Бугунги шиддатли замонда ҳаёт чархи шунчалик тез айланяптики, кўз ўнгимизда юз бераётган улкан ўзгаришларнинг туб моҳиятини англашга баъзан улгурмай ҳам қоляпмиз. Айниқса, ахборот технологиялари оламидаги инқилобий янгиликлар энди шунчаки “техника мўъжизаси” эмас, балки кундалик турмушимизнинг ажралмас бўлагига айланиб улгурди. Бугун бот-бот қулоққа чалинадиган, бироқ кўпчилик учун ҳали-ҳамон жумбоқлигича қолаётган тушунчалардан бири, шубҳасиз, сунъий интеллектдир. Ёш авлод бу янгиликни худди ҳаводек табиий қабул қилиб, ундан унумли фойдаланишга интилаётган бир пайтда ўрта ва катта авлод вакилларида бир оз ҳадик, тушунмовчилик ёки саволлар туғилиши табиий ҳол.

Умрини меҳнат ва ҳаётий тажриба тўплашга бағишлаган ота-оналаримиз, технологиялардан оз бўлса-да хабардор нуроний отахону онахонларимиз сунъий интеллект аслида нима экани, у бизга дўстми ёки душманми деган саволларга ич-ичидан оддий ва халқчил тилда жавоб излайди. Яқинда ёши олтмишга яқинлашиб қолган тоғамга сунъий интеллект нималигини тушунтираман деб бир соат вақтим кетди. Шундай экан, мураккаб илмий атамаларни четга суриб, бу “мўъжиза”ни ўзбекона қарашларимиз орқали тушунтириб бериш бугуннинг муҳим вазифасидир.

Аслида, сунъий интеллект фантастик фильмларда кўрсатилганидек, одамларни асир оладиган темир роботлар ёки қандайдир сеҳрли куч эмас. Уни соддагина қилиб “рақамли ақл” десак бўлади. Бу инсоннинг фикрлаш қобилияти, мантиғи ва хотирасининг компьютер дастурлари ёрдамида яратилган ўзига хос нусхасидир. Тасаввур қилинг, шундай бир кутубхоначи борки, у дунёдаги барча китобларни ўқиб чиққан, Ер юзидаги барча тилни билади ва сиз сўраган ҳар қандай маълумотни сония­нинг мингдан бир улушида топиб беради. Ёки чарчоқ нималигини билмайдиган, минглаб саҳифа ҳужжатларни бир зумда таҳлил қилиб, хулоса айтадиган моҳир ёрдамчини кўз олдингизга келтиринг. Мана шу чексиз билим ва ўрганиш қобилиятига эга тизим сунъий интеллектдир. У шунчаки буйруқни бажарувчи қуруқ машина эмас, балки худди ёш бола каби ўз хатоларидан хулоса чиқариб, кундан кунга “ақлли” бўлиб бораётган “тирик” жараёндир.

Рақамли ақлнинг ҳаётимиздаги ўрни

Бу рақамли тафаккур бугун деярли ҳар бир соҳага кириб бориб, одамзоднинг оғирини енгил, узоғини яқин қилмоқда. Тиббиёт соҳасини олайлик: ривожланган давлатларда ақлли тизимлар шифокорларнинг энг яқин ёрдамчисига айланган. Масалан, компьютер дастурлари рентген ёки томография тасвирларини таҳлил қилиб, ҳатто, энг тажрибали шифокорнинг кўзи илғамайдиган митти ўзгаришларни, хусусан, саратоннинг илк белгиларини аниқлаб беряпти. Бу эса ҳар йили минглаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда. Қишлоқ хўжалигидаги ўзгаришлар ҳам ҳайратланарли. Япония ёки Исроил каби ер ва сув қадрли давлатларда сунъий ақл тупроқнинг намлиги, об-ҳаво ва экиннинг ҳолатини ўрганиб, қачон ва қанча сув ёки ўғит беришни аниқ ҳисоб­лаб беради. Натижада исрофгарчиликка чек қўйилиб, мўл ва баракали ҳосил олинмоқда.

