Ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида биринчи марта карта орқали нақд пулсиз транзакция, яъни жўнатма қилинади. Лекин бу электрон пул бўлмай, фақат банк тизими ичида ўзаро алмашув усули эди. Дастлабки электрон пул ўтказмаси 1994 йилда DigiCash тўлов тизими орқали америкалик олим-компьютерчи Давид Ли Чаумнинг реал пулни виртуал валютага айлантириш ғояси асосида амалга оширилди. Аслида ушбу тарихий воқеелик, биринчи навбатда, Интернетнинг кенг қамров касб этиши ва виртуал пулларни сақлаш ҳамда коммуникация тизими сифатида майдонга чиқишининг маҳсули сифатида қаралади.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, АҚШда 100 долларлик битта купюрани чиқаришга атиги 14 цент харажат кетади. Ярим аср олдин пулларнинг қиймати олтин билан мустаҳкамланган бўлса, бугунги кунга келиб улар Марказий банкларнинг активлари таъминаланяпти. Нақдсиз пуллар билан боғлиқ ҳар бир транзакция бевосита бирон бир молия муассаси орқали амалга оширилади.

Alpari компанияси экспертларининг қайд этишича, айни кезда жаҳонда тўртта пул тури ҳукмронлик қиляпти: нақд, нақдсиз, электрон ва криптовалюталар. Ҳозирга келиб Ер юзи аҳолисининг 30 фоизидан камроғи нақд банкоталардан, қолган қисми электрон пуллардан фойдаланмоқда. Бу кўрсаткич, ривожланган мамлакатларда ўртача 10 фоизни, жумладан, Швецияда бир фоиздан ҳам камроқни ташкил этади.

ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАР

Мамлакатимизда кейинги йилларда электрон тижоратнинг ривожланиши, турли тўлов хизматларини етказиб берувчилар ўртасида рақобат муҳитининг шаклланиши ва кучайиши чакана тўловлар бўйича транзакцион харажатлар қисқартирилишини, шунингдек, тўловларни амалга оширишда молиявий институтларнинг воситачилигини талаб этмайдиган инновацион ҳамда жозибадор воситаларнинг жорий этилишини тақозо этмоқда. Электрон пуллар ана шундай тизимлардан бири сифатида кундалик ҳаётимизда жадал кириб боряпти.

Қонунчиликка кўра, электрон пуллар — мазкур пул эмитентининг электрон шаклда сақланадиган ҳамда ушбу тизимда тўлов воситаси сифатида қабул қилинадиган шартсиз ва чақириб олинмайдиган пул мажбуриятлари ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, электрон пуллар бу тўлов воситаси бўлиб, эмитентнинг мажбуриятларидир.

2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонунининг қабул қилиниши электрон пуллар муомаласини, жумладан, бундай пулларни чиқариш, фойдаланиш ва уларни қоплаш бўйича амалга ошириладиган фаолиятнинг ҳуқуқий асосини яратиб берди. Ушбу қонун асосида Марказий банк “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларни чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари”ни ишлаб чиқди, мазкур тартиб Адлия вазирлиги томонидан 2020 йилнинг 29 апрелида 3231-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

—Ҳужжат жаҳон тажрибасига таянган ҳолда, электрон пуллар тизими фаолиятини ташкил этиш, улар муомаласи, мазкур тизимда хатарларни бошқариш ҳамда хавфсизликни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган, — дейди Шоира Раҳимжонова.—Унда ушбу тизимга оид асосий тушунчалар, шу жумладан, “айирбошлаш операцияси”, “бир ва кўп эмитентли электрон пуллар тизими”, “олдиндан тўланган карта”, “электрон пуллар тизимининг агенти”, “электрон ҳамён” ва соҳага оид бошқа терминларга батафсил тушунтиришлар берилган.

Қоидага кўра, эмитент, оператор, электрон пуллар тизимининг агенти, электрон пуллар эгаси, шунингдек, эмитент билан шартнома тузган банклар, тўлов ташкилотлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар электрон пуллар тизимининг субъектлари сирасига киради. Бунда унинг ишлашини таъминлайдиган банк ёки тегишли лицензияга эга бўлган тўлов ташкилоти мазкур тизимнинг оператори бўлиши мумкин. Эмитент ёки эмитент бўлмаган бошқа банк оператор билан тузилган шартнома асосида электрон пуллар тизимининг ҳисоб-китоб банки сифатида фаолият кўрсата олади.

