Бугун фан, таълим, маданият, туризм, спорт ва маънавият масалалари бўйича экспертлар билан мулоқот бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи-методик марказ илмий ходими Ф.Ўсарова, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори И.Саифназаров, ИНҲA университети ректори М.Жалолов, шунингдек, ОAВ вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
Мулоқотда фан, таълим, маданият, туризм ва маънавият соҳалари бўйича шу кунга қадар бўлган ўзгаришлар, янгиликлар, қонун ҳужжатлари таништирилди.
Исмоил Саифназаров, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори:
– Мамлакатимизда яқин йиллар ичида таълим соҳасида мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди. Биргина мактабгача таълимни олайлик. Унга қаратилган эътибор туфайли алоҳида вазирлик тузилди. Мактаб таълимида 11 йиллик ўқитиш тизимига ўтилди. Таълим соҳасида узлуксизлик пайдо бўлди. 2017 йил сентабр ойидан бошлаб талабалар пахта теримларига чақирилмай таълим олиш учун йўналтирилди, шунингдек, ўқитувчиларга ҳам қатор қулайликлар яратиб берилди.
ИНҲA ректори Музаффар Жалолов ҳам бугунги кунда ўқитувчиларнинг мавқеига эътибор кучайгани, университетлар сони 2,5 баробарга ўсгани, нодавлат олий таълим муассасалари сони сезиларли ошганини, улар қошида IT парклар, Инкубациялар марказлари, Стартап лойиҳалар тўғрисида сўз юритди.
Маълумот ўрнида: Ф.Ўсарова илм билан шуғулланаётган аёллар сони бугунги кунга келиб 40% дан ошганини такидлаб ўтди.
Мулоқот сўнггида кузатувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Суҳроб ТУГАЛОВ