Таълим тизимида эса бу технология ҳар бир боланинг қобилиятига қараб дарс ўтиш услубини белгилаб беряпти. Хитой мактабларида жорий этилган тизимлар ўқувчининг қайси мавзуда қийналаётганини сезиб, ўқитувчига дарсни қандай ўзгартириш бўйича маслаҳатлар беради. Иқтисодиёт ва молия соҳасида мил­лионлаб амалларни бир зумда текшириб, фирибгарликларнинг олдини олиш, бозорлардаги нарх-навони олдиндан фараз қилиш ҳам айнан шу тизимлар зиммасида. Ҳаттоки, кўчаларда машиналарнинг ҳайдовчисиз ҳаракатланиши ҳам бугун оддий ҳолатга айланиб бормоқда. Буларнинг барчаси инсон ҳаётини янада хавфсиз ва фаровон қилишга қаратилган амалий ­қадамлардир.

Келажак манзаралари ва ўринсиз хавотирлар

Келгусида бу технология ҳаёт тарзимизни бутунлай янгича ўзанга буриб юбориши шубҳасиз. Яқин ўн йилликларда инсоният ўта оғир, саломатлик учун хавфли ва бир хил такрорланадиган жисмоний меҳнатдан тўлиқ халос бўлиши кутилмоқда. Ер ости шахталарида қазиш ишлари, заҳарли кимёвий заводлардаги юмушлар ёки фавқулодда вазиятларда қутқарув ишлари тўлиқ роботлар ва уларни бошқарувчи ақлли тизимлар ихтиёрига ўтади. Шунингдек, миллатлар ўртасидаги тил тўсиқлари ҳам бутунлай барҳам топади. Сиз ўз она тилингизда гапирасиз, митти қурилма эса сўзларингизни суҳбатдошингиз тилига ўша заҳотиёқ, ҳис-туйғулари билан мутлақо хатосиз таржима қилиб беради. Бу эса дунё халқлари ўртасидаги илм, савдо ва дўстлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқади.

Албатта, ҳар қандай буюк ихтиро каби сунъий интеллектнинг ҳам хавотирли жиҳатлари йўқ эмас. Энг кўп тарқалган қўрқув “Техника ҳамма ишни бажарса, биз ишсиз қоламизми?” деган саволдир. Бироқ тарихга назар солсак, ҳар бир янгилик ўзи билан бирга янги имкониятлар олиб келганига гувоҳ бўламиз. Бир вақтлар автомобиль чиққанда, арава ясаб тирикчилик қиладиганлар хавотирга тушган. Лекин автомобилсозлик, йўл қурилиши ва механика соҳаларида миллионлаб янги иш ўринлари очилди. Сунъий интеллект ҳам шундай: эски ва бир хил такрорланадиган ишлар камайса-да, ўрнига тизим операторлари, маълумот таҳлилчилари ва ижодий ёндашув талаб қиладиган мутлақо янги касблар пайдо бўлади. Асосийси, замон билан ҳамнафас бўлиш ва ўқиб-ўрганишдан тўхтамасликдир.

Яна бир муҳим жиҳат — ахборот хавфсизлиги. Бугун ақлли тизимлар ёрдамида кишининг овози ёки қиёфасини сохталаштириш имкони туғилди. Шундай фирибгарликлардан ҳимояланиш учун қонунларимизни бундан-да такомиллаштириш, энг муҳими, аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш лозим. Одамлар нима ҳақиқату, нима ёлғонлигини фарқлаши учун бу технологияларни мактаб ёшиданоқ ўргатиш зарур. Айнан шунинг учун ҳам ёши улуғларимиз янгилик­лардан ўзини четга олиши эмас, аксинча, уларнинг моҳиятини тушуниб, фарзандлари қандай дунёда яшаётганини ҳис қилишлари ҳар қачонгидан ҳам долзарб.

 

Учинчи Ренессанс ва тарихий миссия

Бугун Ўзбекистон Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғвор мақсад сари бормоқда. Шонли тарихимиз шуни кўрсатадики, аждодларимиз илм-фан чўққисида турганида дунёни ҳайратга солган. Қизиғи шундаки, бугунги рақамли оламнинг асоси бўлган “алгоритм” сўзи бевосита буюк ватандошимиз Муҳаммад Хоразмий номи билан боғлиқ. Демак, бугун бизни ҳайратга солаётган ушбу технологиянинг мантиқий илдизлари айнан бизнинг заминда вужудга келган. Шундай экан, бу соҳада етакчи бўлиш биз учун шунчаки иқтисодий эҳтиёж эмас, балки қон-қонимизга сингиб кетган тарихий бурчдир.

