Электрон ҳукуматни турлича таърифлаш мумкин. Кенг маънода, электрон ҳукуматнинг вазифалари ва хизматлар кўрсатиши ҳамда фаолиятини ривожлантириш учун Ахборот коммуникация технологиялари (АКТ)ни қўллаш кўринишида белгиланиши мумкин.

Жумладан бугунги глобаллашув макони ва замонида барча соҳаларнинг электронлашуви ўз ўзидан давлат ва жамият бошқарувининг ҳам электронлашувини тақозо этмоқда. Бу эса ҳокимият органларининг халқ олдида шаффоф ва адолатли хизмат кўрсатиши, шунингндек очиқлик ва қонунийлик принципининг бош мезони ҳамдир.

Бугунги кунда электрон ҳукумат тизими Жанубий Корея, Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Янги Зеландия, Сингапур, Норвегия, Канада, Нидерландия, Дания ҳамда Германия сингари мамлакатларда самарадорлигини кўрсатмоқда. Ушбу мамлакатларда жуда кўплаб давлат хизматларидан уйдан чиқмаган ҳолда, онлайн режимида фойдаланиш мумкин. Давлат органларига сўровларга жавоблар, турли тўловлар, расмий ҳужжатларнинг намунасини олиш, уларни тўлдириш, электрон имзо билан юбориш, олий ўқув юртларида масофадан туриб таҳсил олиш, ички ишлар идораларига ариза билан мурожаат этиш ва бошқалар шулар жумласидандир. Масалан, Жанубий Кореяда электрон ҳукумат инфратузилмаси 1987-йилда қабул қилинган. Ушбу тизим туфайли мамлакат аҳолиси деярли барча операцияларни ўз уйларини тарк етмасдан амалга оширишлари мумкин: дўконларда харид қилишдан тортиб, векселларни тўлаш ва ҳужжатларни қайта ишлашгача. Жамоат жойларида сиз керакли маълумотни осонгина топишингиз ёки ҳар қандай электрон ҳужжатни чоп этишингиз мумкин бўлган махсус терминалларни кўришингиз мумкин. Жанубий Корея ҳар йили ўртача интернет тезлиги бўйича ҳам, аҳолининг кенг полосали тармоқ билан қамраб олиш даражаси бўйича ҳам дунёда биринчи ёки иккинчи ўринда туради. Бундан бир неча йил муқаддам мамлакат давлат секторида 100% электрон ҳужжат айланиши тизими жорий қилинган эди.

Электрон ҳукуматнинг коррупцияни камайтириш учун аҳамияти илмий тадқиқотларда ҳам, сиёсий нуқтаи назарларда ҳам кенг эътироф этилган. Шу билан бирга электрон ҳукумат ва коррупция ўртасидаги боғлиқликни интуитив яъни ўзига хос даражада англаш мумкин.

Замонавий жамиятда коррупция деярли давлат самарасизлигининг асосий манбаи ҳисобланади. Унинг таъсири ўлароқ ҳам ижтимоий ҳам иқтисодий соҳа оқсоқланади ва мўртлашади.

Бугунги кунда ривожланган институтлар ва электрон ҳукуматнинг жорий этилиши коррупция имкониятларини пасайтиради деган фикр тобора кучайиб бормоқда. Жумладан, инсон омилининг камайиши ва унинг вазифалари технологиялар асосида амалга оширилиши уни бошқа бир персонал олдида ҳақдорликка уринишига бўлган интилишни камайтиради.

Ахборот тенологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш биринчидан, давлат бошқарувида кўпинча давлат ҳокимиятининг ишлаши ва самарадорлигини ошириш, баҳолаш соҳасидаги бошқарув ислоҳотларининг асоси бўлади. Бундан ташқари, ахборот-технологиялари ва электрон ҳукуматнинг асосий мақсади ҳукуматнинг барча даражаларида давлат органлари фаолиятида ошкоралик, очиқлик ва шаффофлик тамойилларини таъминлашдан иборат. Албатта, бу технологияларни амалга оширишда давлат бюджети харажатларини камайтириш имконияти муҳим ижобий жиҳат ҳисобланади.

Иккинчидан, инсониятнинг мавжуд потенциалидан бир неча баробар қудратли бўлган ахборот тизимларини жорий этилиши давлат хизматининг ишончи ва таянчи бўлиб қолган бир неча йиллик “хизматчилар” хизматига эҳтиёж қолдирмайди. Шунингдек, ахборот технологиялари ва коммуникацияларни жорий этиш мансабдорлар учун  пора олишда қўрқув шаклланишига хизмат қилади ва бу иллатнинг ўз ўзидан барҳам топишига замин яратади.

Бугунги кундаки мамлакатимизда мавжуд ҳолат ва халқаро рейтинглардаги Республикамизнинг ўрни ва бу борадаги амалга оширилаётган ишларга назар ташлайдиган бўлсак, даставвал Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид чора-тадбирларни тизимлаштириш тўғрисида”ги фармонида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Халқаро рейтинглар билан ишлаш ва “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш ишларини мувофиқлаштириш шўъбаси билан устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш учун комплекс чора-тадбирларни белгилаш юзасидан яқиндан ҳамкорлик қилади деб белгилаб ўтилган.   

