Мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш, экспортёрларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, экспортбоп товарлар номенклатурасини кенгайтириш мақсадида амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида экспортёрлар сони 6 417 га етди. Экспортга чиқадиган маҳсулотлар номенклатураси 3938 тага етказилди.
2022 йил якуни билан товарлар ва хизматлар экспорти 19 млрд 309 млн долларни ташкил этди. 2023 йилнинг 9 ойида экспорт кўрсаткичи – 17,7 млрд. долларни ташкил этди.
Маълумки, жаҳон бозорларида рақобат тобора кескинлашиб бораётган шароитда маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш орқали янги бозорларга кириб бориш ва анъанавий бозорларда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун экспорт қилувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш заруриятини юзага келтирмоқда.
Ушбу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 декабрдаги ПҚ-4069-сонли "Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан Эскпортни рағбатлантириш агентлиги тузилган.
Бугунги кунда Агентлик Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурида экспортни қўллаб-қувватловчи давлат институти бўлиб, миллий экспорт қилувчиларга жаҳон бозорида маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва ташқи иқтисодий фаолият доирасида мавжуд тўсиқларни ечиш учун молиявий ва номолиявий ёрдам тақдим этмокда.
Асосий эътибор маҳаллий саноат корхоналари томонидан юқори қўшилган қийматга эга бўлган маҳсулотлар экспортининг оширилишига қаратилмоқда (экспорт ҳажмларининг ўсиши асосий драйвер соҳалар сифатида белгилаб олинган тўқимачилик, электротехника, қурилиш материаллари, минерал ўғитлар ва кимё саноати маҳсулотлари ва бошқалар).
Жумладан, Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан 2022 йилда экспортёр корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилди:
- 586 та экспорт қилувчи корхоналарга экспортга йўналтирилган маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича 310 млрд. сўмлик компенсация тўлаб берилган;
Ушбу корхоналар асосан ҳўл ва қуритилган мева-сабзавот, озиқ-овқат, тўқимачилик ва трикотаж, фармацевтика, чарм-пойабзал, электротехника ва қурилиш ҳамда бошқа турдаги саноат маҳсулотларини экспорт қилган. Экспортнинг умумий қиймати 894,8 млн. долларга тенг бўлган маҳсулотлар 37 та давлатларга етказиб берилган.
- 314 та экспортёр корхоналарга гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда 44,7 млрд. сўмлик суғурта мукофоти харажатлари қоплаб берилди. Бунинг натижасида маҳаллий тадбиркорлар томонидан 647,9 млн. долларлик экспорт амалга оширилган;
- 294 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга халқаро стандарт ва сертификатларни жорий қилиш бўйича 41,3 млрд. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди. Бунинг натижасида маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳалқаро стандартларга мослаштирилиб, жаҳон бозорига сифат жиҳатидан рақобатлашадиган 987,2 млн. долларлик маҳсулотлар ташқи бозорларга экспорт қилинган;
- 473 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга халқаро кўргазма-ярмарка тадбирларини ташкил этиш бўйича 41,7 млрд. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди;
- 73 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга даврий нашрларга обуна бўлиш, тақдимотлар ва реклама компанияларини ўтказиш бўйича 4,7 млрд. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди;
- маҳаллий ва хорижий компанияларни, мутахассисларни жалб қилган ҳолда бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумлар ташкил этиш учун 74 та экспорт қилувчи корхоналарга 511 млн. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди;
- экспорт қилувчи корхоналарга ваколатли органларнинг мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш учун зарур сертификатларни (фитосанитар сертификати, товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат, мувофиқлик сертификати) расмийлаштириш билан боғлиқ 34,8 млрд сўмлик харажатлар қоплаб берилди;
- 14 та ҳудуд бўйича 272 та экспорт қилувчи корхоналарга экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун 18 та тижорат банкига 164,1 млн. доллар миқдорида молиявий ресурс ажратилди;
– 722,8 млн. долларлик тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилган 747 та корхоналарга 84,4 млрд. сўм миқдоридаги субсидиялар ажратилди.
2023 йил январь-сентябрь ойларида экспортёр корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилди:
- 611 та экспорт қилувчи корхоналарга экспортга йўналтирилган маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича 305,2 млрд. сўмлик компенсация тўлаб берилди;
- 249 та экспортёр корхоналарга гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда 33,7 млрд. сўмлик суғурта мукофоти харажатлари қоплаб берилди;
- 230 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга халқаро стандарт ва сертификатларни жорий қилиш бўйича 33,8 млрд. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди;
- 323 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга халқаро кўргазма-ярмарка тадбирларини ташкил этиш бўйича 33,6 млрд. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди;
- 98 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга даврий нашрларга обуна бўлиш, тақдимотлар ва реклама компанияларини ўтказиш бўйича 3,5 млрд. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди;
- экспорт қилувчи корхоналарга ваколатли органларнинг мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш учун зарур сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ 28,1 млрд. сўмлик харажатлар қоплаб берилди;
- маҳаллий ва хорижий компанияларни, мутахассисларни жалб қилган ҳолда бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумлар ташкил этиш учун 32 та экспорт қилувчи корхоналарга 287,2 млн. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди;
- тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилувчи 1 109 та корхонага 89,1 млрд. сўмлик субсидия ажратилди;
- 14 та ҳудуд бўйича 272 та экспорт қилувчи корхоналарга экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун 18 та тижорат банкига 233,7 млн. доллар миқдорида молиявий ресурс ажратилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида Агентлик томонидан экспорт қилувчи корхоналарга жами 515 млрд. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилган бўлиб, 1 млрд 660 млн доллар миқдорида экспорт амалга оширилишига эришилди.
Шу билан бирга, Экспортни рағбатлантириш агентлиги тизимида “ягона дарча” тамойили асосида, шу жумладан “онлайн” режимда фаолият юритувчи, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Экспортчилар маркази ташкил этилди.
Экспортчилар маркази фаолияти дориасида қўшилган қиймат солиғини қайтариш, экспортолди молиялаштириш учун кредит ажратиш, табиий газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, божхона расмийлаштируви, карантин назорати билан боғлиқ 922 та муаммоли масалалаларнинг 598 таси ўз ечимини топди.