Янги Ўзбекистон ёшлари чет эл дас­турларини ишлатувчи “истеъмолчи” эмас, балки жаҳон бозорига муносиб ечимлар таклиф қила оладиган кашфиётчи бўлиши шарт. Бунинг учун ёшларимизга аниқ фанларни ўргатиш билан бирга, миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик ва бой тарихимизни ҳурмат қилиш туйғуларини ҳам сингдиришимиз айни муддао. Фақат замонавий билим ва миллий тарбияни жамлаган ёшларгина чинакам ­Учинчи ­Ренессанс бунёдкорлари бўла олади. Ёшлар таълимига ва АТ соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ҳам айнан мана шу стратегик мақсадга хизмат қилмоқда.

Миллий ўзлик ва қадриятларни асраш долзарблигича қолади

Сунъий интеллект шиддат билан ривож­ланаётган даврда миллий ўзликни сақлаб қолиш — энг устувор вазифа. Глобал тармоқда минглаб маданиятлар тўқнашаётган бир пайтда гўзал тилимизни ва бой қадриятларимизни рақамли оламга кўчиришимиз ҳаёт-мамот масаласидек гап. Чунки ақлли тизимлар фақат ўзига киритилган маълумотлар асосида “фикрлайди”. Агар биз Навоий ва Қодирийлар меросини, достонларимиз ва миллий хазинамизни бу тизимларга жойламасак, эртага фарзандларимизга бегона маданиятлар таъсиридаги “ақлли ёрдамчилар” тарбия берадиган бўлиб қолади. Ёшларимиз рақамли дунёда нафас олар экан, бу муҳит ўзбекона руҳ ва миллий қадриятларимиз билан суғорилган бўлиши шарт.

Бу йўлда ёш олим ва дастурчиларимиз зиммасида улкан масъулият турибди. Биз технологияни ривожлантириш орқали нафақат бойишни, балки маънавий жиҳатдан енгилмас жамият қуришни мақсад қилганмиз. Чет элдан ёпирилиб келаётган “оммавий маданият” хуружларига қарши рақамли мудофаамиз ҳам миллий, ҳам ўта инновацион бўлиши лозим.

Очиқ кўнгил билан тараққиёт сари

Инсоният тарихидаги ҳар қандай буюк кашфиёт — олов бўладими, атом энергиясими ёки сунъий интеллектми — ўз-ўзидан яхши ёки ёмон бўлмайди. Ҳаммаси инсоннинг ниятига ва ундан қандай мақсадда фойдаланишига боғлиқ. Тарих шуни исботладики, янгиликдан қўрқиб, ўз қобиғига ўралиб олган халқлар тараққиётдан ортда қолиб, ўзгаларга қайсидир тарафлама қарам бўлган. Аксинча, ўзгариш­ларни дадил қабул қилиб, уларни ўз манфаати йўлида ишлата олганлар дунё етакчисига айланган. Бугун Ўзбекистон ҳам шу йўлдан бормоқда — ақлли технологиялардан халқимиз фаровонлиги йўлида жасорат билан фойдаланишимиз лозим.

Ота-оналар фарзандлари замонавий билимларни эгаллашида уларга кўмакчи ва далда бўлиши айни муддао. Улар компьютер қаршисида ўтирганида “Шу ўрганганинг билан эл-юртга қандай фойда келтирасан?” деган олижаноб савол орқали фикрлашга чорлаши мақсадга мувофиқ. Зеро, ёшларимиз бир қўлида энг сўнгги технологияни, иккинчи қўлида эса боболаридан мерос қолган маънавиятни маҳкам тутган ҳолдагина энг баланд чўққиларни забт этишга қодир бўлади.

Сунъий интеллект — инсоният тафаккурининг бугунги кундаги энг юксак чўққиси. Бироқ илм-фан ва технология ҳар қанча ривожланмасин, доимо инсон онги, унинг меҳрга тўла қалби ва юксак руҳияти оламни ҳаракатлантирувчи олий хилқат бўлиб қолаверади.

 Жонибек АЛИЖОНОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири