Адам Маршалек бир неча маротаба Ўзбекистонда бўлган, жумладан, 2016 йили бўлиб ўтган Президент сайловларида Польшадан кузатувчи сифатида иштирок этган. У 2019 йили ҳам Ўзбекистондаги турли нашриёт уйларида матбаачилик ишларининг ривожланиши билан танишиш учун мамлакатимизга келган эди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида «Marszalek Holding» раҳбари кейинги йиллар давомида Ўзбекистонда рўй бераётган кенг қамровли ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади. Шулар қаторида Адам Маршалек бозор муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда жамиятни демократлаштириш борасида эришилган муваффақиятларни санаб ўтди. У мазкур муваффақиятлар иқтисодий ривожланиш учун мустаҳкам замин ҳозирлаганини қайд этди. “Сўнгги йиллар давомида мамлакат миллий иқтисодиётининг ўсиш суръатлари ҳам бу фикрни тасдиқлайди”, деди Адам Маршалек.
Учрашув чоғида таъкидланганидек, чуқур ўйланган ва оқилона иқтисодий сиёсат аҳолини кучли ижтимоий қўллаб-қувватлаш имконини бермоқда.
Учрашув якунлари бўйича элчихона билан «Marszalek Holding» ўртасида рангли журналлар, турли буклет ва бошқа матбаа маҳсулотларни чоп этиш ҳамда марказ томонидан нашр этиладиган тўпламларда алоҳида мақолалар эълон қилиш юзасидан келишувга эришилди. Хусусан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари мавзусига бағишланган биринчи рисолани чоп этишга келишиб олинди. Ушбу рисолани жорий йил июль ойининг охирида нашр этиш режалаштирилмоқда.