Йиғилишда сенаторлар, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари – бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Сенат Кенгаши қарори билан тасдиқланган Ишчи гуруҳи аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Ишчи гуруҳ раҳбари сенатор О.Иминов томонидан қарор лойиҳасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва етим болаларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги таъкидланди.
Ишчи гуруҳ аъзолари қарор лойиҳасига:
- ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш бўйича амалдаги қонун ҳужжатларини ягона қонунга мужассамлаштириш;
- вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларидаги васийлик ва ҳомийлик масалалари билан шуғулланувчи тузилма, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бўлинмаларидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича котибият негизида Вазирлар Маҳкамаси таркибида васийлик ва ҳомийлик ишлари билан шуғулланувчи алоҳида тузилма ташкил этиш;
- болаларни фарзандликка олган оилаларни рағбатлантиришнинг дифференциялаштирилган тизимини яратиш;
- шахсга доир маълумотларни сир сақлаган ҳолда талабгорлар учун васийлик ва ҳомийликка бериладиган болалар ҳақидаги маълумотларни онлайн олиш имкониятини яратиш;
- фарзандликка олишни истовчи номзодларнинг электрон навбатини ишга тушириш;
- ногирон болалар оила тарбиясига олинганда уларни патронаж билан қамраб олиш ва зарур тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш механизмини яратиш каби масалаларни киритиш зарурлигини қайд этишди.
Ишчи гуруҳи томонидан қисқа муддатда Қарор лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқилиши келишиб олинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.