Икки нафар вояга етмаган фарзандим бор. Тақдир экан, турмуш ўртоғим вафот этди. Ишлай десам, болаларимни ёлғиз қолдириб бўлмайди. Ишламай десам, кун кўриш керак. Бу замонда  ҳамма ўзи билан овора. Ҳар кимнинг ўз ташвиши, ўз ҳаёти бор. Яқин қариндошлар ҳам бир ёрдам беради, икки ёрдам беради, охири барибир малол келади. Албатта, буни тўғри тушуниш керак. Шундай оғир шароитда кун ўтказаётгандик...

Уйинг тор бўлса, дунёнинг кенглиги билинмас, деганларидек, тўй-ҳашам ҳам, яқинларимнинг хурсандчилиги-ю маҳалладаги гап-сўзлар ҳам кўнглимга сиғмай юрган кунлардан бирида маҳалла фаоллари, ҳокимият вакиллари уйимизга келишди. Шароитимизни ўрганиб, дардимни тинглашгач, сизни “Темир дафтар”га киритамиз деб қолишди. Сўнг, камбағалликдан чиқариш учун ёрдам берамиз, Худо хоҳласа, бу кунларни эслаб юрасиз ҳали, деганида, тўғриси, ишонмадим. Хаёлимдан “Темир дафтари” нима экан, мен қандай қилиб фарзандларимни бошқалардан кам қилмасдан тарбиялайман”, деган фикр ўтди.

Ҳукумат вакиллари менга шундай деди: қўлдан берганганга қуш тўймас, опа. Биз сизга шундай шароит, имконият яратиб берамизки, токи у сизга бир умр хизмат қилсин. Янги ҳаётингизда унутилмас саҳифа бўлиб қолсин.

Ишлар бошланиб кетди. Ўтган йили апрель ойида томорқамизга иссиқхона қуриб берилди. Дарҳол бодринг, помидор, булғор қалампири экдим. Ҳосил яхши бўлди, даромади ҳам зўр экан. Оиламизга барака кира бошлади.

Бу мени янада илҳомлантирди, ҳаётда яхши яшаш учун умид пайдо қилди. Янги ғоялар ўйлай бошладим. Ана шунда тикиш-бичишни билишим қўл келди. Етти фоизли имтиёзли кредит олиб, учта тикув машинаси харид қилдим. Маҳалламиздаги ўзимга ўхшаган уч нафар хотин-қизни ҳам бу ишга жалб қилиб, ҳунар ўргатдим. Ҳозирда болалар ва аёллар учун кийим-кечак тикиб пул топяпмиз. Шунинг ҳисобидан уйимни таъмирладим, ёнига янги уй солаяпман.

Яқинда мени “Темир дафтар”дан чиқаришини сўраб маҳалламиз раисига ариза бердим. Энди оёққа туриб олдим, рўзғоримни, болаларимни ўзим эплайман.

Инсон учун энг зарур нарса, бу – фарзандингизнинг сизга бўлган меҳри, кўзидаги қувонч, шодон кулиб юриши кўриш. Фарзанд қачонки ота-онасидан кўнгли тўлса, тенгдошларидан кам бўлмаса, уйида хотиржамлик, фаровонлик ҳукм сурсагина бахтли бўлади. Ота-она эса фарзандига меҳрни ҳаётдан мамнун бўлгандагина бера олади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Темир дафтар” ташкил этилмаганида нима бўларди? Биз каби оилаларнинг ҳоли не кечарди? Буни хаёлимга келтиришдан қўрқаман. Бу каби савобли ишлар бошида турган Президентимиздан миннатдорман.

Роҳатой БОЛТАЕВА,

Қарши шаҳридаги “Қамчибек қўрғонча”

МФЙ фуқароси.