2019 йил бошида Нидерландиянинг “Elsevier” компанияси билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Унга кўра, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги тиббиёт бош бошқармаси ҳамда “Elsevier” компанияси ўртасида англашув меморандуми имзоланганди. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда “Elsevier” компанияси ҳамкорлиги доирасида Республикамиздаги тиббиёт муассасаларида ClinicalKey платформасини жорий этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Инновацион ривожланиш вазирлиги Elsevier компанияси билан имзолаган шартнома доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги тиббиёт ташкилотларида ClinicalKey платформасидан ташкилот IP адреси орқали чекловсиз фойдаланиш имконияти яратилди. Эндиликда тадқиқотчиларимиз, тиббиёт ходимлари 2021 йилнинг 1 мартигача тиббиёт соҳасидаги жаҳоннинг энг сўнгги тадқиқотлар натижаларидан Elsevier Clinicalkey платформаси орқали чекловсиз фойдаланишлари мумкин.

Elsevier Clinicalkey платформаси даволаш ва диагностика стандартларини янгилаш, клиник протоколларни жорий этиш, далилларга асосланган тиббиёт тамойилларини амалиётга кенг жорий этиш, микрохирургия, робот хирургияси, нуклеар тиббиёт, тиббий генетика соҳаларида жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқлари тўғрисидаги маълумотларни ўзида жамлаган. Ушбу маълумотлардан эндиликда юртимиздаги тиббиёт соҳаси вакиллари ҳам фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда.

ClinicalKey - бу клиник қарор қабул қилишга ёрдам берувчи тизимдир. У ҳар қандай пайтда ва ҳар қанақа қурилмадан бир зумда керакли клиник маълумотларни топиш ва энг қисқа вақтда тўғри қарор қабул қилишга ёрдам беради.

Elsevier компаниясининг ClinicalKey платформаси шифокорлар учун далилларга асосланган тиббий маълумотларни ўзида сақлаган жаҳон миқёсидаги етакчилардан бири ҳисобланади.