Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида Финляндиянинг таълим соҳаси бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйган қатор компания раҳбарлари ва вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда Финляндия томонидан “FinEst Bay Area” компанияси асосчиси Питер Вестербака, “Finest Future” компанияси ҳаммуассиси Туомас Тииликайнен, “Edunation Finland” компанияси ҳаммуассиси Ҳарри Суоминен, “Skillgrower” компанияси асосчиси Паси Савола ва PK Safety and Rescue” компанияси бош директори Пертти Кортеярви, Ўзбекистон томонидан эса Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Тошкенбоев, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қ.Шарипов, Тошкент халқаро Таълим университети ректори У.Қосимхожаев ва бошқалар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантиришда илғор хорижий тажрибаларни, хусусан, Финляндия таълим тизимини ўрганиш ва мамлакатимизда жорий этиш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Финляндия Республикасининг Ўзбекистондаги фахрий консуллиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда Финляндиядаги етакчи экспертлар, олимлар ва инвесторлар билан музокаралар олиб борилиб, бир қатор лойиҳалар бошлаб юборилди.
Делегациянинг юртимизга ташрифи ҳам мазкур йўналишдаги ишларнинг узвий давоми бўлиб, муҳокамалар давомида Ўзбекистон ва Финляндиянинг таълим тизими ҳамда ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги режалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
— Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси яқинда ташкил этилган бўлса-да, соҳада сифат кўрсаткичларини ошириш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш баробарида, ёшларнинг малакали кадрлар бўлиб етишишлари учун тизимли ишларни бажариб келмоқда. Хусусан, бугунги кунда мамлакатимиз таълим тизимини Финляндия тажрибасини жорий этиш орқали ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланган ҳамкорлигимизнинг меваси сифатида айни кунда Навоий ва Лааппенранта шаҳарлари ўртасида ўқувчилар алмашинуви, Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан талабалар алмашинуви дастурлари йўлга қўйилганини, Финляндияда амалда бўлган ўқув дастурлари ўзбек тилига таржима қилиниб ўрганилаётганини кўрсатиш мумкин. Бу — эришиладиган улкан натижаларнинг бошланиши. Келгусида мазкур алоқалар янада кенгайиб, мамлакатларимиз ва маданиятларимиз ўртасида муҳим кўприк бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз, — деди У.Тошкенбоев.
Учрашув давомида талабалар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари, математика ва фин тилини ўқитиш бўйича лойиҳалар доирасида меморандумлар имзолаш юзасидан амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунида делегация иштирокидаги кейинги тадбирлар бўйича режалар белгилаб олинди.