллион 52,8 миллиард сўм миқдоридаги маблағни тежаш кўзда тутилган.
Тўғриси, бундан тўрт йил олдин Президентимиз олдимизга ўта юксак ва залворли вазифаларни қўйганида, кўнглимизда уларни бажара олар эканимизми, деган ҳадик ва хавотир бор эди. Мамлакатимиз кон-металлургия соҳасидаги ишларнинг оқилона ташкил этилиши, ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши туфайли ҳаммасини босқичма-босқич уддалашга эришдик. 2020 йилда Ўзбекистонда 101,6 тонна олтин қазиб олинди. Яъни мамлакатимиз биринчи марта 100 тонналик маррани забт этди.
Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Олмалиқ конларида, Қурама тоғларида ўтказилган экспедициялар натижасида янги захиралар тасдиқланмоқда. Бундай экспедициялар Навоий вилоятида ҳам ўтказиляпти ва биздаги захиралар бўйича ҳам янги маълумотлар кўпайиб боряпти. Демак, тез орада Ўзбекистон йилига 150 тонна олтин қазиб олувчи мамлакатга айланади.
Чунки, тармоқ тараққиётининг истиқболи ана шундай ойдин ва кўламдор. Яқин 5 йилда кон-металлургия саноати соҳасида амалга оширилаётган барча лойиҳалар ҳисобидан маъданни қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажми мамлакатимиз бўйича йиллик 130 миллион тоннадан 300 миллион тоннага ортади.
Биз, энг улуғ, энг азиз айёмимиз Мустақиллик кунини ана шундай ютуқлар ва келгусининг залворли режаларини бажаришга белни маҳкам боғлаган ҳолда кутиб оляпмиз. Албатта, юксак ишончни фидокорона меҳнатимиз билан оқлаб, янги Ўзбекистон иқтисодиётини мустаҳкамлашга, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида матонат билан хизмат қилиб, зиммамиздаги шарафли вазифаларни сидқидилдан ва оқилона уддалашда давом этамиз.
Қувондиқ САНАҚУЛОВ,
Навоий кон-металлургия комбинати
бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони