Вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов, Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров, “Қўқон” ЭИЗ раҳбари Фарруҳ Раҳмонов, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ва туман ҳокимлари ўринбосарлари, ишбилармонлар ҳамда олий таълим муассасалари раҳбарлари, санъаткорлар, ОАВ вакилларидан иборат Фарғона вилояти делегациясини Норин вилояти губернатори Собирқул Ашимбаев бошчилигидаги расмийлар кутиб олдилар.
Вилоятимиз вакиллари ташрифни Норин вилоятида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишишдан бошладилар.
Бугун, 2 июль куни Норин шаҳридаги “Хан Тенгри” меҳмонхонаси конференциялар залида Фарғона ва Норин вилоятлари расмийлари ҳамда ишбилармон доиралари иштирокидаги бизнес-форум очилди.
Форум очилишида сўз олган Норин вилояти губернатори Собирқул Ашимбаев ва Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Эргашев икки қардош мамлакат Президентларининг юксак сиёсий иродаси туфайли давлатларимиз ўртасида ҳамкорлик ва дўстлик алоқалари кун сайин ривожланиб бораётганини таъкидлашди. Собирқул Ашимбаев бошчилигидаги Норин вилояти делегациясининг жорий йил март ойида Фарғона вилоятига амалий ташрифидан сўнг икки вилоят ўртасида савдо-иқтисодий ва ижтимоий-маданий ҳамкорликда янги саҳифалар очилишга бошлангани мамнуният билан қайд этилди.
Форум давомида Фарғона вилоятининг иқтисодий-инвестицион салоҳияти юзасидан тақдимот ўтказилиши, “Қўқон” ЭИЗ, вилоят олий таълим муассасалари фаолияти ҳақида батафсил маълумот тақдим этилиши кўзда тутилган. Вилоятимизда фаолият олиб бораётган пахтачилик кластерлари ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўз таклифларини норинликлар эътиборига ҳавола этишади.