Оламни ҳайратлантирган ҳамжиҳатлик

Ана шу тарихий илдизлардан куч олган Ўзбекистон дунё билан бўйлашмоқда. Биласизми, Ўзбекистон дастлаб ён қўшниларга қучоқ очди, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйди. Гапни битта қилди. Азалий дўстлик, яъни Марказий Осиё бир бутун, яхлит маконга айланди.

Бу бирлик ва ҳамжиҳатлик бутун дунёни ҳайратлантирди. Дўстликнинг кучи, қудрати нима экани дунёга сезилди. Ҳақиқатан минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик, оғизбирчилик улкан муваффақиятларга йўл очди. Ушбу йўл орқали дунё Ўзбекис­тонга оқиб келмоқда. Бу йўл Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммитига замин яратди.

Эътибор беринг: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигидаги саммитда Европа кенгаши Президенти Антониу ­Кошта, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Респуб­ликаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этиб, “Келажакка сармоя киритиш” шиори остида қатор масалаларни муҳокама ­қилади. Ҳатто Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Европа инвестиция банки раҳбарлари ҳам Самарқандда.

Энди савол туғилади: саммитда қандай масалалар кўриб чиқилади ва мулоқот учун нега айнан Ўзбекистон, Самарқанд танланди?

Аввало, Самарқанд ўзининг азалий мавқеи, имижини тиклаганини айтиш жоиз. Энг хавфсиз ва жозибали ҳудуд сифатида дунё нигоҳини ўзига қаратмоқда. Бу қадимий шаҳар азалдан савдо, фан ва дипломатия маркази бўлиб келган. ­Маданиятлар ва халқларни бирлаштиришга хизмат қилган. Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун энг қулай мулоқот майдонидир.

Саммитда, биринчи навбатда, Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар ҳамда амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига эътибор қаратилади. Инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, товар айирбошлашни кўпайтириш, инновациялар, “яшил” энергетика, тоғ-кон, қиш­лоқ хўжалиги, транспорт-­логистика ва ­рақамлаштириш соҳаларида қўшма дастур ва кооперация лойиҳалари илгари сурилади. Қолаверса, маданият, туризм, фан, таълим ва бошқа устувор йўналишларда фаол фикр алмашинувлар ташкил этилади.

Марказий Осиё давлатлари етакчилари ва ­Европа Иттифоқининг асосий институтлари раҳбарлари Самарқанд халқаро иқлим форумининг ялпи мажлисида ҳам иштирок этади. Демак, халқаро анжуман бу фақат саммит билан боғлиқ эмас, балки Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги боғлиқликни янада мустаҳкамлаш ва чуқур тарихий илдизлар, умумий манфаатлар ва яқин ҳамкорликка объектив интилиш билан чамбарчас боғлиқ. Саммитнинг формати ноёб экани билан муҳим аҳамият касб этади. Яъни иқтисодиёт ва инвестициялар, барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва рақамли трансформация муҳокама марказида бўлади.

Жаҳон транспорт занжирининг муҳим бўғини

Келинг, энди Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларга қисқача тўхталиб ўтсак. Бунинг учун охирги етти йилга назар ташлаймиз. Шу йиллар давомида Марказий Осиё давлатларининг ЕИ билан товар айирбошлаш ҳаж­ми тўрт баробар ўсиб, 54 миллиард еврога етди. Ўзбекистон бу жараённинг энг етакчи иштирокчиси сифатида Европа бизнесининг Марказий Осиёга қизиқиши ошишига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Бугун дунё қалқиб турибди. Иқлим ўзгариши, глобал исиш, қурғоқчилик, чўлланиш, сув танқислиги, табиатдаги мувозанат бузилиши, саноатнинг жадал ривожланиши орқали атмосферага чиқиндилар ҳаддан ташқари кўп чиқарилиши каби муаммолар айни дам инсониятни чуқур ўйлантирмоқда. Мазкур муаммолар ЕИ ва Марказий Осиёни фаол ҳамкорликка чорламоқда. Бу бирлашув ва шерикликка эҳтиёж ниҳоятда катта.

Чунки глобал ўзгаришлар ва иқлим муаммолари шароитида Европа Иттифоқи билан барқарор шерикликни янада кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари ва “яшил” энергетикани ривож­лантириш асосий йўналишлардан биридир. Бу ЕИ учун ҳам жуда манфаатли. Шу боис, Ўзбекистон келгуси беш йилда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказишни мақсад қилиб қўйгани ҳам бежиз эмас.

Эътиборли жиҳати шундаки, бугун Европа ­Иттифоқига аъзо 27 давлатда 500 миллиондан ортиқ одам истиқомат қилади. Минтақанинг номинал ялпи ички маҳсулоти 19 триллион евродан ошади. Сотиб олиш паритетига кўра, 26 триллион еврога тенг. Дунёдаги энг йирик бозор.

