— Буни оғир, ваҳимали қабул қилиш керак эмас, — дейди Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев ОАВларидан бирига берган интервьюсида. — Чунки иқтисодиётни ўзини ўзи тўғрилаш жараёни бўлади. Хорижий валютага нисбатан талаб ва таклиф мувозанатлашади. Тан олиш керак, ҳар доим курснинг ўзгариши оғриқли бўлади. Бу худди касал бўлганда аччиқ дори ичиш ёки оғриқли муолажа олишга ўхшайди. Муолажа оғриқли, лекин уни олмасангиз, касаллик газак отиб кетаверади ва эртага бундан ҳам оғир даволанишга тўғри келиб қолади. Шунинг учун ҳам ҳозирда 3,5 –4 фоиз, йил бошидан эса 7 фоиз атрофида тўғриланиш бўлгани табиий жараён ва иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади.

Марказий банкнинг мазкур ҳолатга берган изоҳига кўра, “Асосий савдо-ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг сезиларли қадрсизланиши ташқи савдо ва пул ўтказмалари канали орқали сўмнинг реал самарали алмашув курсининг мустаҳкамланишига олиб келди.

Бу, ўз навбатида, экспорт ва пул ўтказмалари тушумлари каналлари орқали мамлакатимизга валюта тушумларига ва ички валюта бозоридаги таклиф ҳажмига салбий таъсир кўрсатди. Натижада ички валюта бозорида сўм алмашув курси девальвацияси суръатининг бироз тезлашиши – фундаментал омиллар таъсирида тўғриланиши кузатилди.

Марказий банк келгусида алмашув курсининг кескин қадрсизланишининг олдини олиш бўйича етарли инструментларга эга бўлиб, зарур ҳолларда қўшимча интервенциялар амалга ошириш орқали тебранишлар юмшатиб борилади.

Мазкур тўғриланиш реал самарали алмашув курсининг узоқ муддатли трендига қайтишига олиб келади ва мувозанатли курс валюта тушумларини ошириш орқали бозорда таклиф ўсишига хизмат қилади. Реал самарали алмашув курси йил охиригача ва ўрта муддатли истиқболда нисбатан барқарор бўлади.”

Бу фикрларнинг дастлабки далилини 11 август куни Марказий банк томонидан хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 14 августда амалда бўладиган қиймати эълон қилганида кўриш мумин. Унга кўра, доллар 33,15 сўмга тушиб, 12 041,88 сўм, евро 88,31 сўмга пастлаб, 13 219,58 сўм бўлди. Рубль 1,40 сўмга тушиб, 122,37 сўмни ташкил қилди.

ИНФЛЯЦИЯ ВА НАРХ-НАВО

Лотинча “inflatio” сўзидан олинган инфляция сўзи “шишиш”, “бўртиш”, “кўтарилиш” маъноларини англатади. Бунда мамлакатдаги товар ва хизматлар баҳоси умумий даражаси ошиши (ўсиши) тушунилади. Нархлар кўтарилиши натижасида мамлакат пул бирлиги (миллий валюта) харид қобилияти пасайиши рўй беради. Инфляциянинг асосий кўрсаткичи истеъмол нархлари индексининг муайян даврдаги ўзгариши ҳисобланади.

Дунё мамлакатларининг аксарият қисми, жумладан, Ўзбекистонда ҳам инфляция даражаси “истеъмол саватчаси” деб номланадиган, ўртача одам ёки оила доимий равишда сотиб оладиган маҳсулотлар, товарлар ва хизматлар тўпламига нисбатан аниқланади. У қимматбаҳо товарлар билан эмас, балки бирламчи кундалик маҳсулотлар, масалан, турли хизматлар, нон, сабзавот, ўсимлик ёғи, тухум, гўшт, гуруч каби озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлар билан ўлчанади. Ушбу шартли сават нархи ойма-ой ўзгариб туради. Бундай ўзгариш кўрсаткичига қараб инфляциянинг даражаси аниқлаб борилади.

2022 йилда юртимизда инфляция даражаси 12,3 фоизни ташкил этди. Барча иқтисодий механизмларни қўллаб, жорий йилда бу кўрсаткични 10 фоиздан пастга тушириш мақсад қилинган.

Президентимиз ҳузурида шу йилнинг 7 февраль куни 2023 йилда инфляция даражасини пасайтириш чоралари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда шундай рақамлар келтирилар экан, бунинг учун истеъмол товарлари, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уларни “даладан дастурхонгача” етказиб беришдаги харажатларни қисқартириб, арзон бўлишини таъминлаш, аҳоли учун жозибадор молиявий хизматлар турларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилган эди.

Шу йилнинг 23 март куни ўтказилган видеоселекторда ҳам озиқ-овқат таъминоти аҳоли фаровонлигида ва инфляцияни жиловлашда энг муҳим омиллардан бири экани қайд этилди. Сўнгги йилларда озиқбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга 200 минг гектар ер ажратилгани ҳамда 500 минг гектар қўшимча ер фойдаланишга киритилгани ички бозорда нарх-навони барқарор сақлашга хизмат қиляпти.

Халқ дастурхони тўкин бўлиши учун давлатимиз раҳбари фармони билан 2024 йил 1 январгача 35 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига божлардан имтиёз берилди. Бундан ташқари, 1 майдан ижтимоий реестрга кирган аҳолига мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилса, қўшилган қиймат солиғи қайтарилади. Бу орқали 2 миллиондан ортиқ оилага енгиллик бўлади.

Жаҳонда охирги икки йилда озиқ-овқат инфляцияси йилига 15-20 фоиздан пасаймаяпти. Ўсимлик ёғи, сут ва гўшт нархи сўнгги 30 йилдаги энг юқори даражага кўтарилган. Транспортда ташиш, ўғит ва ёқилғи харажатлари ошиб кетгани ҳам озиқ-овқат нархларига ўз таъсирини кўрсатяпти.

Таҳлилларга кўра, бу ҳолат 2023 йилда ҳам, келгуси йилларда ҳам сақланиб қолади. Шу боис, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, одамларни банд қилиш бўйича қўшимча имкониятлар топиш керак.

Йиғилишда ҳудудлардаги ана шундай имкониятлар таҳлил қилиниб, уларни ишга солиш чора-тадбирлари белгиланди.

ДЕФЛЯЦИЯ, АСОСИЙ СТАВКА, КРЕДИТ ВА БОШҚА ЖИҲАТЛАР

2023 йил июль ойида Ўзбекистонда 0,2 фоизли дефляция қайд этилди. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, истеъмол нархлари индекси пасайиши озиқ-овқат маҳсулотларининг сўнгги бир ойда ўртача 0,9 фоиз арзонлашгани ҳисобига кузатилди. Бу даврда ноозиқ-овқат маҳсулотлар 0,3 фоиз, хизматлар эса 0,5 фоиз қимматлашган.

Йил бошидан буён (январь-июль ойларида) инфляция 3,3 фоизгача пасайди (ўтган ойда бу кўрсаткич 3,45 фоизни ташкил этган). Йиллик инфляция (ўтган йилнинг июль ойига нисбатан) 9,8 фоизгача пасайди — бу 2016 йил августидан бери энг паст кўрсаткич (8,6 фоиз)дир. Айни кезда шу йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлар ўртача 10,7 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 7,3 фоиз, хизматлар 8,2 фоиз қимматлашди.

Охирги ойда гуруч ва гўшт қимматлашган, ун, тухум, сариёғ, сут ва шакар арзонлашган. Бензин нархи кўтарилишда давом этгани ҳолда газ ёнилғиси нархи деярли ўзгармаган.

Яна бир муҳим жиҳат — Марказий банкнинг асосий ставкаси. У инфляцион таргетлаш режими доирасида пул-кредит сиёсатини юритишнинг асосий инструментларидан биридир. Банклараро пул бозоридаги фоиз ставкалари, шунингдек, Марказий банк томонидан банк тизимига ликвидликни тақдим этиш бевосита асосий ставкага боғлиқ. Уни ўзгартириш орқали иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун зарур бўлган пул-кредит шароитлари юзага келади.

Асосий ставка даражаси Марказий банк бошқаруви мажлисларида пул-кредит сиёсати шароитлари, жорий ва кутилаётган инфляция даражаси ҳамда макроиқтисодий ҳолатни инобатга олган ҳолда белгилаб борилади.

