Жорий йил 9 декабрда Тошкент шаҳар ҳокимлигида Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан йиғилиш ташкил этилди.

Унда сенаторлар, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши доимий комиссия раислари, масъул вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда Тошкент шаҳридаги Меҳрибонлик уйлари директорлари иштирок этди.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Д.Тошмуҳамедова олиб борган йиғилишда 2021 йилда Тошкент шаҳрида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун уй-жой харид қилишнинг мақсадли параметрлари ижроси таҳлил этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг мақсадли параметрларига асосан 2021 йил давомида Тошкент шаҳрида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун жами 173 та уй-жой харид қилиш белгиланган. Ушбу уйлар учун жами 29,583 миллион сўм маблағ назарда тутилиб, шундан 14,792 миллион сўми Республика бюджетидан, 14,792 миллион сўми эса маҳаллий бюджетдан ажратилиши режалаштирилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, 2019-2021 йиллар давомида 149 нафар чин етимга уй-жойлар ажратилган. Бироқ, юқорида қайд этилган мақсадли параметрлар учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилмагани танқидий муҳокама этилди.

Йиғилишда етим болаларни уй-жой билан таъминлашдаги муаммо ва камчиликлар таҳлил этилиб, сенаторлар томонидан уни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, йиғилиш давомида уйга муҳтож етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотлар доимий мониторинг қилиб борилиши таъкидланди.

Йиғилиш сўнгида сенаторлар ва масъул вазирлик ҳамда идора вакиллари уй-жойга муҳтож, уй-жой берилган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларни қайта кўриш ва инвентаризация қилишга келишиб олинди.

Муҳокамалар якунида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда доимий парламент назорати ўрнатилиши қайд этилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.