Тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 15-16 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга бағишланди.

Видеоконференциядан кўзланган мақсад Европа сиёсий-дипломатик, эксперт-таҳлилий, ишбилармон доиралари ва оммавий ахборот воситалари эътиборига Ўзбекистон томонидан Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида илгари сурилган ташаббусни ҳавола этишдан иборат.

Тадбирда сўзга чиққан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқнинг амалга оширилмаган салоҳиятини баҳолаш учун саммит иштирокчиларига Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилининг натижаларини тақдим этди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбари ўз нутқида минтақа мамлакатлари ўртасида амалга оширилмаган савдо-сотиқ салоҳиятини ривожлантириш имкониятларига тўхталди.

Хусусан, 2020 йил якунларига кўра Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги умумий савдо айланмаси 4,4 миллиард долларни ёки уларнинг умумий ташқи савдо айланмасининг (142,6 млрд. доллар) 3,2% ни ташкил этди.

Марказий Осиё мамлакатларининг Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмасидаги энг катта улушни Қозоғистон (52,8%), Ўзбекистон (31,2%) ва Туркманистон (10,4%) эгаллайди.

BCG халқаро консалтинг кампаниясининг «Марказий Осиё инвестицияси: битта минтақа, кўп имкониятлар» деб номланган ҳисоботига кўра, 2018 йилдан кейинги 10 йил давомида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича Марказий Осиё салоҳияти 170 миллиард долларгача, шу жумладан, қайта ишлаш саноатига 40-70 миллиард долларга қадар баҳоланмоқда.

Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатлари экспорти ва Жанубий Осиё мамлакатлари импорти таркибини қиёсий таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, бир-бирига мос келадиган товар буюмларига кўра, Жанубий Осиё мамлакатлари импорти қарийб 560 миллиард долларни ташкил қилади.

– Албатта, бу Марказий Осиё давлатлари Жанубий Осиё мамлакатлари импортининг белгиланган ҳажмини алмаштириши мумкин дегани эмас, лекин бу ўзаро савдода фойдаланилмаган салоҳият мавжудлигини кўрсатади, – дейди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов. – Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари Жанубий Осиё мамлакатлари билан, айниқса, Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистон билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Масалан, 2019 йилда Жанубий Осиё мамлакатлари 8,6 миллиард долларлик кимёвий ўғитлар импорт қилган.

Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатлари ташқи бозорга 384,3 миллион долларлик кимёвий ўғитлар экспорт қилди, шундан атиги 32,3 миллион доллари Жанубий Осиё мамлакатларига бўлган. Шу жумладан, Ўзбекистон 2019 йилда 135,9 миллион долларлик минерал ўғитлар экспорт қилган бўлса, шундан фақат 24,9 миллион доллари Жанубий Осиё мамлакатларига, асосан Афғонистонга 24,1 миллион, Ҳиндистонга 0,4 миллион ва 0,3 миллион Шри Ланка ҳиссасига тўғри келади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлиллари шуни кўрсатдики, Марказий Осиё давлатлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, буғдой, мева, сабзавот, дуккакли экинлар ҳамда ёнғоқлар экспортини кўпайтириш учун ҳали амалга ошмаган имкониятлар мавжуд.

Ҳисоб-китобларга кўра, Марказий Осиё давлатлари экспортининг энг катта ҳажмлари унинг географик яқинлиги, шунингдек, Ўзбекистон ва халқаро молия ташкилотлари иштирокида сўнгги йилларда яратилган транспорт инфратузилмасининг мавжудлиги туфайли Афғонистонга тўғри келади.

Шунингдек, Ўзбекистон 2023 йилга қадар Aфғонистон билан ўзаро товар айланмасининг йиллик ҳажмини 2 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда, шунингдек, у билан «Имтиёзли савдо шартномаси»ни имзоланишини режалаштирмоқда.

Йиғилишда Европа томони Европа Иттифоқининг ўзаро алоқа ва коммуникацияларни қуриш бўйича тажрибаси Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари учун алоҳида қизиқиш уйғотиши мумкинлиги қайд этилди. Мутахассислар томонидан 5 та асосий босқич, хусусан, глобаллашув, ўз-ўзини изоляциядан чиқариш йўли, халқаро савдо, барқарорлик ва ҳамкорликни ривожлантириш белгилаб олинди.

Тадбирда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларининг асосий йўналишлари ҳақида сўз борди. Жумладан, Марказий Осиё давлатларининг жанубий денгиз портларига чиқишни таъминловчи янги транспорт йўлакларини қуриш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик (электр энергияси, табиий газ, нефть маҳсулотларини экспорт қилиш), ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш, шунингдек ташқи савдони кенгайтириш ва диверсификация қилиш зарур.

Шу билан бирга, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Марказий ва Жанубий Осиё Aфғонистон билан чегарада боғланганлигини, бу икки минтақа ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаришини таъкидлади.

Зеро, Aфғонистондаги вазиятнинг барқарорлашиши савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ўрнатиш, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида транспорт-коммуникация алоқаларни мустаҳкамлаш имкониятларини кенгайтиради.