Боланинг биргина табассуми дунёни бахтга, қувончга тўлдиради. Унинг кўзларига, беғубор нигоҳига боққанингда, дунё ташвишларини унутасан, киши.

Айниқса, балажонларнинг шўх-шодон  кулгулари, хурсандчиликларини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Агар боланинг қалби дарз кетса, уни ҳеч қандай давлат ёки бойлик билан бутлаб бўлмайди. Бундай болаларнинг ўзига, эртанги кунига ишончи йўқолади, қалби ўксийди.  

Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, жумладан, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш, уларнинг манфаатини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчиларининг 51 фоизига уй-жой ажратилгани, меҳрибонлик уйларидан чиққан йигит-қизларнинг 64 фоизи иш билан таъминлангани фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Шунингдек, етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Лекин шунга қарамай, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга таълим бериш, ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, ҳуқуқ ва эркинликларини амалда рўёбга чиқариш долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. “Меҳрибонлик уйи”ни битирган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашуви, таълим олиши ва бандлигини таъминлаш борасида яхлит тизим шакллантирилмаган.

Меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билим ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ эканлигидан келиб чиқиб, уларни ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, спорт билан шуғулланишларини ташкил этиш бўйича янги методикалар ишлаб чиқилган ҳолда, 14 ёшдан юқори ўғил-қизларни энг талаб юқори касбларга ўргатиш йўлга қўйиладиган бўлди.

Президентимиз раислигида Ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда ижтимоий нафақаларни такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг таълим-тарбияси, уй ва иш билан таъминланиш даражаси таҳлил қилиниб, бу йўналишда аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги кунда меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг 17 фоизи чин етимлар, қолган 83 фоизи эса ота-онаси ёки яқин қариндошлари воз кечган болалар ҳисобланади. Бундай оилаларга моддий ёрдам бериш орқали аксарият болаларни ўз оиласи бағрига қайтариш мумкин.

Жорий йил 1 сентябрдан бошлаб нафақа миқдори оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгиланиши, бунда болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача, тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача узайтирилиши эса кўплаб болажонлар қалбига чароғонлик,  оиласига  шоду хуррамлик бахш  этди. Қолаверса, “темир дафтар”га кирган оилалар фарзандлари, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган болаларга мактабга чиқиши учун 500 минг сўмдан берилиши минглаб қалбларда эртанги кунга бўлган умид ва ишончни янада мустаҳкамлади.

Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кенгайтирилиши, 18 ёшга тўлган, уй-жойга муҳтож етим болаларга  янги қурилган уй-жойлар бепул ажратилиши, бунинг учун жорий йилда бюджетдан 120 миллиард сўм йўналтирилиши Ўзбекистонда ҳар бир фуқаро давлатнинг эътиборида эканлигини билдиради.

Етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган иқтидорли талабалар стипендияси 50 фоизга оширилиши, бундай талабаларга пенсия тўлаш муддати амалдаги 18 ёшдан 23 ёшгача узайтирилиши, уларга зарур адабиётлар сотиб олиши учун ҳар йили бир марта 1 миллион 200 минг сўм субсидия берилиши  очиғи, тарихда бўлмаган.

Ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш ва даволаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши, бундай болаларни зарур тиббий восита ва аравачалар билан таъминлаш, жарроҳлик операциялари ўтказиш, имплантант ва протез ўрнатиш учун қўшимча маблағ ажратилиши мутлақо тўғри ва ниҳоятда оқилона қарор, деб ҳисоблайман. Яратилаётган имкониятлар эса одамларнинг кайфиятини кўтарди, ҳар бир фуқарога беқиёс куч-қувват бағишлади. 

Хулоса қилиб айтганда, ота-она меҳридан маҳрум ва ногиронлиги бор болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни орзу-умидларини рўёбга чиқариш бугун асло кечиктириб бўлмас вазифалардан бири саналади. Зеро, ҳар бир бола эътибор ва меҳрдан куч олиб яшайди. Шу жиҳатдан ижтимоий ҳимояга муҳтож, ота-она қарамоғидан маҳрум, кўнгли ярим болаларни қўллаб-қувватлашдек амалий ишларга барча бирдик ёндашса, фарзандларимизга катта яхшилик қилган бўламиз.  

Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати