Ўзбекистондаги GTL заводида узлуксиз ишлаб чиқариш циклини, барқарор технологик ва саноат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида заводни энг янги автоматлаштириш ва хавфсизлик тизимлари жорий этилади. «Hima Middle East ZFE» компанияси «Uzbekistan GTL» заводида «Hima Smart Safety Management» ва «Safety Lifecycle Services» каби рақамли хавфсизликни автоматлаштириш соҳасидаги интеллектуал тизимларини ўрнатишни таъминлаб беради.

Бундан ташқари, имзоланган шартномалар доирасида GTL заводининг мутахассислари учун сервис ва техник ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ихтисослаштирилган тренингларни ташкил этиш кўзда тутилган, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

«HIMA» одамларни, атроф-муҳитни ва капитал активларни ҳимоя қилиш мақсадида технологик ва темир йўл саноати учун хавфсизлик билан боғлиқ автоматлаштириш ечимлари бўйича дунёдаги етакчи мустақил етказиб берувчи ҳисобланади. 1908 йилда ташкил этилган ва бош офиси Германияда жойлашган бу компания 800 га яқин ходимга эга ва дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатда фаолият кўрсатади.