Давлат хизматлари агентлиги томонидан аҳолига қулайликлар яратиш, уларни қийнаб келаётган муаммо ва масалаларига ижобий ечим топиш йўлида тиним билмай ишланишлар олиб бормоқда.
Фуқаролар томонидан фарзандини болалар боғчасига жойлаштириш, кадастр паспортини шакллантириш, судланганлик ёки судланмаганлик ҳақида маълумот олиш ва шунга ўхшаш давлат хизматлар экспресс тарзида ҳам кўрсатилади.
Мазкур хизмат турларига махсус бланка расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлат хизматлари, давлат хизматларини кўрсатиш учун ҳужжатларни қабул қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш натижасига кўра тайёрланган ҳужжатларни мурожаат этувчи кўрсатган манзилга етказиб бериш кабилар киради.
Мурожаат этувчи экспресс-хизматдан барча шаклда фойдаланиши ёки улардан бирини танлаши мумкин. Бу ҳақда Сизга марказ ходими хизматдан фойдаланаётган пайтингизда маълумот бериб ўтади.
Наманган вилояти Норин туманида ўз фаолиятини бошлаган “Norin globex avto-trans” масъулияти чекланган жамияти давлат хизматларида кўп фойдаланади. Мазкур кўп тармоқли корхона транспорт хизмати, 20 ўринли меҳмонхона ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 500 тонна сиғимидаги музлатгич ташкил этишни режалаштирилган. Ҳозирда қурилиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Тадбиркор бу гал янги қурилган бино иншоотларни кадастр паспортини шакллантириш бўйича ариза билан мурожаат қилган. Унинг аризаси қабул қилиниб, натижасини экспресс-хизмат тарзида етказилиши мумкинлиги тушунтирилганда, тадбиркор яратилган имкониятдан фойдаланишини таъкидлаб ўтган. Кадастр паспорти тайёр бўлгач, марказ ходимлари уни айтилган манзилга етказдилар.
— Авваллари мазкур хизмат ҳақида эшитган эдим, лекин фойдаланиб кўрмаган эканман, — дейди ташкилот таъсисчиси Комилжон Сатторов. — Биз тадбиркорларга анча қулай хизмат экан. Марказга бориб ариза берган эдим, қисқа фурсатда натижасини олиб келиб беришди.
Давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган хизматларнинг деярли барчасини масофадан туриб ҳам амалга ошириш имкони мавжуд. Бу марказга келиш учун вақт топа олмаётган фуқаролар учун айни муддаодир.
Ана шундай фуқаролардан бири Ҳусниддин Алижоновдир. У туман Халқ банкида фаолият олиб боради. У ҳам давлат хизматларидан фойдаланиш учун вақт топа олмайди. Шу боис ҳам у экспресс-хизматдан фойдаланди. Унинг қилган мурожаатини марказ ходимлари томонидан қаноатлантирилди ва натижаси ўзи фаолият олиб бораётган жойга етказиб берилди.
Экспресс-хизматлар ногиронлиги бўлган шахслар ва бориш қийин бўлган туманлар аҳолисига Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан белгиланган жадвалга асосан бепул кўрсатилади. Давлат хизматларини кўрсатиш натижасига кўра тайёрланган ҳужжатларни мурожаат этувчи кўрсатган манзилга етказиб бериш мурожаат этувчининг ихтиёрий танловига асосан тезкор ва бошқа почта хизматлари орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.
Илёсбек Пардабоев,
Наманган вилояти, Норин тумани ДХМ директори