«Узлуксиз маънавий тарбия Концепцияси»да белгиланганидек, узлуксиз маънавий тарбия бу жуда катта ижтимоий жараён ҳисобланади. Бугун тобора шиддат билан ўзгараётган дунёда ёшларни ижтимоий ҳаётга тайёрлашда масъулият, мажбурият, маънавият, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, маърифатлилик, бағрикенглик, каби фазилатларни шакллантириш кун тартибидаги асосий масалаларга айланиб бормоқда. Ёшлар тарбиясида дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва мафкуравий жараёнларга тўғри баҳо бера олмаслик, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда тўғри қарор қабул қилиш, ҳаётда ўз ўрнини топиш билан боғлиқ бўлган аниқ мақсадларнинг шакллантира олмаслик каби муаммолар ҳам мавжуд. Булар ўз навбатида, оила-жамият ўртасидаги муносабатларнинг узилиб қолиши, лоқайдлик, ҳуқуқбузарлик, «оммавий маданият»нинг турли кўринишларини осонликча қабул қилиниши тубан маънавий иллатлар гирдобига гирифтор этаётир.
Айнан мамлакатдаги таълим - тарбия тизими миллий ғоя ва мафкура ғояларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим омил ҳисобланади. Негаки, ёш авлод айнан таълим муассасаларида тўпланган ижтимоий-маънавий, маърифий тажрибага бой миллий тамойилларни илмий ва тарбиявий асосда таълим тизимида ўзлаштириб олади. Аслида ҳам, маънавиятни таълим-тарбиясиз инсонга етказиш, қарор топтиришнинг имкони йўқ. Таълим ва тарбияни уйғунликда олиб бориш иқтисодий, ижтимоий ва маънавий юксалишга олиб келади.
Ўрганилган тажрибалардан таҳлил қиладиган бўлсак, педагоглар гуруҳдаги ҳар бир болага ҳурмат асосида ёндашиб, болаларни психологик жиҳатларни пухта ўрганиш асосида фаолиятларини амалга оширса, ҳар қандай болани таълимга бўлган муносабатига меҳрини оширишга хизмат қилади. Болалар бошқалар уларнинг ҳар бирини қабул қилишлари ва ҳурмат қилишларини кўрганларида ҳамда сезганларида ўзларини қулай ҳис қиладилар ва эркин тутадилар, шу билан бирга ўзларининг шахсий қизиқишларини фаол фикрлаш асосида амалга оширадилар.
Эътиборли ва қувонарли томони шундаки, Концепцияда дунёнинг педагогик тажрибаси ва ютуқлари мужассамлашган. Жумладан, Европа Иттифоқининг тарбиявий тавсиялари, АҚШ тажрибасидаги шахс эркинлиги, тадбиркорлик, муваффақиятга эришишга интилиш, Жанубий Кореядаги ёшлар онгига урф-одатлар, ахлоқий идеалларни сингдириш, Япониянинг «характерни шакллантиришга йўналтирилган таълим», Хитойнинг яхшилик, тўғрилик, поклик, донолик ва ишончлилик каби фазилатларини тарбиялашга қаратилган педагогик тажрибалари ўрганилган.
Шу ўринда, тарбия қанча эрта бошланса самараси шунча юқори бўлади. Шуни инобатга олиб ахлоқий тарбияни узлуксиз таълим тизимнинг биринчи бўғини бўлган мактабгача таълим ташкилотларида бошлаш ва самарали ташкил этиш муҳимдир. Демак, оиладаги фарзандлар тарбияси – оила ва кундалик турмушда мавжуд бўлган оилавий бурч, ҳурмат, садоқат, ор – номус каби анъаналарни авлоддан – авлодга ўтказиш асосида узлуксизлик, тизимлилик билан ифодаланади. Мактабгача ёшдаги даврнинг аҳамияти умуман бола шахсини ривожлантириш учун бебаҳодир. Шахснинг барча муҳим хусусиятлари, мойилликлари ва қобилиятлари аниқ мактабгача ёшда шаклланади.
Концепцияда тарбияга янгича, тизимли ёндашув, таянч фазилатларни кафолатли лойиҳалаштириш ва ўргатишда оила, мактабгача таълим муассасаси ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик имкониятларини тўлиқ ишлатиш ва улар орасида илмий-методик ҳамкорликни янги даражага кўтариш масаласи режалаштирилган. Мазкур Концепцияда ёшларга таълим беришда ҳуқуқий педагогик имкониятларга алоҳида эътибор қаратилган. Юртбошимиз таъбири билан айтганда: «Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади», деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга мисли кўрилмаган эътибор қаратилмоқда. Илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг, айниқса, қизларимизнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш борасида ҳам кўп ишлар қилинмоқда».
Бугунги кунда янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон манфаатлари устунлигини таъминлаш, жамиятда хотин-қизлар мавқейини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини устувор қадриятлардан бири сифатида ҳимоя қилишга асосий эътибор қаратилган. Эътиборли томони кейинги уч йилда ҳуқуқий тенгликни таъминлашнинг қонунчилик ва институционал негизини мустаҳкамлаш йўлида муҳим чоралар кўрилди. Айниқса, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига қаратилган қарийб 20 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан 2 та қонун, 1 та Президент қарори, 4 та Президент Фармони, 13 та Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
Мамлакатимизда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни яратиш орқали жамиятимизда тинчлик ва иқтисодий барқарорликни сақлашнинг омиллари яратилмоқда. Ана шундан келиб чиққан ҳолда «2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқий тенгликка эришиш стратегияси» лойиҳаси тайёрланиб, давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик кенг қулоч ёймоқда!
Мазкур стратегиядаги кўзда тутилган барча йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Зеро, мамлакатимизнинг тараққий этиши, халқимизни фаровон ҳаёт кечиришида ёшларнинг билими, дунёқараши ва тарбияси алоҳида ўрин тутади. Фарзандларимизни қандай тарбиялашимиз, уларда индивидуал ва жинс хусусиятларини инобатга олган ҳолда қандай шахсий фазилатларни ривожлантиришимиз бевосита уларнинг келажакда қандай аёл ва эркак бўлишига, фарзандлари учун қандай ота-она бўлишига боғлиқ.
Хулоса қилиб айтганда, ёшларимиз, фарзандларимиз онги, тафаккурини ёт ва зарарли таъсирлардан ҳимоялаш, ички дунёсини комиллик сари йўналтириш орқали бўшлиқларни тўлдириш бугуннинг долзарб масалаларидан биридир.
Дилдора НУРАЛИЕВА,
Фарғона имконияти чекланган шахслар учун
ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаби ўқитувчиси