Марказий банк бошқаруви жорий йил 16 март куни бўлиб ўтган йиғилишда асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражада белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Унда қайд этилишича, асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилиши ўтган йил март ойида хатарлар учун фоиз ставкани ошириш орқали қўйилган қўшимча юкламани тўлиқ олиб ташлаш имконини беради. Бунда йиллик 14 фоиз даражасидаги асосий ставка инфляция прогнозининг пасаювчи динамикасида (8,5-9,5 фоиз) нисбатан қатъий пул-кредит шароитлар сақлаб қолинишини таъминлаши таъкидланди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази асосий ставканинг 1 фоиз бандга туширилиши макроиқтисодий кўрсаткичларга қандай таъсир кўрсатишини ҳисоб-китоб қилиб, иқтисодиётнинг жадаллашиши, аҳоли истеъмоли ошиши, кредит ҳажми ўсиши кутилаётганининг далолати сифатида баҳолаган эди.

Марказ таҳлилига кўра, асосий ставканинг 1 фоиз бандга тушиши натижасида базавий сценарийга нисбатан мамлакат ялпи ички маҳсулоти 0,55 фоиз ўсади, аҳолига берилаётган кредит миқдорини 2,6 фоиз кўпайтиради. Натижада базавий сценарийга нисбатан аҳоли ялпи истеъмоли 0,2 фоиз ортади.

Халқаро валюта жамғармаси ўтказган тадқиқотга мувофиқ, асосий ставканинг 1 фоиз бандга ўзгариши кредит ставкаларини ўртача 0,6 фоиз бандга, депозит ставкаларни 0,35 фоиз бандга ўзгартиради.

Яна бир жиҳат, асосий ставка камайиши тижорат банклари кредит ставкаларини пасайтириб, хусусий инвестицияларни рағбатлантиради. Бунинг натижасида ялпи инвестициялар ҳажми 0,68 фоиз кўпаяди.

Шу йил 27 июль куни Марказий банк бошқаруви йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш мақсадга мувофиқ топилди. Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича ўтказилган матбуот анжуманида бу қарорга келишга қандай омиллар сабаб бўлганига изоҳ берилди.

— Инфляция даражаси пасаятган бўлса-да, фундаментал талаб омиллари босимлари сақланиб қолмоқда, — дейди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов. — Жорий йил иккинчи чорагида умумий инфляция динамикаси секинлашишда давом этиб, июнь ойи якунида 9 фоизгача пасайди. Бу ҳолатни қишлоқ хўжалигидаги мавсумий омиллар, ўтган йилги юқори база эффекти таъсирлари чиқиб кетиши, импорт нархлари барқарор сақлангани, йил бошидан шаклланаётган монетар шароитлар ҳамда тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолгани билан изоҳлаш мумкин.

Айни пайтда хизматларга юқори талаб сақланиб қолаётгани ва ушбу соҳада нархлар мослашуви давом этаётгани ҳисобига ўтган 6 ой давомида хизматлар инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилмади. Базавий инфляция ҳам кутилганидан кўра секинроқ пасайиб, июнь ойида 11,3 фоизни ташкил этди. Натижада базавий инфляция ва умумий инфляция ўртасидаги тафовут сақланиб қолмоқда.

Шу ўринда базавий инфляция нима, деган саволга аниқлик киритиб ўтиш ўринли бўлади. Иқтисодий адабиётларда бу инфляциянинг бир қисми бўлган, ўзида маъмурий ҳамда мавсумий омилларнинг нархлардаги таъсирини ҳисобга олмаган ҳолда товар ва хизматлар нархининг эркин ўзгаришини (динамикасини) акс эттирувчи кўрсаткичдир. Ушбу кўрсаткич мамлакатдаги инфляция даражасини муайян бир давр учун яққолроқ ифода этади. Чунки базавий инфляция истеъмол саватидаги мавсумий, қисқа муддатларда нарх-навоси тез-тез ўзгариб турувчи, қиймати давлат томонидан тартибга солинадиган айрим товар ва хизматлар нархини инобатга олмайди.

Шу йилнинг дастлабки олти ойида маъмурий ва мавсумий омилларнинг нархларга таъсирисиз ҳисобланган базавий инфляция кутилганидан кўра секинроқ пасайди ва июнь ойида 11,3 фоизни ташкил этди. Натижада базавий ва умумий инфляция ўртасидаги тафовут ошиб бориши кузатилмоқда. Ўртача йиллик инфляция ҳам жорий инфляциядан юқори даража касб этган. Бу ҳолат нархлар шаклланишида фундаментал талаб омиллари таъсири сақланиб қолаётгани, истеъмол бозорларидаги талаб ва таклиф тўлиқ мувозанатлашмаганини кўрсатмоқда, истеъмол саватида нархлари 10 фоиздан юқори ошган товар ва хизматлар улуши юқорилигида ҳам намоён бўлмоқда.