У нафақат иқтисодий қудрат, балки ҳуқуқий, технократ ва экологик стандартларни белгилайдиган глобал платформа сифатида ҳам тан олинган. Демак, Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга интилаётгани, қўл бераётгани шунчаки учрашув ёки саммитни ўтказиш эмас, балки иқтисодий заруратдир. Бунда тенг ҳуқуқли шериклик ҳукм суради ва саммитда ана шу жиҳатларга катта эътибор қаратилади.

Ушбу учрашув минтақамиз ва Европа ­Иттифоқи ўртасида ҳамкорлик ҳамда ўзаро ­боғлиқликни ривожлантиришда янги имкониятлар эшигини очади. Марказий Осиё жаҳон транспорт занжирининг муҳим бўғинига айланади.

Саммитнинг айнан Самарқандда ўтказилиши ҳақида фикр юритсак, у Ўзбекистоннинг хал­қаро имижи ва нуфузи ошишига хизмат қилишини таъкидлаш жоиз. Анжуманга мезбонлик Ўзбекис­тоннинг минтақадаги етакчи давлат сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди. Қолаверса, мамлакатимиз ташқи сиёсатининг очиқ, прагматик ва мулоқотга тайёр экани олдинга қўйилган мақсадларга эришишда муҳим омилдир. Бошқа жиҳатдан қараганда, саммит Ўзбекистон учун муҳим сиёсий воқеа бўлибгина қолмай, амалий имкониятлар манбаи сифатида ҳам катта аҳамият касб этади.

Самарқандда ўтаётган “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити халқаро муносабатлар тизимида муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда. У нафақат икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлайди, балки минтақавий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва сиёсий ҳамкорлик учун кенг имкониятлар эшигини очади.

Осиё бозорларига йўл очувчи муҳим кўприк

Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг стратегик жойлашуви ҳам Европа Иттифоқи учун Осиё бозорларига йўл очувчи муҳим кўприкдир. Қолаверса, сўнгги саккиз йилда Ўзбекистон фақат ресурс етказиб берувчи эмас, балки интеллектуал ва иқтисодий шерик бўлишга тайёр давлат сифатида ривожланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Самарқанд саммити Ўзбекистон ва минтақада атроф-муҳитни асраш ҳамда “яшил” лойиҳаларни кенгайтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Орол муаммоси, сув ресурсларини бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашув каби масалаларда Европа тажрибаси ва маблағларига Ўзбекистонда эҳтиёж бор. Бундай сармоялар киритилиши ҳам бежиз эмас. “Яшил” энергетика Европа Иттифоқи учун устувор йўналишдир.

Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликнинг меъёрий-ҳуқуқий базаси йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Эътиборлиси, Брюссель сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг бешта давлати билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаяпти. Бугунгача Қозоғис­тон, Қирғизистон ва Туркманис­тон Европа Иттифоқи билан бундай шартномаларни имзолади. Тожикистон ва Ўзбекистон мазкур ҳужжатни имзолаш арафасида турибди. Бундан Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё минтақаси ўртасидаги алоқалар ҳуқуқий мақомга эга экани кўринади. Бунда тенг ҳуқуқли ҳамкорлик амалий натижаси акс этиб турибди.

Самарқанд саммити Ўзбекистоннинг фақат ­дипломатик ютуғи эмас. У иқтисодий, ижтимоий ва экология соҳаларида ҳам ривожланиш драйверига айланади. Албатта, мамлакатимизнинг ­Европа билан алоқалари ҳар томонлама янги босқичга кўтарилиши халқаро миқёсдаги нуфузига ижобий таъсир ўтказади. Ўзбекистонни дунё танийди, тан олади. Ишбилармонларнинг кенг ҳудуд бўйлаб, иқтисодий йўналишдаги бизнесини очиқ ва эркин амалга ошириши учун имконият туғилади.

Масалан, 2024 йилда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги товар айирбош­лаш қиймати 6,4 миллиард долларга етгани ҳам қувонарли натижа. Ёки 2023 йилга нисбатан бу кўрсаткич 5,2 фоиз кўпайгани Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётганини тасдиқлаб турибди. Европа капитали иштирокида мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Инвестиция лойиҳалари қиймати эса 30 мил­лиард еврони ташкил этмоқда.

Бу иқтисодий салоҳиятимизни юксалтириш билан бирга, мустақил ва суверен давлат сифатида обрў-эътиборимизни ҳам оширади. Халқимизнинг ўз юрти, ватани тенглар ичра тенг, ўз сўзи ҳамда ўз овозига эга давлат эканидан ғурурланишига имконият яратади. Бугун Ўзбекистон тўй оғушида, дунёдан тўёналар келаётгандек. Бугун Ўзбекистон дунёни бир нуқтада бирлаштираётгандек кўринмоқда. Бу нуқта энг нурли ва истиқболли маскан янги Ўзбекистондир! Халқаро анжуман эса унинг истиқболи порлоқ эканидан далолат бериб турибди.

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси