Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар» тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшларни ҳаётга дунёқараши кенг, фаол фуқаролар этиб тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 31 декабрда 1059-сонли «Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини қабул қилди. Қарорда тасдиқланган «Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси»ни мамлакатимиз ёш авлоди тарбиясига тамоман янгича ёндашув деб айтиш мумкин. Чунки шу пайтгача навқирон авлод тарбияси даврлар (болалик, ўсмирлик, ёшлик, камолот фасли)га бўлиниб, бу даврлар учун алоҳида-алоҳида илмий-амалий адабиётлар ёзилган, ҳар бир давр вакиллари тарбиясига масъул бўлган ота-она, ўқитувчи, устозлар ҳам ўз вазифаю машғулотлари чегарасини қатъий белгилаб олишган эди. Холбуки, оддий ниҳолнинг кўркам, чиройли бўлиб ўсиши, сархил мевалар бериши унинг қандай ерга экилгани, қандай парвариш қилингани, қандай озуқалар билан қувватлантирилгани ва бу ишлар ўз вақтида, изчил, бир-бири билан боғлиқ равишда бири иккинчисини тўлдириб давом эттирилганига боғлиқ.

Ёш авлодда мустақил ҳаёт учун зарур бўладиган ижтимоий кўникма ва фазилатларни ёшига мос, босқичма-босқич шакллантириш асосида юксак фазилатли, баркамол авлодни вояга етказишни асосий мақсад қилиб белгилаган тўрт босқичдан иборат Концепциянинг биринчи босқичи ҳомиладорлик давридан бола дунёга келиб уч ёшгача бўлган йилларни ўз ичига олади. Бу давр ҳам иккига: ҳомиладорлик ва бола туғилгандан кейин 3 ёшгача бўлган даврга бўлинади; тарбия учун масъуллар сифатида ота-она, тарбиячи, ўқитувчи, узлуксиз таълим муассасалари ва жамоатчиликнинг ўзаро самарали ҳамкорлигини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси белгиланган.

Аввало, ҳомиладорлик даврига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ҳали дунёга келмаган зурриётнингда маънавий тарбияга муҳтож экани, унинг ота-онаси ва жамият бу ҳақда ҳали у олам юзини кўрмасдан туриб ғамхўрлик қилишини таъминлаш зарурлиги давлатимиз томонидан эътироф этилиши, бу ишни давлат сиёсати даражасида кўриб амалий чоралар белгиланиши – бугун ва истиқболга доҳил улуғ қадам. Ҳақиқатан ҳам, бола 3 ёшигача асосан ота-онаси, шу билан бирга, жуда кўп ўзбек хонадонларида бобосию бувиси, амакисию аммалари орасида яшайди, илк кўникмаларга эга бўлади. Замонавий руҳиятшунослик бола ҳали дунёга келмасидан бошлаб оила муҳитини ҳис этиши, ундан таъсирланишини илмий асосда таъкидлайди. Аслида, бизнинг халқимиз учун бу фикр янгилик эмас. Момоларимиз ҳомиладор аёлнинг ташландиқ, қўрқинчли жойларда, қоронғу тушганда ёлғиз юришига йўл қўймаганлар. Оғироёқ онага тинчлик-осойишталик яратиш, чиройли жойлар ва нарсаларни кўрсатиш, мулойим муносабатда бўлиш, оқибати хайрли воқеалар ҳақида сўзлашни, иложи борича кўнгли тусаган таом-емакни муҳайё қилишни маслаҳат берганлари бежиз эмас.

Фарғонанинг Ёзёвонидан Республика халқ маориф аълочиси Ўктамхон Солиева шундай хат ёзибди: “Қуйидаги воқеани ўқиган, эшитганлар унинг тўқиб чиқарилмагани, ҳаётий эканига ишонишлари учун исму фамилиямни яширмайман. Бундан уч йил олдин қизим ҳомиладор бўлдию, ҳамма жуда мақтайдиган қимматбаҳо атримнинг ҳидини ёқтирмай қолди. Учрашганимизда кўришар-кўришмас мендан узоқлашар, шу атирни сепмаслигимни илтимос қиларди. Мен бу ҳомиладорларда бўладиган инжиклиқлардан бири деб ўйладим, атирни ишлатавердим. Бир сафар анча муддат ўтиб кўришдик, қизим узоқдан «Аяжон!» деб қувонч билан ёнимга келдию... «Яна сепдингизми?» деб тўхтаб қолди. Ўша ердаги дарахтга суянди, қарасам, ранги ҳам оқариб кетгандек. Ўшандан кейин севимли атиримни шкаф токчасининг бир чеккасига суриб, фойдаланмай қўйдим.

Сал ўтмай қизим фарзандли бўлди, учинчи қизча дунёга келди. Шундан кейин... қизим бир куни шкафимдан ҳалиги атирни топиб олибди. «Аяжон, мана бу атирнинг ҳиди мунча ёқимли», – деб кўтариб чиқди. Мен кулдим, қаранг, ҳомиладорликнинг ўзига хос сир-синоатида – энди унга атирнинг ҳиди жуда ёқиб турибди!

Айтмоқчи бўлган гапим бутунлай бошқа: қизимнинг чақалоғи ойлар сайин атрофидагиларни таниб, уларга кулиб талпинадиган бўлди. Фақат мени кўрганда бирдан ҳурпайиб, онасига маҳкам ёпишиб оларди. Нарса узатсам тескари қарайди, уни мажбуран қўлимга олиб кўтармоқчи бўлсам, юзларимни тимдалаб ташлайди. Бир, бир ярим ёшга кирди, ҳеч ўзгармайди. Бошқа набираларим мени кўришган заҳоти югуриб келишади, қучоғимни, елкамни, қўлларимни талашишади, лекин фақат шу қизгина мени ёқтирмайди. Қизим: «Аяжон, ҳомиладорлик пайтимда сизнинг атрингиздан кўнглим беҳузур бўлгани, унинг ҳидидан ёмон қийналганимни набирангиз қорнимда туриб билганмикин?» – дейди. Мен ўзим ҳам шундаймикин, деб ўйладим. Бошқаларга ибрат бўлсин, деган мақсадда ёздим”.

Тасаввур қилинг: ҳамма билан бир дастурхонда бинойидек овқатланиб ўйнаб-кулиб юрган келин ҳомиладор бўлдию, тансиқ мева егиси келиб қолди, кўпроқ ухлайди, қай бир ҳидлардан беҳаловат бўлади... Билингки, бу – унинг эрка-тантиқлигидан эмас, вужудида уйғонган зурриётингизнинг талаби, соғлом улғайиш учун эҳтиёжидан. Айни мавзуда гап кетса, кўпчилик бу фикрни тасдиқлайди. Аммо амалда... Туманлардан бирида оиласи бузилган ёш келин гапириб берди: тўрт ойлик ҳомилам бор эди. Қайнонам томорқадаги ёмғирдан кейин ивиб ётган маккапояни йиғиштириб, боғлаб, томга босиб қўйишни буюрдилар. Дам олиш куни эди, телевизор кўриб ўтирган эримга: «Юринг, бирга...» деганимни биламан, қайнонам: «Ўғлим ўзи бир кунгина дам олади», деб ўғилларига «ўтир» ишорасини қилдилар. Ўзим ҳамма маккани ўрдим, йиғдим, нарвондан томга ташидим. Эртасига эрталаб ҳовли лой бўлгани учун икки яшар қизимни кўтариб ташқарига олиб чиқаётгандим, белимда қаттиқ оғриқ турди... ҳомилам тушиб қолди.

Бу каби бемеҳрликлардан бўлажак онанинг дили оғриб, асаблари таранглашиб ёки бўшашиб, айни ҳолати унинг соғлигига таъсир этса, демакки, бу асорат ҳомилани ҳам четлаб ўтмайди. Жамиятимизнинг аччиқ муаммоларидан бўлган оилавий ажримларнинг сабаблари орасида қайнона-келин, қайнопаю қайнсингилларнинг келишмовчиликлари ҳам салмоқли ўрин тутади. Бу борада кўпчилик куёв-эрларнинг икки томонни тенг тарозу қилиб келиштириб яшаш қобилиятидан мосуво эканликлари – алоҳида катта мавзу. Ажабланарлиси, бошидан ҳомиладорликни кечирган бўлсада, айрим қайнонаю қайнопалар, овсинларнинг ҳомиладор келиннинг аҳволини билиб туриб билмасликка, тушуниб туриб тушунмасликка олишлари, юмшоқ қилиб айтганда, бераҳмлик, инсонийликдан эмас. Бундай шароитда келиннинг ўзигина эмас, унинг бағрида онаси билан бир жон-бир тан бўлиб ётган ҳомиласи ҳам ғам, изтироб, руҳий қийинчиликларга шерик бўлади. Мутахассислар илмий кузатишлар даврида ҳомиладор аёлнинг олдига ширинсўз, меҳрибон одам келса ҳомиланинг яйраб, осойишта ҳаракатда бўлганини ва аксинча, онани ранжитадиган одамнинг овози эшитилган заҳоти нотинч бўлиб асабийлашганини кузатишган, демак, ҳомила овозларни фарқлашни билади, танийди. Шундай бўлгач, ҳомиладор келинидан ой-ойлаб норози бўладиган, уни тинмай уришадиган, жеркийдиган қайноналар кейинчалик набираларидан ўзлари истагандек меҳр-оқибат кўрмасалар... Худо сақласин! Зурриётларингга қадрли, эъзозли бўлиш аввало ўзинг уларни қадрлаб эъзозлашингдан бошланарканда!