2020 йил натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси (E-government Development Index)да 193 давлат орасидан 1 балдан 0,62 балл тўплаган ҳолда 81-ўриндан жой олган (2019 йилда 87-ўринни эгалланган). Ушбу рўйхатни эса 1 балдан 0.9758 балл жамғариб Дания Республикаси бошқариб келмоқда. Эътиборли тарафи шундаки, Дания Республикаси Transparency International томонидан шакллантирилган Коррупцияни қабул қилиш (Corruption Perceptions Index) индексида 100 балдан 88 жамғарган ҳолда пешқадам, яъни энг коррупциялашмаган давлат саналади. Бу эса ўз-ўзидан электрон ҳукуматнинг мавжудлик шарти ва унинг юқори таъминланганлик ва ишончли даражаси коррупцияни йўқотиш омили сифатида кўришимиз мумкин.

Сўнгги йилларда мамлакатимизга коррупцияга қарши муросасиз курашилмоқда ва бунинг самараси ўлароқ халқаро рейтинглардаги мамлакатимизнинг ўрни бир мунча кўтарилмоқда. Шунга қарамасдан бу борада амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар белгилаб олинган. Шулардан бири бу барча давлат хизматлари электрон тизимини яратиш ва электронлашув натижасида инсон омилининг камайишига эришиш демакдир.

Электрон ҳукуматнинг моҳияти шундан иборатки, давлат хизматчиси ва фуқаро ўртасида бевосита алоқага киришиш ва бир биридан манфаатдорликни камайтиришдан иборат. Бу борада амалга оширилаётган диққатга сазовор иш “Ягона ойна” тизимининг ёхуд “Давлат хизматлари агентлиги”нинг ишга туширилиши бўлди деб айтишимиз мумкин. Бунинг натижасида эса мансабдор шахс ва фуқаронинг учрашув жойи давлат идораси ёхуд мансабдор шахс офиси эмас балки барча учун очиқ ва шаффоф бўлган Ягона интернет макони ёхуд ягона портал ёки электрон тизимлар бўлмоқда дейишимиз мумкин.

Маълумки, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш, тадбиркорлик фаолиятига оид бир қатор тартиботлар, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш, республикада ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратиш, экспорт салоҳиятини кучайтириш ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Буни “Ягона дарча” божхона ахборот тизими (БАТ) мисолида кўришимиз мумкин.

Мазкур тизим БМТнинг Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва электрон иш амалиётлари бўйича маркази томонидан ишлаб чиқилган “ягона дарча” механизмини яратиш бўйича тавсиялар ва йўл-йўриқ тамойиллари мезонларига жавоб бериб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 апрелдаги “Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 20 ноябрдаги “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларининг талаблари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, тадбиркорлик субъектлари божхона расмийлаштируви учун зарур рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун “Ягона дарча” БАТда белгиланган шаклдаги электрон аризани тўлиқ тўлдиради ва электрон аризаларга зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда тегишли ваколатли органларга юборади.

Ҳозирги кунда, тадбиркорлик субъектлари томонидан “Ягона дарча” БАТдан фойдаланган ҳолда божхона расмийлаштируви учун зарур рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун электрон аризаларни юбориш имконияти мавжуд.

Маълумот ўрнида, 2021 йил бошидан ҳозирги кунга қадар “Ягона дарча” БАТ орқали ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қуйидаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар электрон тарзда тақдим қилинган:

– Мувофиқлик сертификати – 45 532 та;

– Экология сертификати – 1 154 та;

– Санитар-эпидемиологик хулоса – 18 472 та;

– Ветеринария гувоҳномаси – 3 100 та;

– Фитосанитар сертификати – 33 635 та;

– Карантин рухсатномаси – 10 609 та.

Шу тариқа “Ягона дарча” БАТни жорий этилиши божхона расмийлаштирув жараёнинг соддалашуви ва тезлашиши билан бирга, шаффоф, очиқ ва коррупциядан холи механизм яратилишига сабаб бўлади.  

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, қоғозбозлик ва бюрократияга асосланган ишлаш режимида фуқаронинг амалга ошириши лозим бўлган иши бевосита мансабдор шахснинг ушбу вазифага ёндашувчанлик қобиляти асосида амалга оширилади. Мансабдор шахс эса бу вазифани бажариши учун фуқародан қандайдир моддий манфаат истаб қолади ва бу коррупцияга сабаб бўлади. Шу нуқтаи назардан электронлашув моддий манфаатдорликни камайтириш билан биргаликда шаффоф ва барча учун очиқ тизим яратилишига сабаб бўлади. Очиқлик ва шаффофлик эса коррупциянинг юзага чиқиши қаршилик қилади. Чунки коррупция ёпиқ ва сирли маконда илдиз отади, очиқлик ва шаффофликдан эса қўрқади.

Ўз навбатида электрон ҳукуматнинг шакллануви давлат хизматчилари ёхуд мансабдор шахсларнинг вақтлари ва жисмоний кучлари тежалишини шунингдек ортиқча оворагарчилик ва сансалорликнинг олди олинишига ҳам хизмат қилади. Жумладан маълум мақсадга эришиш учун ёхуд бирор фаолиятни амалга ошириш учун манфаатдор шахс эмас балки, ҳужжатлар ҳаракати амалга ошади. Бу эса фуқароларнинг вақти ва маблағи тежалишига сабаб бўлади. Ҳар қандай масала шахснинг индивиднинг аралашувисиз адолатли тарзда ҳал этилади. Бу эса коррупцияга барҳам беришнинг бош омили саналади.

 

         Дилшод Саттаров,

 Божхона институти кафедра бошлиғи,

 юридик фанлар номзоди