Таҳлил этилаётган даврда аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ҳам пасайиб, июнь ойида 13-13,5 фоиз оралиғида бўлди. Бунда инфляцион кутилмаларнинг асосий омиллари қаторида валюта курси ўзгариши, иш ҳақи ва нафақалар ошишини кутаётган респондентларнинг улуши ортган.

Матбуот анжуманида яна бир муҳим кўрсаткичга эътибор қаратилди. Жорий йилнинг 6 ойида банклар томонидан 116 триллион сўмлик, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробар кўп кредитлар ажратилган. Ушбу ўсишни, асосан, аҳолига ажратилаётган чакана кредитлар қўллаб-қувватламоқда. Июнь ойи якунлари бўйича аҳолига ажратилган кредитлар (46 триллион сўм) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баробар ўсди. Бунда чакана кредитларнинг йиллик ўсиш суръатлари ўтган ойдаги кўрсаткичларга нисбатан бироз секинлашди. Аҳолининг автокредитлар, микроқарз, микрокредит ҳамда ипотека кредитларига талаби юқори бўлди.

Марказий банк раисининг қайд этишича, ушбу ҳолат уй хўжаликлари ўртасида ўтказилган сўровларда ҳам ўз ифодасини топган. Респондентларнинг аксарияти келгусида уй-жой, мебеллар, маиший техника ҳамда автомобиллар хариди учун кредитлар олишини ва харажатлари кўпайишини маълум қилган. Чакана кредитга талаб ортиб боришига аҳолининг келгусидаги даромадлари ўсиши бўйича ишончлари ошаётгани асосий сабаб бўлмоқда. Ажратилаётган кредитлар, асосан, истеъмолни қўллаб-қувватловчи хусусиятга эга экани келгусида талаб инфляцияси узоқроқ муддат сақланиб қолишига ишора қилмоқда. Ушбу сегментда “иқтисодий қизиш”нинг олдини олиш учун макропруденциал талаблар кучайтирилди ва чакана кредитларнинг йиллик ўсиш суръатлари июнь ойида ўтган ойлардаги кўрсаткичларга нисбатан бироз секинлашди.

Шу йилнинг 2 август куни Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида муаммоли кредитлар улуши 19 фоиздан 16 фоизга пасайгани, 6,5 мингдан зиёд маҳаллада муаммоли қарздорлик қолмагани таъкидланди. Лекин ҳалигача қарийб 3 триллион сўм кредит қайтмаган.

Бундан ташқари, ҳудудларда ўтказилган ўрганишларда 2,5 мингта ҳолатда 68 миллиард сўм кредит мақсадсиз сарфлангани аниқланган. Бу борада камчиликларга йўл қўйган қатор раҳбарлар лавозимидан озод қилинди.

МИЛЛИЙ ВАЛЮТА ҚАДРИ ВА АСОСИЙ КУТИЛМАЛАР

Шарҳимиз бошида қайд этилганидек, инфляция деганда мамлакатдаги товар ва хизматлар баҳоси умумий даражасининг ошиши (ўсиши) тушунилади. Нархлар кўтарилиши натижасида мамлакат пул бирлиги (миллий валюта) харид қобилиятининг пасайиши рўй беради.

Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ОАВ вакиллари томонидан худди шу масалага доир саволлар берилди.

— Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда миллий пулнинг қадрини иқтисодиёт белгилайди, — деди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов. — Яъни иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, унинг ташқи иқтисодий фаолиятда инклюзив ривожланиши миллий пул қадрини белгилайдиган энг асосий кўрсаткичдир. Ўзбекистонда 2017 йилдан, яъни валюта бозори эркинлаштирилганидан бери бугунги кунгача бўлган валюта курсининг ўзгаришини таҳлил қилсак, кўплаб давлатлардаги валюта қадрсизланишидан биздагиси анча паст. Шу нуқтаи назардан, 4 йилдан ортиқ вақт давомида миллий валютамиз ўртача 6–7 фоиз қадрсизланяпти.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг баҳолашига кўра, 2023 йилнинг биринчи ярмида январь ойидаги прогнозга қараганда анча ишончли иқтисодий ўсиш кузатилган. Халқаро молиявий ташкилотлар ҳам мавжуд иқтисодий шароитларни инобатга олиб, давлатлар бўйича ўсиш прогнозларини янгилади. Хусусан, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармасининг 2023 йил июнь ойидаги “Глобал иқтисодий истиқболлар” прогнозларида Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 йилда 5,1 фоиз, 2024 йилда эса 5,4 фоиз атрофида ўсиши башорат қилинмоқда

Бу прогнозлар амалда ўз ифодасини топяпти. Иқтисодий ўсиш суръатлари жорий йил биринчи ярим йиллигида 5,6 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори суръатларни қайд этди. Кредитлаш суръатлари тезлашиши, бюджет харажатлари ортиб бориши, хусусан, иш ҳақи ва нафақалар оширилиши иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омиллар сирасига киради.

