Учрашувда Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молия-техникавий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий институтларни либерализациялаш, инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиёт ва ишбилармонлик муҳитининг шаффофлигини ошириш ва ислоҳотларнинг бошқа йўналишларида сезиларли ютуқларга эришгани таъкидланди. Европа томони Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишда молиявий-техник ёрдам кўрсатишни давом эттиришга содиқлигини билдирди.
Мулоқот чоғида томонлар амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида товар айланмасини кўпайтириш бўйича қўшма ишларни жадаллаштиришга келишиб олинди. Хорижий делегация раҳбари экспортчилар ва тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида «GSP+» преференциялар имтиёзларидан фойдаланиш ҳақида хабардорлигини ошириш учун семинарлар ва бошқа зарур тадбирларни ўтказишда ЕИ кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ҳамкорлик ҳам давом эттирилади – яқин келажакда товар ва хизматларнинг бозорга чиқарилиши, шунингдек, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш бўйича икки томонлама музокаралар ташкил этилади. Бундан ташқари, томонлар КШҲБни жорий йил якунига қадар тасдиқлаш мақсадида унинг матнини келишиш бўйича музокараларни жадаллаштиришга келишиб олдилар.
Минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Европа томони Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон билан савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлади ҳамда бу йўналишдаги кўп қиррали ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида, томонлар ўзаро ҳамкорликнинг муҳокама этилаётган йўналишлари доирасида келгуси амалий ҳаракатларни белгилаб олди. П.Буриан яқин орада ЕИнинг Махсус вакили сифатида ўз ишини якунлашини маълум қилди ва шу муносабат билан Ўзбекистон томони минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий интеграция масалаларини илгари суриш ва Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшилган салмоқли ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.