Ўрганишлар муассасалар битирувчиларини уй-жой ҳамда иш билан таъминлаш билан боғлиқ муаммолар тўлақонли ҳал этилмаганлигини кўрсатди.

Хусусан, 2011-2019 йилларда ушбу муассасаларни тамомлаган тарбияланувчилардан 381 нафари турар жойга муҳтож бўлиб, ҳокимликлар томонидан уларнинг 200 нафари бўш уйлар мавжуд эмаслиги, 6 нафари ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганлиги, 175 нафари бошқа турли важлар билан ҳозирда турар жой билан таъминланмаган.

Оқибатда  ушбу болаларнинг 125 нафари таълим муассасалари ётоқхонасида, 142 нафари танишлариникида, 45 нафари ижарада ва 16 нафари муассасаларнинг ўзида вақтинча истиқомат қилаётган бўлса, 53 нафари аниқ муқим яшаш жойига эга эмас.

Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларининг туман-шаҳар ҳокимликларида ушбу масалага эътиборсизлик билан ёндошилганлиги сабабли бу тоифадаги болалар учун Уй-жой майдонини ҳисобга олиш ва тақсимлаш комиссиялари фаолияти йўлга қўйилмаган.

Бундан ташқари, ҳокимликлар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 02.08.2010 йилдаги 164-сонли қарори талаби асосида етим болаларга уй-жой сотиб олиш учун мақсадли трансферт ажратиш масаласига сусткашлик билан ёндошилиб, 2011-2019 йилларда атиги 14 та ҳолатда трансферт маблағлари ажратилган.

Тегишли назорат ўрнатилмаганлиги оқибатида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ажратилган уйлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги, жумладан уйларнинг 66 таси бўш турганлиги, 18 тасида бошқа шахслар яшаётганлиги, 2 таси эса сотиб юборилганлиги аниқланди.

Муассасалар битирувчиларининг бандлигини таъминлаш ишлари ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилиб, 2011-2019 йилларда муассасаларни тамомлаган тарбияланувчилардан 712 нафари ишсиз эканлиги ва оқибатда улардан 243 нафари ишлаш ёки бошқа мақсадларда хорижга чиқиб кетганлиги аниқланган.

Қайд этилган ижтимоий муаммолар, ўз навбатида, тарбияланувчилар томонидан қонунбузарликлар содир этилишига шароит яратиб, сўнгги 9 йил давомида тарбияланувчиларнинг 99 нафари турли жиноятларга қўл урган ва 201 та маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган.

Ўрганиш натижасига кўра, прокуратура органлари томонидан ноқонуний ҳужжатларга нисбатан 12 та протест келтирилиб, 77 та тақдимнома киритилди, 10 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 8 нафар тарбияланувчининг манфаатини кўзлаб судга даъво ариза киритилди, 23 нафарининг ишга жойлаштирилиши таъминланди.

Бундан ташқари, Бош прокуратура томонидан 2019 йил сентябрда  ушбу масала таҳлили бўйича Ҳукуматга киритилган ахборот юзасидан амалга оширилган ишлар натижасида муассасалар битирувчиларидан 96 нафарига турар жой ажратилишига эришилган.

Ўрганиш жараёнида аниқланган муаммо ва камчиликларни амалий жиҳатдан бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.