Марказий банкнинг янгиланган прогнозларига кўра, иқтисодиётнинг ташқи иқтисодий шароитларга мослашуви давом этаётгани ва айрим ноаниқликлар сақланиб қолаётгани сабабли 2023 йил якунлари бўйича реал ЯИМ ўсиши 5-6 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бунда аҳоли даромадлари ошиши, фискал рағбатлар, инвестиция ва хизматлар соҳасидаги фаолликнинг юқорилиги иқтисодий ўсишни асосий қўллаб-қувватловчи омиллар бўлади.

Жорий йил якуни бўйича инфляция даражаси макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида шаклланиши 8,5—9,5 фоиз атрофида бўлиши борасидаги прогнозлар ўзгаришсиз қолдирилди. Ўз навбатида, умумий инфляциянинг барқарор шаклланиши йил сўнггигача базавий инфляция даражаси 7,5-8,5 фоизгача пасайишини талаб этади. Жорий базавий инфляциянинг кутилганидан секинроқ пасайиб бораётгани ҳамда умумий инфляция билан фарқи ошиб бораётгани инфляцион босимларнинг узоқроқ муддат сақланиб қолиши бўйича хавотирларни кучайтиради. Бунда пул-кредит шароитларини узоқроқ муддат нисбатан қатъий даражада сақлаб туриш лозимлигини кўрсатади. Шундан келиб чиқиб, жорий йил якунига қадар Марказий банк пул-кредит шароитларининг жорий тенденциясини сақлаб қолади ва пул бозоридаги реал фоиз ставкаларининг камида 3-4 фоизли ижобий даражасини таъминлашни тақозо этади. Бу жараёнда инфляция даражаси пасайиб бориши билан номинал ставкаларни пасайтириш бўйича қарорлар қабул қилиниши мумкин.

Куни кеча Бухоро шаҳрида Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимизда пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобига аҳолига деҳқончилик қилиши учун 200 минг гектар ер майдонлари ажратилиши натижасида 700 минг аҳоли доимий, яна 1,3 миллион нафари мавсумий иш билан таъминланди, 605 минг нафар (90 фоиз) деҳқонларнинг даромади кўпайди. Пахта ва ғалла майдонларини қисқартириб, келаётган кузда ва келгуси йил баҳорида яна 70 минг гектар экин ерларини аҳолига тарқатиш режа қилинган.

Лекин ҳокимлар бугунги кунгача ажратилган 200 минг гектардан самарали фойдаланишни тўғри ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда июль ойида йиллик инфляция даражаси 8,9 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотларида эса 10,7 фоизни ташкил қилгани, бу борада картошка, пиёз, ун ва ёғ маҳсулотлари ўтган йилга нисбатан арзонлашгани муҳим омил бўлгани эътироф этилди. Лекин, такрорий экин экиш ишлари тўғри ташкил этилмагани боис айрим ҳудудларда сабзи нархи 52 фоизгача ошган, помидор 2 баробар қимматлаган, бодринг нархи 1,7 баробаргача ўсган. Бундан ташқари, республика бўйича бор-йўғи 44 минг гектарга картошка такрорий экин сифатида экилган.

Йиғилишда бундан буён туман ҳокимлари ўз ҳудудида инфляцияни жиловлашга шахсан жавоб бериши таъкидланди.

— Шу ўринда ҳокимларни қатъий огоҳлантираман. Нархларни жиловлаш тадбиркорларга маҳсулотини мажбурлаб арзон нархларда соттириш ҳисобидан бўлмаслиги керак. Бу ишлар фақат ва фақат такрорий экинларни кўпайтириш ва маҳсулот ҳажмини ошириш орқали таъминланиши шарт, — деди давлатимиз раҳбари.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда пул-кредит сиёсатини амалга оширишда асосий эътибор – иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляция даражасини 5 фоизлик ўрта муддатли таргетига эришишга қаратилади.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи