Олимлар фикрича, рақамлаштириш мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат сектори ривожига катта ёрдам беради. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётимиз локомотивига айланиб бораётгани, соҳага илм-фан ютуқлари кенг жорий этилаётгани алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, автоматик суғориш тизимини қўллашда деҳқонлар учун турли имтиёзлар мавжуд. Шу орқали исрофгарчилик камайиб, сувдан фойдаланиш оптималлашади ва инсон омили аралашуви камаяди. Ушбу тизимни қўллаш учун катта маблағ талаб қилинса-да, умумий фойда салмоқли ва узоқ муддатли бўлади, иқтисодий самарадорлик сезиларли ошади.

Таҳлилларга қараганда, мавсум давомида (қисқа муддатда) қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи 40 дан ортиқ турли ечимни қабул қилишга тўғри келади. Уларнинг аксарияти рақамлаштириш объекти ҳисобланиб, бевосита ишлаб чиқариш самарадорлигига таъсир кўрсатади. Ҳисобкитобга кўра, экиш, етиштириш, сақлаш ва ташишда ҳосилнинг 33 фоизи йўқотилмоқда.

Шундай шароитда ер, сув, моддий-техник ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминловчи “ақлли” қишлоқ хўжалиги технологиялари муҳим аҳамият касб этади. Қишлоқ хўжалиги ривожланган АҚШ, Германия ва Европадаги фермер хўжаликларининг тахминан 70 фоизи аграр соҳада замонавий “ақлли” технологиялардан фойдаланмоқда. Жумладан, Нидерландияда ҳам рақамли технологиялар кенг қўлланади.

Қишлоқ хўжалигининг турли босқичида роботлардан, шунингдек, турли жараёнларни бошқаришда ёрдам берадиган интернет технологияларидан фойдаланилади. Корея Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бутун мамлакат бўйлаб “ақлли” фермер хўжаликларини ривожлантиришга маблағ ажратиш бўйича кенг қамровли саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Ушбу давлатнинг қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш тажрибасидан энди тараққий этаётган мамлакатларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва инновацион аграр тизимни шакллантиришда фойдаланиш мумкин.

Ҳиндистонда фермерларнинг билими ва малакасини оширишга, хусусан, уларга обҳаво, маҳсулот нархи, экинларни етиштириш учун энг яхши технологиялар ва бошқалар тўғрисида маълумот берадиган мобиль иловаларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳар бир ҳудудда қишлоқ хўжалиги бўйича инновацион ва илмий марказлар ташкил этилган.

Ҳукуматимиз соҳани рақамлаштириш ва илғор инновацияларга асосланган ҳолда ривожлантиришга катта аҳамият бермоқда. Жумладан, агросаноат мажмуасида технологик ютуқни таъминлаш ва рақамли қишлоқ хўжалиги корхоналарида маҳсулдорликни оширишга эришиш учун рақамли технологиялар ҳамда платформали ечимларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигини рақамли трансформация қилишга эришилмоқда. Аграр соҳанинг рақамли трансформацияси мутахассислардан замонавий билимларга эга бўлиш баробарида, уларга ёрдам берадиган янги, ноодатий ечимларни талаб қилади.

Ҳиндистонлик мутахассислар билан ҳамкорликда “Ўсимликлар ҳимояси ва автоматик суғориш тизимига асосланган тупроқлар мониторингида илғор рақамли технологиялардан фойдаланиш” мавзусида олиб бораётган халқаро илмий лойиҳамиз шу мақсадга эришишга хизмат қилади. Лойиҳанинг мақсади деҳқон ва фермер хўжаликлари учун автоматик суғориш тизимида тупроқ хусусиятларини таҳлил қилиш ҳамда ўсимликларни ҳимоялашда интернет технологияларига асосланган мобиль дастурни ишлаб чиқиш ва жорий этишдан иборат.

Филиалимиз олимлари лойиҳа устида ишлаш жараёнида зарур маълумотларни тўплади. Тупроқ таркиби, ишланмани катта майдонларда қўллаш усуллари, шунингдек, автоматик суғориш тизимини лаборатория шароитида ўрганиб, синовдан ўтказди. Ҳозир тадқиқотлар Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалининг ахборот-маслаҳат маркази тажриба майдонларида помидор ҳамда картошкада синовдан ўтказилмоқда ва дастурнинг алгоритми ишлаб чиқилмоқда. Ўтган йили лойиҳа иштирокчилари Ҳиндистонда малака оширган эди.

Бу йил 21-25 октябрь кунлари соҳадаги янгиликлар билан танишиш ҳамда тажриба алмашиш учун Жанубий Кореяда бўлди. Бу ердаги “Ақлли” қишлоқ хўжалиги водийсига сафар жуда самарали ўтди. Мазкур водий ёш фермерларни қўллаб-қувватлаш, ижарага бериладиган “ақлли” фермер хўжаликларини ҳамда келажакда қишлоқ хўжалиги технологияларини тадқиқ қилиш мақсадида мамлакатнинг тўртта шаҳрида ташкил этилган. Бунда ёш фермерларга “ақлли” фермер хўжалиги бўйича таълим  хизматлари кўрсатиш, энг фаол стажёрларни ижарага бериладиган “ақлли” фермер хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини бошлашга тайёрлаш режалаштирилган.

Шунингдек, “ақлли” қишлоқ хўжалиги технологиясини қўллабқувватлайдиган, бундай хўжаликларга оид маълумотларни тўплайдиган ва ундан йирик фермер хўжаликларини шакллантириш учун фойдаланиладиган каттагина маълумотлар базаси мавжуд. Бир вақтда 18-40 ёш оралиғидаги 52 нафар истиқболли ёш фермер қулупнай ва помидорга оид назарий, амалий ҳамда бошқарув амалиёти бўйича жами 20 ой таълим олади.

Бу водий қишлоқ хўжалиги ва озиқовқат соҳаси учун кадрлар тайёрлаш институти томонидан бошқарилади. Ижарага бериладиган “ақлли” фермада ёш фермерлар ҳар бири 3 кишидан иборат жамоага бирлашиши ва 30 нафаргача киши 10 та майдонни ижарага олиб, деҳқончилик қилиши мумкин. Ёш фермерлар 1 йил давомида муваффақиятли фаолият юритгач, уларга мустақил бизнес бошлаши учун 1 миллион АҚШ долларигача бўлган қийматда 1-1,5 фоизли банк кредити 10 йил муддатга берилади.

Ушбу имтиёз фермерликни бошлаш учун яхши қўллаб-қувватлов ҳисобланади. Бу амалиёт “ақлли” қишлоқ хўжалиги учун ёш фермерларни тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган. Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Жанубий Кореяда ёш фермерларни ўқитиш даври кўпроқ. Инновацион хўжаликнинг асосий жиҳати — барча жараён иссиқхоналарда сабзавот кўчатларини етиштириш ҳам смартфон ёки интернет технологиялари орқали бошқарилади ҳамда доимий назорат қилинади.

Мазкур технологияларни келгусида юртимиз шароитида трансформация қилиш, бу борада малакали кадрлар тайёрлашда илғорлар тажрибасини қўллаш аграр соҳа олий таълим муассасалари учун муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб соҳага хорижий етакчи олий таълим муассасалари тажрибасига таянган ҳолда “ақлли” қишлоқ хўжалиги бўйича магистрлар тайёрлаш режалаштирилмоқда.