Шу нуқтаи назардан ҳам яқинда давлатимиз раҳбарининг Кўксарой қароргоҳида ёшлар билан ўтказган очиқ ва самимий мулоқотида баён этилган теран фалсафий мушоҳадалар, режалар қамровидан халқимизнинг шижоат билан буюк келажак сари интилаётгани, бунда ёшларнинг ҳиссаси сезиларли даражада ўсиб бораётганидан мамнуният ҳисси сезилиб турди.
Давлатимиз раҳбари йиғилганларга юзланар экан, мамлакатимиздаги 22 миллиондан ортиқ ёш шунчаки демографик кўрсаткич эмас, балки ғоят улкан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч эканини таъкидлади. Бу ҳақиқат барча даражадаги раҳбарлар зиммасига янги авлодни хорижий тиллар ва замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, оммавий спортга жалб этиш, шунингдек, ҳар бир ғоя, лойиҳа ҳамда стартапни қўллаб-қувватлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган масъулият юклайди. Битта ҳам йигит-қизнинг эътибордан четда қолмаслиги шартлиги ҳақидаги қатъий талаб давлат сиёсатининг олий инсонпарварлик мезонидир.
Йиллар давомида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда ёшлар камолоти йўлидаги беқиёс имкониятлар бугун ўзининг аниқ меваларини бермоқда. Ўғил-қизларимизнинг жаҳон фан олимпиадаларида 66 олтин, 147 кумуш ва 221 бронза медални қўлга киритгани миллий тафаккуримизнинг нақадар ёрқин эканидан далолат. Гарвард, Йель, Принстон, Колумбия ва Корнелл каби дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олаётган талабаларимиз сони 500 нафардан, кучли юзталикка кирувчи университетларда ўқиётган ёшларимиз эса 3500 дан ошгани халқимизнинг интеллектуал салоҳияти глобал миқёсда эътироф этилаётганини англатади. Фақат таълимда эмас, балки иқтисодиётда ҳам ёшларимизнинг 63 стартап лойиҳаси АҚШ, Жанубий Корея, Буюк Британия ва Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларнинг йирик ҳамда рақобатбардош бозорларига кириб боргани эътиборга молик. Халқаро спорт ареналарида қўлга киритилган минглаб медаллар ёшларимизнинг жисмоний иродаси ва енгилмас руҳини ифода этади. Бугун мамлакатимиздаги бизнес вакилларининг 35 фоизини айнан ёш тадбиркорлар ташкил этаётгани эса жамиятимиздаги иқтисодий фаолликнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ёшлар эканидан далолат.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Ёшлар тараққиёти глобал индексида энг юқори суръатда ривожланаётган давлат сифатида эътироф этилгани бежиз эмас. Жорий йилда пойтахтимизда Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати бош қароргоҳи таъсис этилиши, кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида Ёшлар парламенти аъзоларининг ўн иккинчи глобал конференцияси, “Take Off” халқаро стартап саммити ҳамда 46-жаҳон шахмат олимпиадаси ўтказилиши мамлакатимизнинг ёшлар сиёсати соҳасидаги халқаро мақомини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мулоқотда давлатимиз раҳбари ҳар йили 600 минг ёш меҳнат бозорига кириб келаётгани, 2030 йилга бориб, ушбу кўрсаткич 1 миллионга етишини қайд этди. Шунингдек, ўсиб келаётган авлодга ўз имконияти ва қизиқишига мос иш топиш учун барча зарур шароитни яратиш иқтисодий барқарорликнинг энг муҳим омили эканини кўрсатиб ўтди.
Ижтимоий сўровномалар натижаларига мурожаат қилсак, ёшларнинг учдан бир қисми ўз келажагини тадбиркорликда кўриши маълум бўлади. Мазкур интилишни рўёбга чиқариш мақсадида ўтган йили банклар ва Ёшлар ишлари агентлигига 400 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилди. “Ёшлар бизнеси” ҳамда “Келажакка қадам” дастурлари доирасида 15 минг йигит-қиз ўз бизнесини йўлга қўйиб, 50 минг аҳолини иш билан таъминлагани эса улкан иқтисодий саъй-ҳаракатдир.