Қайд этиш жоиз, эмитент ўз фаолиятини бошлаши учун, энг аввало, электрон пулларни чиқариш ва реализация қилиши тўғрисида Марказий банкка белгиланган шаклдаги хабарномани, унга илова сифатида оператор билан имзоланган шартнома ҳамда тизим субъектлари билан тузиладиган келишув ҳужжатлари намуналарини юбориши зарур. Мамлакатимиз ҳудудида реализация қилинган товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўловларни амалга оширишда фақат республикамизда чиқарилган миллий валютадаги электрон пуллар қабул қилиниши белгиланган.

ЖЎНАТМАЛАР  ҲАЖМИ 4,4 БАРОБАР ЎСДИ

2020 йил 16 июнда "BRIO GROUP" тўлов ташкилотининг “OSON” электрон пул тизими Марказий банк электрон пуллар тизими реестрига киритилди. Масъулияти чекланган жамият бунга қадар уч йил давомида “OSON” тўлов тизими ва электрон ҳамёни устида иш олиб борди.

— “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонуннинг кучга кириши ва Марказий банк томонидан “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пул чиқариш ва муомаласи қоидалари”нинг ишлаб чиқилиши мазкур тарихий воқеанинг шаклланишига ўз ҳиссасини қўшди, — дейди "BRIO GROUP" МЧЖ раҳбари Фарҳод Маҳмудов.—Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб жорий этилган “OSON” электрон ҳамёни фойдаланувчиларга тўловлар ва ўтказмаларни амалга ошириш географиясини осонлик билан кенгайтириш, шу билан бирга, ўз пулларини электрон пуллар тизимининг энг паст комиссияларида тежаб қолиш имконини бермоқда. Янги тизим ёрдамида мобил алоқа, интернет, коммунал хизматлар, онлайн-ўйинлар учун тўловни амалга ошириш имконияти мавжуд.

“OSON” электрон пули қабул қилишга нафақат глобал, балки миллий сервисларга ҳам уланган. Бу электрон пулни нафақат онлайн тарзда тўлашга, балки тизим кафе, ресторан ва дўконларнинг эгаларига нақдсиз тўловларни қабул қилиш имконини ҳам яратмоқда. Хусусан, 2021 йилнинг ўзида 23 миллиард сўмлик қарийб 641 миллионта транзакциялар электрон пуллар орқали амалга оширилди.

Марказий банк тўлов хизматлари бозорига янги иштирокчиларнинг кириб келишини таъминлаш орқали рақобатни кучайтиришга катта эътибор қаратиб келмоқда. Шу мақсадда 2020-2021 йилларда Марказий банк 35 дан ортиқ юридик шахсга (Click, Oson, Payme ва ҳ.к.) тўлов ташкилоти ҳамда “Миллий банклараро процессинг маркази”, “Ягона умумреспублика процессинг маркази”  ва  “Қулай пул” масъулияти чекланган жамиятларига тўлов тизими оператори фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензиялар тақдим этилди.

2022 йилнинг 1 январь ҳолатига Марказий банк реестрига 10 та электрон пул тизими киритилган бўлиб, уларда очилган электрон ҳамёнлар сони 5 миллион донага етди. Тизим орқали амалга оширилган транзакциялар сони 2020 йилга нисбатан 4,4 бараварга ошиб, 6,5 миллион донани, улар ҳажми эса 8 бараварга ўсиб, 170,7 миллиард сўмни ташкил этди.

—Электрон пулларнинг асосий афзалликларидан бири банк ҳисобварағини очмасдан туриб тўловларни амалга ошириш имкониятининг мавжудлиги, — дейди Шоира Раҳимжонова. — Шунингдек, тўловларни амалга ошираётган пайтда воситачилик ҳақининг бошқа тўлов воситаларига қараганда арзонлиги ҳисобланади. Айни пайтда ундан фойдаланиб, хорижий валютада эмиссия қилинган электрон пулларни айирбошлаш имконияти ҳам мавжуд.

Электрон пуллар тушган кун давомида, агар тадбиркорлик субъекти ва эмитент ўртасида тузилган шартномада бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса, эмитент томонидан нақд пулсиз шаклдаги сўмга айлантириш орқали уларни “қоплайди”. Ушбу операция натижасида хўжалик юритувчи субъект (якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс) ҳисобварағига унинг номинал қийматига тенг бўлган миллий валютадаги маблағ келиб тушади. 

ЭЛЕКТРОН ҲАМЁН НИМА УЧУН КЕРАК?

Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларни чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари”да бу саволга аниқ-равшан жавоб берилган. Яъни электрон ҳамён — электрон пулларни сақлайдиган ҳамда интернетдаги харидлар ва хизматлар учун ҳақ тўлаш, ҳатто пулни банк ҳисобварағига ёки банк картасига ўтказиш ёки нақд пул олиш имконини берувчи дастурий техник қурилма. Унинг ишлаш тамойили банк картасига ўхшайди. Электрон ҳамённи тижорат банкларида нақд пул билан банк карталари (VISA, MasterCard, UzСard, Humo) ёрдамида осонлик билан тўлдириш ва дунёнинг исталган жойида у орқали тўловларни амалга ошириш мумкин. Тўловлар бўйича чекловлар деярли мавжуд эмас.

