Фарғона политехника институти кимё-технология факультети 2-босқич талабаси Сардорбек Холмаматов яроқсиз шиналарни қайта ишлаш орқали муқобил ёнилғи олиш технологиясини кашф этди. Янги лойиҳа атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиб келган бир қанча омилларни бартараф этиш имконини беради. Бу бежиз эмас, албатта.
Фойдаланишдан чиқарилган бир дона яроқсиз резина баллон табиатга асрлар давомида зарар келтиради. Боиси, унинг таркибида резина, нефть, металл, синтетик моддалар мавжуд. У табиий шароитда 500 минг йилгача чиримайди. Ёқиб юборилса, атмосферага заҳарли карбонат ангидрид тарқалади. Бу табиат, атроф-муҳит ва инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади. Иқтидорли талабанинг илмий изланишлари мазкур муаммоларга ечим бўлади.
Оддий оилада камолга етган Сардорбек мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ билимга чанқоқлиги, изланувчанлиги ва ҳаракатчанлиги билан тенгқурларидан ажралиб турарди. Фанларни ўзлаштириш билан бирга кимё ва физика бўйича чуқур билим олиш мақсадида қўшимча фан тўгаракларига қатнади, ўқиди, изланди.
Фарзандининг илм-фан, ихтирочилик борасидаги интилиши оила аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди. Ихтирочилик йўлидаги саъй-ҳаракатлари йигитни Фарғона политехника институти сари етаклади. Билим маскани ёш иқтидор эгасининг ҳаёт тарзи, кундалик ишларида ўзига хос қанот бўлди. Хаёлида чархланиб юрган ғоя ва ташаббусларни рўёбга чиқариш, илмий асосда бойитишга ундади. Бунда устозлар кўмаги, назарий билимлар амалиёт асосида уйғунлашган ўқув жараёнлари самараси катта бўлди. Дастлаб оддий қизиқишдан бошланган изланишлар кўлами кундан кунга кенгайиб борди, янги таҳлиллар, натижалар бўй кўрсатди.
— Бугун инсоният дуч келган энг катта муаммолардан бири энергия тақчиллигидир, — дейди ёш тадқиқотчи. — Энергияни ишлаб чиқаришда асосий манба нефть маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. Улар ўрнини қопловчи муқобил ёнилғи манбалари йўқ. Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида қаттиқ чиқинди — яроқсиз шиналардан иккиламчи хомашё сифатида фойдаланиб, ёнилғи олиш технологиясини ишлаб чиқдик. Бу йўл орқали яроқсиз ашёларнинг табиатда тўпланиши, ёқиб юборилиши билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олди олинади. Бир тонна яроқсиз шина ёқилса, атмосферага 750 куб метр зарарли газ чиқади. Бу, аввало, инсон саломатлиги ва атроф-муҳит мусаффолигига салбий таъсир кўрсатиб, турли хасталиклар келиб чиқишига сабаб бўлади. Яроқсиз шиналар қуёш таъсирида кичик моддаларга айланиб, экин майдонлари, сув ҳавзаларига ҳам зарар келтиради. Устозим Ғуломқодир Мирзақулов билан яроқсиз шиналардан пиролис жараёни, яъни юқори ҳароратда кислород ва бошқа оксидланувчилар иштирокида парчалаш орқали ёнилғи олиш технологиясини жорий қилдик. Натижада газлар, суюқ ва қаттиқ маҳсулотлар ҳосил бўлди. Булар дизель ўрнини босувчи ёнилғи, пўлат, табиий газ ва сиртфаол модда (абсорбент)лардан иборат. Маҳсулотлар халқ хўжалиги ва саноат тармоқлари учун муҳим хомашё вазифасини ўтайди. Таҳлилларимизга кўра, булар табиий дизель маҳсулотига 98 фоиз ўхшаш. Уларнинг замонавий катализаторлар ёрдамида тозалангани сифатни ошириш имконини берди. Технологияда чиқинди деярли бўлмайди. Олинган газни ўзига йўналтириб, ёнилғи сифатида фойдаланиш мумкин. Бир тонна яроқсиз шинадан 500 литр муқобил ёнилғи олса бўлади. Унинг атмосферага зарарли жиҳати йўқ. Президентимизнинг ёшлар билан учрашуви иш самарадорлигимизни янада ошириш, янги тадқиқотлар устида ишлаш ва изланишларга даъват этди. Айниқса, ёшлар томонидан татбиқ этилаётган стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун имтиёзли маблағ ажратилаётгани илм-фан ривожи йўлида янги имконият эшикларини очиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ёш кашфиётчининг илмий изланишлари “Мирзо Улуғбек ворислари” республика танловида истиқболли лойиҳалар қаторидан жой олди.
— Лойиҳадан кўзланган мақсад ва умидимиз катта. Шу кунга қадар бу йўналишдаги илмий изланишларда бундай ижобий натижалар кузатилмаган, — дейди Фарғона политехника институти кимё-технология факультети декани, техника фанлари доктори Ғуломқодир Мирзақулов. — Ёш тадқиқотчи бу йўналишда ўзига хос изланишлар олиб бормоқда. Амалий натижа ва таҳлиллар қувонарли. Лойиҳани саноатлаштириш борасида ишлар бажариляпти. Лойиҳаларимиз шу билан чекланиб қолаётгани йўқ. Айни кунда ёмғир сувидан фойдаланиб, суғориш мураккаб бўлган ҳудудларда “яшил зона”лар ташкил қилиш устида ишлаяпмиз. Юртимизда ёғингарчиликнинг ўртача йиллик ҳажми 186, адир ва тоғолдида 300-550 миллиметрни ташкил этади. Тоғли ҳудудларда эса 800-900 миллиметргача етиб, 70-90 кунгача ёғингарчилик кузатилади.
Ҳисоб-китобга кўра, 1 квадрат метр том сатҳидан ўртача 186 литрга тенг ёмғир сувини тўплаш мумкин. Бу суғориш мураккаб ерларни ўзлаштириш, сув билан таъминлаш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш имконини беради. Табиий ёмғирдан йиғиб олинган сув қувурлар ёрдамида бевосита ўсимлик илдизи атрофига кичик меъёрларда томизиб суғорилиши ҳисобига меҳнат сарфи камаяди. Қўшимча иш ўринлари очилади. Яна бир жиҳати, ёмғир сувидан фойдаланиб, бир киши кунига ўртача 71 литргача ичимлик сувни тежаши мумкин. Ишлаб чиқариш жараёни, маиший хизматлар, уй хўжалиги, автомобиль ювиш шохобчаларида ёмғир сувидан фойдаланишни йўлга қўйиш орқали ичимлик сув сезиларли миқдорда тежалади. Лойиҳа иқлим шароитидан келиб чиқиб, мавжуд ресурсларни иқтисод қилиш ва истеъмолчиларнинг сувга муносабатини ўзгартириш имконини беради.
Билим олиш игна билан қудуқ қазишга қиёсланади. Унинг замирида сабр-тоқат, меҳнат ва изланиш каби ҳаётий ҳақиқатлар мужассам. Ёш тадқиқотчи Сардорбек Холмаматов бу мезонга амал қилиб, юртимиз тараққиёти йўлида ўз билим ва салоҳиятини намоён этаётир.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири