Париж татамиларида бўлиб ўтган йилнинг илк “Катта Дубулға” мусобақасида беш нафар дзюдочимиз медаллар ҳамда рейтинг очколари учун баҳс олиб боришди.
Туризм ва спорт вазирлиги хабарига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари йилнинг дастлабки йирик мусобақасини 3 та бронза медали билан якунлади.
Дастлаб, -81 кг вазн тоифасидаги дзюдочимиз Шарофиддин Болтабоев Париж “Катта Дубулға” турнири совриндорига айланди. Қорақалпоқ ўғлони бронза медали учун кечган беллашувда канадалик Франсис Гаутиерга қарши татамига чиқди ва рақибини қўшимча бўлимда мағлубиятга учратди.
-90 кг вазн тоифасидаги дзюдочимиз Давлат Бобонов курашсиз мусобақанинг бронза медалини қўлга киритди. Токио Олимпиадаси бронза медали совриндорининг рақиби грузиялик Бека Гриниашвили ярим финалда хансоке баҳоси (жазо) олгани сабабли татамига чиқмади. Натижада автоматик равишда ғалаба Бобоновга тақдим этилди.
Шундан сўнг, -100 кг вазн тоифасидаги дзюдочимиз Музаффарбек Тўрабоев бронза медали учун кечган беллашувда нидерландиялик тажрибали рақиб Михаел Коррелни иппон баҳоси эвазига мағлубиятга учратди ва терма жамоамиз ҳисобига учинчи медални келтирди.