Шу ўринда яна бир савол келиб чиқади: агар банк картаси мавжуд бўлса, электрон ҳамён нима учун керак?

—Унинг воситасида пулни турли валюталарда сақлаш имконияти мавжуд, — дейди иқтисод фанлари номзоди, эксперт Акром Эшназаров. —  Масалан, дунёнинг турли мамлакатларида тўловларни амалга ошириш эҳтиёжи вужудга келса, электрон ҳамён жуда қўл келади.

Саёҳат қилганда ҳам жуда қулай, чунки ҳамма маблағларингизни смартфон орқали бошқариш имконияти мавжуд.   Бундан ташқари, ҳар қандай банк картасидан (сўм) мобил илова орқали электрон ҳамённи тўлдириш, тез ва осон усулда хорижий мамлакатдаги бошқа шахснинг ҳисобварағига ўтказиш ёки товар (хизмат)лар учун тўловни қулай валютада амалга ошириш мумкин.

Бугунги кунда электрон ҳамён интернетда онлайн харидларни амалга оширадиган, шу жумладан, фрилансер, яъни ўзини ўзи банд қилган шахслар (копирайтер, таржимон, дизайнер, дастурчи, дурадгор, тикувчи ва ҳакозо) сифатида фаолият юритадиганлар учун ҳам қулай воситага айланган. Айни пайтда улар ёрдамида мобил операторлар, коммунал тўловлар, телевидение ва такси хизматлари учун ўтказмаларни амалга ошириш ҳам кенгайиб бормоқда.

Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратиш жоиз. Амалдаги тартиб-қоидада электрон пул эгасининг идентификация қилинмаган электрон ҳамёнида сақланадиган электрон маблағнинг энг кўп суммаси 5 базавий ҳисоблаш миқдорига тенг бўлган қийматдан, битта операциянинг энг кўп миқдори бир БҲМга тенг бўлган суммадан ошмаслиги белгиланган. Шунингдек, идентификация қилинган электрон ҳамёнлар орқали битта операциянинг энг кўп суммаси 100 БҲМдигача бўлиши талаб этилади.

Маълумотларга эътибор қаратсак, мамлакатимизда электрон ҳамён эгалари томонидан ўтказилган транзакцияларнинг 94 фоизи тадбиркорлик субъектларининг муайян товар, хизмат, ишларга, қолган қисми жисмоний шаҳслар ҳиссасига тўғри келади

Дунёда мобил қурилмалардаги электрон ҳамёнлар орқали тўловлар йил сайин оммалашиб бормоқда. Juniper Research маълумотларига қараганда, 2020 йил бошида 2,2 миллиард аҳоли тўловларни амалга ошириш ёки пул юбориш мақсадида электрон ҳамёнлардан фойдаланган. Унинг учдан икки қисми Осиё-Тинч океани ҳудуди аҳолисига тўғри келади.

КРИПТОВАЛЮТА, БЛОКЧЕЙН, МАЙНИНГ ВА БОШҚА ТИЗИМЛАР

Электрон пуллар ҳақида гап борганда, албатта, гап айланиб криптовалюталарга келиб тақалади. Жаҳон банки мутахассисларининг аниқлашича, юқори тезликдаги интернетда фойдаланувчилар сонининг 10 фоизга ўсиши ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсишини 1,4 фоизгача ошириши мумкин. Бинобарин, бугунги кунда дунё криптобозори тахминан 1,7 триллион долларни ташкил қилади.

— Блокчейн — бир вақтнинг ўзида интернет орқали уланган бир қанча компьютерларда сақланадиган маълумотлар базаси ҳисобланади. — дейди техника фанлари доктори, профессор Равшан Аюпов. —  Ҳозирда ундан асосан криптовалюта жўнатмалари учун фойдаланилмоқда. Кейинги пайтда у жаҳоннинг бир қанча мамлакатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам кўплаб соҳаларда фаол жорий этилмоқда. Масалан, ер кадастрини юритиш, тиббиётда маълумотларни сақлаш, давлат интерактив хизматларини ташкил қилишда ва ҳакозо.

