Шунинг учун инсонни ўраб турувчи илк яшаш муҳити – она вужуди деб хисоблаш мумкин. У инсон наслини тўлақонли ривожланишига имкон яратиб, нафақат қон орқали озуқа билан таъминлайди, балки инсоният индивидуаллигининг бетакрор дастурини шакллантирувчи илк ташкилий муҳит саналади.

Маълумки, инсоннинг ўзини ўраб турган табиий муҳитга муносабати долзарб масалалардан ва бу муаммо жамоатчиликнинг диққат марказига кўчган. Мамлакатимизда бу муаммонинг ечимига интилиш узоқ тарихга эга. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 ноябрдаги “Мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида белгиланган вазифалар ижроси устидан самарали парламент назоратини олиб боришга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарори белгиланган вазифаларни амалга оширишга муайян даражада хизмат қилади.

Олимлар фикрига кўра, инсон хулқ-атвори агар уни қуршаб турган муҳит қулай ва мақбул бўлсагина тизим учун маъқул кўринишга эга бўлади. Яъни атроф-муҳит инсон учун “конгруэнт” бўлиши керак. Индивид фаолиятини уни қуршаб турган муҳитга нисбатан “ноконгруэнт” бўлса, одамда фрустрация – хавотирланиш ҳолатлари вужудга келишига асос бўлиб, у ўз навбатида, аксил-ижтимоий ҳаракатларга олиб келиши мумкин. 1916 йилда Р.Парк психологлар инсон хулқ-атворига муҳитнинг таъсирини ўрганувчи тадқиқотлар учун системани ҳосил қилувчи муҳитга доир тушунча ва категориялар сифатида - экосистема тушунчасини қўллай бошлаганларини алоҳида таъкидлаган. Ўтган асрнинг 20-60-йиллари оралиғини инсонга у яшаётган, ишлаётган ва дам олаётган жойларнинг тасирини ўрганишга боғлиқ турли тадқиқотларни ўз ичига олган бошланғич босқич сифатида тушунса бўлади. Мазкур ёндашув ғарб социологиясининг энг йирик бўлимларидан ўрин олган.

Тарбия – ушбу жараёнга турли ёндашувчи ота-оналар яшайдиган чегараланган майдондан, оиладан бошланади. Жисмоний ва ижтимоий муҳит импульсларининг таъсирида шаклланаётган бола аста-секин нафақат ота-онасидан балки, бошқа тарбия институтлари ва таълимдан, шу қаторда; боғча, бошланғич ва ўрта мактабдаги импулсларни (мақтов, рағбат, таъқиқ, жазо) ўзига сингдириб боради (болалар ўйин давомида вақтни ўтказадиган тенгқурларини хам унутмаслик керак).

Кейин эса анча кенг муҳит таъсирининг навбати келади: маданий, этник, идеологик ва кўп қисмини эгалловчи оммавий ахборот воситаларидан оқиб келувчи ахборотнинг таъсири кузатилади. Маданий ва тарихий муҳит ўзига хос тарзда географик муҳит билан уйғунлашиб, пейзаж ва атроф-муҳитда ўз изини қолдиради.

Географик шароит ижтимоий маданий муҳит шароитига жуда катта таъсир кўрсатади. Этник маданият фарқлари нафақат уларнинг яшаш тарзида, озуқа таркибида, эътиқод, урф-одат ва анъаналарида уйларининг шакл-шамойилида эмас, ота-оналарининг болаларига муносабатларида хам фарқ қилади. Шахсда атрофни тушунишга, қабул қилишга, атроф-муҳитнинг ўзига хослиги, хаётий муҳитнинг маълум тизими орқали ўргатилади.

Абу Райҳон Беруний “Осори боқия” (Абадий қадриятлар) асарида турли халқлар: қадимги юнонлар, эронийлар, суғдлар, хоразмликлар, христианлар, яҳудийлар, мусулмонларнинг психологик хусусиятлари детерминантларини очиб берган.

Турли халқларга хос хусусиятларни ўрганиш мақсадида Беруний ўзига хос илмий метод яратди: бунинг учун қадимги халқлар ривоятларини ҳамда ўтмиш авлодлар тўғрисидаги маълумотларни қайта ишлаш, биографик услубдан фойдаланиш керак.

Беруний фикрига кўра, у ёки бу халқларнинг кўплаб жисмоний хусусиятлари ва фарқлари улар яшаётган шароитлар, географик муҳитдаги тафовутлар билан боғлиқ:“...Ахир гавда тузилиши, ранги, табиий хоссалари ва сифатлари нафақат келиб чиқиш тафовутларига боғлиқ, балки ер, сув, ҳаво турфалиги билан ҳам белгиланади”.

Географик омилнинг башарият турмушида тутган ўрни хусусидаги ўз мулоҳазаларини баён этар экан, Беруний нафақат унинг жисмоний тузилишни белгилашдаги ўрни тўғрисида, балки турли кўринишга эга ижтимоий ҳодисалар детерминацияси  ҳақида ҳам сўз юритган.

Қадимги давр мутафаккирлари асарлари бўйича умумий хулоса қиладиган бўлсак экология инсонни инсон сифатида, унинг нафақат биологик, балки ижтимоий хусусиятлари шаклланишига ҳам таъсир қилган экан, “одам-муҳит” муносабатларининг бузилиши инсоннинг психологик қиёфасига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айнан “одам-муҳит” тизимидаги ўзгаришларнинг оқибатлари ҳозирги замон эколог-олимлар тадқиқий ишларида ўз аксини топган.

 Юқоридаги фикрлардан кўринадики атроф-муҳит шахс ривожланиши ва шаклланишидаги тўлдирувчи аспект бўлиб, атроф-муҳит шахснинг тарбиясида ва генетик ўсишида жуда муҳим омилдир.

Мирмуҳсин Акрамов,

Ўзбекистон халқаро ислом ислом академияси

“Дин психологияси ва педагогика” кафедраси доценти в.б.