Айни шижоатли тадбирларни изчил давом эттириш мақсадида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши ҳақидаги фикр жамоатчиликда чинакам резонанс уйғотди. Мазкур молиявий ёрдам туфайли ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредит миқдори 100 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади. Ёш тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳалари учун 10 миллиард сўмгача кредит ажратиш имконияти яратилиши ҳамда инновацион стартап лойиҳаларига 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилиши янги иқтисодий даврнинг дебочасидир. Сервис ва умумий овқатланиш соҳасида мингдан зиёд иш ўрни очган маҳаллий брендлардан франшиза олиб, ўз филиалини очиш ниятида бўлган ёшлар учун қулай молиялаштириш пакетлари жорий этилади. Бу эса тижорат инфратузилмасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.
Инсон капиталини ривожлантириш ижтимоий инклюзивлик тамойилларисиз тўлақонли аҳамият касб этмайди. Ижтимоий ташаббуслар доирасида “Фикрингни бер (Voice Up)” инклюзив оромгоҳи тажрибаси синовдан муваффақиятли ўтди. Шу боис, уни мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида ўтказиш ва 1000 ёшни қамраб олиш белгиланди. Энг сара ташаббуслар асосида Самарқанд шаҳрида Халқаро инклюзив ёшлар оромгоҳини ташкил этиш вазифаси халқимизга хос меҳр-оқибат ва бағрикенгликнинг халқаро даражадаги ифодаси бўлди. “Ўсиш ва ривожланиш (Upshift)” лойиҳаси орқали жорий йилда медиа, дизайн, ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш ва инновация йўналишларида танловлар уюштирилади. Энг яхши 40 та стартапни молиялаштириш учун 2 миллиард сўм ажратилиши эса ижодкор ёшларни руҳлантирди. Шунингдек, ҳудудлардаги техникумларда таълим дастурларини бевосита иш берувчиларнинг реал талаблари асосида тубдан янгилаш, дуал таълим қамровини кенгайтириш, муассасаларнинг моддий-техник базасини яхшилаш вазифалари белгиланди. Эътиборли жиҳати шундаки, энди техникумларга ҳам олий таълим муассасалари каби “spin-off” корхоналарини очишга рухсат берилади ва ўқувчиларнинг инновацион стартап лойиҳаларига 1 миллиард сўмгача сармоя киритилади. Жорий йилдан бошлаб техникум ўқувчилари учун ҳам “Ишла ва саёҳат қил (Work and travel)” дастури доирасида 6 ой давомида хорижий давлатларда ишлаш ва қўшимча даромад топиш имконияти яратилади. Йўл харажати учун давлат томонидан махсус ссудалар ажратилиши ёшларнинг дунёқарашини халқаро андозалар даражасига кўтаради.
Замонавий билимларни эгаллашда хорижий тилларни билиш энг асосий калитдир. Тил сертификатига эга йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича жорий қилинган механизмлар ўзининг юксак самарасини бергани қувонарли. Бугун сертификат олган ёшлар сони 600 мингдан ошгани ҳамда хорижий тилларни мукаммал биладиган 72 минг юқори малакали инструктор қатлами шакллангани жамиятимиз интеллектуал қиёфасининг ўзгараётганини кўрсатади. Хусусий ўқув марказлари сони уч баробар кўпайиб, 38 мингдан ортгани таълим соҳасида соғлом рақобат муҳити шакллангани далолатидир. Хусусий ўқув марказлари уюшмасини ташкил этиш ташаббуси давлатимиз раҳбари томонидан қўллаб-қувватланди. Уюшма аъзоси бўлган марказларга ўз биносини ижарага берган тадбиркорлар ижарадан олинадиган даромад ҳамда фойда солиғини тўлашдан бутунлай озод этилиши мисли кўрилмаган имтиёз. “Кўмак” дастури орқали олис ва чекка ҳудудларда хорижий тил ўқув марказлари фаолиятини кенгайтириш мақсадида 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда тақдим этилиши кўзда тутилган.
Олис ҳудудлардаги ўқув марказлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланиши, ўқитувчиларнинг даромад солиғи эса 12 фоиздан 7,5 фоизгача туширилиши таълим адо лати тамойилини қарор топтиришга хизмат қилади. Жойларда эҳтиёжманд оилалардаги ёшларни бепул ўқитишни ўз зиммасига олган ўқув марказларига қўшимча имтиёзлар берилиб, ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади. Шунингдек, уларнинг коммунал харажатининг тенг ярми давлат томонидан қоплаб берилиши халқпарварлик сиёсатининг яққол нишонасидир.
Жамиятда дахлдорлик ҳиссини шакллантиришда кўнгиллилар, яъни волонтёрлик ҳаракатининг ўрни беқиёс. Юртимизда мазкур йўналишнинг ҳуқуқий асослари яратилгани туфайли волонтёр ёшлар сафи 5 баробар кенгайди. Экология, тиббий хизмат, таълим ҳамда фавқулодда вазиятларда кўмаклашиш бўйича кўнгиллилар сони 100 мингдан ортгани халқимиз маънавияти нақадар юксак эканини кўрсатади. Волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш бўйича махсус васийлик кенгашини тузиш ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида “Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш” жамғармасини ташкил этиш стратегик режа сифатида белгиланди. Мазкур жамғармага ҳар йили республика бюджетидан 20 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлардан эса қўшимча 3 миллиард сўмдан маблағ йўналтирилиши жамиятни эзгулик атрофида бирлаштиришга хизмат қилади. Кўнгиллилар лойиҳаларига 100 миллион сўмгача давлат гранти берилиши ҳамда махсус ижтимоий фаоллик картаси орқали рағбатлантириш тизими жорий этилиши ёшларнинг ижтимоий масъулиятини янада оширади. Учрашувда фақат таълим ёки иқтисодий масалалар эмас, балки ёш оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш каби ўта долзарб масалалар ҳам чуқур таҳлил қилинди. Хусусан, ёш оилалар учун уй-жой ипотека дастури доирасида кредит ставкасининг 14 фоиздан ошган қисми тўғридан тўғри бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши ёшларнинг энг йирик ижтимоий муаммоларидан бирига ечим бўлади.
Миллат маънавиятини юксалтириш мақсадида “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш” жамғармаси фаолияти орқали энг истеъдодли ёзувчиларга ижодий буюртмалар берилиши ҳамда уларга 1 йил давомида ҳар ойда 20 миллион сўмдан қалам ҳақи тўланиши адабиёт аҳлига кўрсатилган юксак эҳтиромдир. Жаҳон адабиётининг энг сара асарларини ўзбек тилига, шунингдек, миллий адабиётимиз дурдоналарини хорижий тилларга таржима қилиш ва чоп этиш билан боғлиқ харажатларнинг ярми давлат томонидан қоплаб берилиши адабиётимизнинг жаҳон саҳнига чиқишига кенг йўл очади. Янги ўқув йили бошлангунга қадар ёшларимиз мутолаа қилиши зарур бўлган энг яхши 100 асардан иборат тўпламларни тайёрлаб, республикадаги барча мактаб ва техникумларга бепул етказиб бериш, шунингдек, энг фаол китобхон ўқувчиларни 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан рағбатлантириш келажак авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, йирик кутубхоналар, замонавий “book cafe”лар ҳамда китоб дўконларини очиб, ойига 10 минг донадан ортиқ китоб сотган тадбиркорларга 3 йил муддатга 1 миллиард сўмгача 7 фоизли ссуда тақдим этиш механизми китобхонликни умуммиллий ҳаракатга айлантиради. Инсонпарварликнинг энг олий даражада намоён бўлиши сифатида жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ёшларнинг жамиятга тезроқ мослашишини таъминлаш учун “Иккинчи имкон” махсус ижтимоий лойиҳаси ишга туширилиши маълум қилинди. Адашган ёшларни 8-12 ойлик интенсив ўқув курслари орқали дастурлаш, веб-дизайн, компьютер муҳандислиги каби замонавий касбларга ҳамда хорижий тилларга ўқитиб, даромадли иш билан таъминлаш жамиятда ҳеч бир инсон меҳр ва эътибордан четда қолмаслигини кафолатлайди.
Президентимизнинг ёшлар билан ўтказган ушбу мулоқоти янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ҳаракатларимизнинг моҳияти инсон қадри ва ёруғ келажагини таъминлашга қаратилганини яна бир бор исботлайди. Киритилаётган улкан сармоялар, берилаётган тенгсиз имтиёзлар ва илгари сурилаётган ғоялар Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга қодир бўлган, мустақил фикрлайдиган, замонавий билимларни мукаммал эгаллаган ҳамда миллий қадриятларга содиқ авлодни тарбиялашдек муқаддас мақсадга хизмат қилади. Фаровон келажакка қаратилган ушбу улуғвор қадамлар ҳар бир фуқарони рўй бераётган тарихий ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси билан яшашга ундайди.
Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,
академик