Блокчейннинг афзаллиги унинг шаффоф, тезкор, соддалиги ва қийматида. Сиз криптовалюта ёки бирор маълумотни блокчейн орқали жўнатган бўлсангиз, бундай ўтказма ҳақида маълумотни ўзгартириш ёки қалбакилаштиришнинг умуман имкони йўқ. Агар сиз пуллар ёки маълумотни блокчейнда сақласангиз, ушбу қайдлар ҳеч қачон йўқолиб қолмайди ёки сохталаштирилмайди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2018 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган меъёрлар асосида мамлакатимизда крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолият ҳуқуқий тартибга солиб келинади. Бу ҳужжатларга биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ваколатли орган ҳисобланади.

2020 йил охирида Марказий Осиёда биринчи крипто-биржа Ўзбекистонда рўйхатга олинди ва Корея Республикасининг "KobeaGroup“ компанияси ана шундай фаолиятни амалга ошириш учун дастлабки лицензия эгаси бўлди. У “UzNEX” номи остида иш юритади. Мазкур бозорда миллий валюта, кредит карталари амал қилади.

Ўзбекистон крипто-биржаларида сотиладиган барча токенлар мулкий таъминотга эга бўлиши керак. Бундай таъминотга эга бўлмаган токенларни чиқариш ва жойлаштириш тақиқланади.

—Нақд валютасиз жамият қуриш йўлида мамлакатлар ўртасида ўзига хос мусобақа авж олиб бормоқда, — дейди иқтисод фандари доктори, профессор Нодир Жумаев. — Бу бир томондан, тезкор, сарф-харажатлари паст транзакцияларни амалга ошириш имконини берса, бошқа жиҳатдан, анонимлик ва бекинган мураккаблиги ҳисобига ноқонуний фаолиятни молиялаштиришда иштирок этиш хавфини кучайтирмоқда.

Криптовалюталарнинг яратилиши, майнинг жараёни юқори электр-энергияни талаб этади ва бу жараённинг энергия сиғими борган сари ортиб боради. Бошқача айтганда, биткоинни “қазиб олиш” олтинни қазиб олишдан ҳам қимматга тушиши мумкин.

 Кембридж университета олимларининг ҳисоб-китобига кўра,  ҳозирги пайтда битковин майнинги учун дунё бўйича йилига  121,36 тераватт-соат электр қуввати сарфланяпти. Бу  Аргентины (121 ТВт с.), Нидерлания (108,8 ТВт с.),  Бирлашгаан Араб Амирликларп (113,2 ТВт с.) ёки Норвегия (121 ТВт с.)нинг  йиллик электр энергия истеъмоли билан тенг туради. Бугунги кунда, битковинни “қазиб олишга” жаҳонда ҳосил қилинаётган электр энергиянинг атиги 0,56 фоизи сарф қилинаётган бўлса-да, бироқ бу миқдор крипвалютага эҳтиёжнинг жадал ортиши ҳисобига йил сайин ўсиб бормоқда.

Яна бир томондан, саноат 4.0 инқилобига ўтиш жараёни ривожланган давлатларда юқори тус оляпти ва янги даврда анъанавий пул ҳамда тўлов тизимлари самара бермай қўяди. Бунинг натижасида молиявий воситачиларсиз, тезкор, ишончли, шаффоф тўловларни кафолатлайдиган блокчейнга асосланган мутлақо янги тўлов тизимига эҳтиёж ортади.

МУХТАСАР ХУЛОСА ҚИЛСАК...

Электрон пуллар бугунги кунда глобал иқтисодиётнинг олдинга йўналтирувчи дастаги ва рақамли тижоратнинг “қон томири”га айланган. Чунки, бу тизим ҳисоб-китобларни амалга оширишда замонавий информацион технологиялар ва инновацион ечимларга асосланган ҳолда, тўловларни тезкор ва қулай бажариш имконини беради. Рақамли трансформация шароитида автоматлаштириш жараёнларининг кучайиши, сунъий интеллект, улкан маълумотлар билан ишлайдиган таҳлилий тизимлар, роботлардан фойдаланиш кўламининг ортиши меҳнат ресурслари учун ўринбосар бўлиб хизмат қилади. Натижада бизнес юритиш шароитлари такомиллашиб ва самарадорлик ортади.

Зеро, Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш асосий “драйвер” сифатида белгиланиб, унинг ҳажмини камида 2,5 баравар оширишни таъминлаш, 2026 йил якунига қадар иқтисодиётнинг реал сектори, молия ва банк соҳаларида ишлаб чиқариш ва операцион жараёнларни рақамлаштириш даражасини 70 фоизга етказиш кўзда тутилган. Дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 бараварга, уларнинг экспортини эса 10 баравар ошириш ва 500 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилган. Табиийки, бу мақсадларга эришишда электрон пуллар тизимини ривожлантириш ҳам муҳим ўрин тутади.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи