Танлов жараёнида тест топширган фанлар мажмуаси ва таълим тилига мос ҳолда 5 тагача олий таълим ташкилоти ва таълим йўналиши ҳамда ҳар бир йўналиш учун кундузги, кечки ёки масофавий таълим шакллари танланади. Йўналишларни бир ОТТ доирасида ҳам, турли ОТТлар кесимида ҳам танлаш имконияти мавжуд.
Танловни амалга ошириш ва тасдиқлаш тартиби:
Расмий my.uzbmb.uz платформасига кирилади;
“Олий ва касбий таълим ташкилотларига қабул” бўлими танланиб, “Хизматдан фойдаланиш” ҳамда “ОТТ танлаш” тугмалари босилади;
Танлов устуворлиги ҳамда мавжуд бўлса, мақсадли қабул бўйича танлов белгиланади;
Фанлар мажмуасига мос йўналишлар ҳамда таълим шакллари танланиб, “Сақлаш” тугмаси босилади;
Телефон рақамга юборилган СМС-код киритилгач, танлов тасдиқланади ва “Абитуриент қайд варақаси” шаклланади.
Эслатма: Танлов маълумотларини 8-августга қадар исталган вақтда ўзгартириш мумкин. Белгиланган муддат якунлангач, киритилган маълумотларга ўзгартириш киритиш имкони бўлмайди. Йўналишларни танлашда ўтган йилги ўтиш баллари эмас, аввало ўз баллингиз, қизиқишингиз ва келажакдаги касбий режаларингизни инобатга олиш тавсия этилади.
Маълумот учун, танлов якунлангач шаклланган “Абитуриент қайд варақаси”ни юклаб олиб сақлаб қўйиш тавсия этилади.