Сўнгги йилларда мамлакатимизда ишсизлик даражасини камайтириш ва аҳолини иш билан таъминлаш хамда ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш максадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилгани ҳаммага маълум. Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунида белгиланган ишсизлар, ёшлар, аёллар, меҳнат бозорида иш топишга қийналадиган шахсларга, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли тоифаларини ишга жойлаштириш кафолатларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилган.
Иш ўринлари ташкил этилишини рағбатлантириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш, ишсиз шахсларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш максадида бир катор имкониятлар яратилмокда. Жумладан, амалдаги тартиб бўйича иш билан банд бўлмаган фуқаро бандлик органига маслаҳат олиш учун ёки иш ишловчи сифатида рўйхатдан ўтиш учун мурожаат қилиши лозим. Бунда кам таъминланганлик тоифасидан чиқиш мақсадида иш билан таъминланишга харакатини инобатга олиб, ушбу фуқародан расмий бандлик талаб этилмайди. Лекин, амалиётда фуқаролар ушбу имтиёздан бошқа мақсадларда фойдаланиб келмоқда. Яъни, аксарият фуқаролар фақатгина нафақа тайинланиши учун бандлик органига мурожаат қилиб, нафақа тайинлангандан сўнг бандлик органига иш излаб қайтиб мурожаат қилмаган. Бир сўз билан айтганда, фуқаролар бандлик органига “иш қидириб эмас, нафақа тайинлаш учун мурожаат қилмоқда” деган хулосага келиш мумкин.
Ачинарлиси, норасмий даромад олаётган фуқаролар ҳам бандлик бўлимига “маслаҳат олиш” учун мурожаат қилиб, болалар нафақаси олиш ҳолатлари мавжуд. Бу эса, даромадини расмийлаштирган болалар нафақаси олмайдиган оилаларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Мазкур вазиятни ўзгартириш максадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон кўринишда ариза беришни жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиняпти. Киритилаётган ўзгартиришларга кўра иш излаб (хусусан, аҳоли бандлиги масалалари бўйича маслаҳат олиш учун) меҳнат органларига мурожаат қилганлиги сабабли расмий бандлик талаб этилмасдан болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинланган оила аъзоси болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинланган ойдан бошлаб 3 ой давомида меҳнат органи орқали касбга тайёрлаш, малака ошириш, қайта тайёрлаш ўқув курсларида ўқимаса, марказда иш изловчи ёки ишсиз сифатида рўйхатга олинмаса, ишга жойлашмаса, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатига кирмаса ёки меҳнат органларининг мақбул келадиган ишга доир таклифларини мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) рад қилган бўлса кейинги ойдан болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тўлови тўхтатилади.
Маълумот тариқасида айтиб ўтиш лозимки, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими бандлик органларида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилаётган хизматларни ҳисобга олувчи “Бандлик хизмати” ахборот тизими билан интеграция қилинган. 2023 йил 1 октябрь ҳолатига Бандлик бўлимларга 1 444,1 минг нафар фуқаролар мурожаат қилган. Уларнинг 555,3 минг нафарига (38,5 фоиз) бандлик соҳасидаги хизматлар кўрсатилган бўлса, 954,5 минг нафарига (66,1 фоиз) маслаҳат бериш хизмати кўрсатилган.
Маслаҳат хизмати кўрсатилган фуқаролардан 888,8 минг нафари (93,1 фоиз) фақатгина болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисида маслаҳат олган бўлиб, кейинчалик ушбу фуқаролар Бандлик бўлимларига бирор марта ҳам иш сўраб мурожаат қилмаган. Мисол учун, Андижон вилоятининг Жалақудуқ туман Бандлик бўлимига 2023 йил 1 октябрь ҳолатига 2,3 минг нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, улардан 1,7 минг нафарига (74,4 фоиз) бандлик соҳасидаги хизматлар кўрсатилган бўлса, 605 нафарига (25,6 фоиз) маслаҳат бериш хизмати кўрсатилган. Маслаҳат олган фуқароларнинг 576 нафари (95,2 фоиз) иш сўраб қайта мурожаат қилмаган ва бирор бир бандлик хизматларидан фойдаланмаган
Ўтган 9 ой давомида республика бўйича маслаҳат хизмати кўрсатилган фуқароларнинг атига 65,6 минг нафари (6,9 фоиз) Бандлик бўлимларига иш қидирувчи шахс сифатида қайта мурожаат қилган ва бандлик хизматларидан фойдаланган. Қайта мурожаат қилган фуқароларнинг 50 минг нафарига ишга жойлаштириш кўмаклашиш, 14,8 минг нафарини касб-ҳунарга ўқитиш, 11,2 минг нафарини жамоат ишларига жалб қилиш ва 4,8 минг нафарини ишсиз деб эътироф этиш каби хизматлар кўрсатилган.
Ушбу ҳолатлар таҳлил қилинганда, аксарият фуқаролар бандлик бўлимларига ишга жойлашиш ёки бошқа бандлик хизматлари бўйича кўмак олиш эмас, балки болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинланишида рўйхатдан ўтиш учун мурожаат қилганлиги аниқланди. Маслаҳат берилган фуқароларнинг аксарияти норасмий меҳнат фаолияти билан бандлиги ва кунлик даромадга эга бўлганлиги сабабли бандлик бўлимлари томонидан таклиф этилаётган иш ўринлари ва бошқа хизматларни рад қилиб келмоқда.
Ушбу ўзгаришлар давлат томонидан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларга тўланадиган нафақалар манзилли етказиб берилишига замин яратади. Бу дегани адолатсиз ва алдов йўллари билан ижтимоий нафақаларни олиб юрганлар сони қисқариб, ҳақиқатан ҳам ёрдамга мухтож фуқароларни нафақа ва иш билан таъминлашга, уларни ижтимоий ва молиявий ахволини яхшилашга, ҳамда кам таъминланганлик чегарасидан юқорига кўтарилишига хизмат қилади.