Интернет тармоғида бир ажойиб лавҳа кўрдим: қиш куни кичкина қуш темир қувурга қўнибдию, оёқчалари ўша заҳоти темирга ёпишиб қолибди. У қанотларини пириллатади, лекин учолмайди. Шу пайт бир қўл пайдо бўлиб худди она гўдагини бағрига маҳкам босган каби қушчанинг вужудини кафтига олди. Аввалига безовта бўлган қушча сал фурсатда баданига ўтган ҳароратни ҳис этдими, тинчланди. Қўл қушчани бир муддат иситгандан кейин «куҳ-куҳ»лаб унинг оёқчалари ёпишиб қолган музни эрита бошлади. Ва сал ўтмай митти жон «чирик-чирик»лаганича учди-кетди. Унинг хурсандлигидан набиралар ҳам чапак чалишди...

Кейинги пайтда ҳали бир ёшгаям тўлмаган, ҳатто 2-3 ойлик гўдаклар орасида бош миянинг ички босими (черепное давление) билан оғриганлар сони кўпайди. Кимлар кичкинагина боласининг тажанглиги, қайсарлиги, йиғлоқилиги, гап уқмаслиги, тили жуда кеч чиқаётгани, сўзларни тиниқ талаффуз этолмаётганидан нолийди. Бу ҳолатлар атрофдагиларни ўйлантиради, асабини эговлайди, ҳатто жаҳлини чиқаради. Аслида, айни қусурлардан ҳаммадан кўра кўпроқ боланинг ўзи қийналади, шу қусурлари туфайли тенгдошлари билан чиройли мулоқот қилолмайди, ўз қобилиятларини намоён этолмайди, ақлий-маънавий ривожланишдан орқада қолади. Бу муаммоларнинг илдизини аввало оилавий муҳитдан излаш керак, мутахассисларнинг фикри ҳам шундай. Аксариятимиз кўпинча ёнгинамизда улғайиб келаётган жигарбандимизнинг ҳис этиш, мушоҳада этиб хулоса чиқариш қобилиятларига деярли эътиборсизмиз. Она қорнидаги боланику, қўяверинг.

...Эсдалик дафтаримда қайд этилган сана бўйича мана бу воқеа юз берганда қизчам икки ярим ёшда экан: бир куни айтганимни қилмагани учун қаттиқ уришдим, у ерга қараганча жим тураверди. Шу пайт кўзим тўғридаги токчага терилган қўғирчоқларга тушдию, қизчамни янаям изза қилмоқчи бўлиб: «Ана, кичкинагина қўғирчоқлар ҳам сен қилган ишни қилмайди», – дедим. Қизим, тавба, анчадан буён айтолмаётган дардини тўкиб солишга имкон туғилган каби шартта: «Қўғирчоқларнинг аяси боласини ташлаб ишга кетиб қолмайди!» – деди... Кўзим очилгандек бўлди, биз ҳатто кап-катта боламиз ҳақида ҳам «Қорнини тўйдириб қўйсам, бўлди» деган хаёлда юрарканмиз. Аслида, уларнинг қалби биз ўйлагандан а-а-анча олдин меҳрли, англовчи, тингловчи, тушунувчи, кўзларига термилувчи қалбимизни излашга бошларкан. Кўзингга ёш қуйилади: қанчалар беғубор, беозор, чиройли, умидбахш, муҳаббатга ташнаю муҳаббати ҳадсиз ва таъмасиз болалар – бандаларига Аллоҳнинг бундан ширин, азиз, қадрли неъмати бормикин?!

Дунёга янги келган чақалоқ онанинг ўғиз сутига тўйса, илиги тўқ, жисмонан бақувват бўлади. Айни шу давр атрофида, яъни она қорнидалигидан бошлаб ёруғ оламга кўз очиб, илк қадами, илк сўзлари, илк машғулот-ўйинлари атрофидагиларнинг меҳр-муҳаббати билан рағбатлантирилса, қўллаб-қувватланса маънавияти тўқ мағизли, бағри бутун, ўзига ишончи мустаҳкам, илму маърифатга ошно шахс бўлиб камол топади, иншааллоҳ. «Узлуксиз маънавий тарбия» Концепциясининг биринчи босқичида «тарбия учун масъуллар сифатида ота-она, тарбиячи, ўқитувчи, узлуксиз таълим муассасалари ва жамоатчиликнинг ўзаро самарали ҳамкорлигини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси» қўйилган. Ҳукуматимиз томонидан жуда катта ҳаракат ва харажатлар тикиб бошланган бу хайрли, қутлуғ ишлар кутилган натижалар бериши учун маҳалла фаоллари ҳам алоҳида жонкуярлик, принципиаллик кўрсатишлари, яъни қайнонаю келинларни маиший, майда-чуйда ҳою ҳаваслар, шахсий қизиқишу хоҳишлари «етаги»да эмас, аввало, ўз шажараси ва миллатнинг ҳар жиҳатдан соғлом янги вакилларини тарбиялаш, вояга етказиш орзуси, ҳаракатида яшасалар, шу меҳнатларининг ширин меваларидан биргаликда баҳраманд бўлсалар – бундан чиройли бахт борми?

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази масъул ходими