Шу билан бирга, бугунги кунда ўзгалар мулкини талон-торож қилишга қаратилган жиноятларнинг кўплаб содир этилиши, давлат ва жамият иқтисодий негизларига жиддий зарар етказмоқда.
Хусусан, бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш тариқасидаги жиноятлар сони йилдан-йил кескин ортиб бормоқда.
Жумладан, 2021 йил давомида фирибгарлик билан боғлиқ 11 598 нафар шахсга нисбатан 9 355 та, 2022 йил давомида эса, 15 145 нафар шахсга нисбатан 12 201 та жиноят иши кўриб чиқилган.
Ушбу жиноят ишларининг аксарияти Тошкент, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар судлари ҳиссасига тўғри келиб, Республика бўйича кўрилган ушбу тоифадаги ишларнинг 50,4 фоизини ташкил қилади.
Фирибгарлик алдов ва ёлғонга асосланган.
Фирибгарлик тушунчаси. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасига мувофиқ, фирибгарлик деганда, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 35-сон қарорида фирибгарлик жинояти кўринишлари батафсил кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда ва текин қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор (унинг вакили), мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради.
Бундан ташқари, Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “фирибгарлик” тушунчасининг луғавий маъноси – “алдамчилик, ҳийлагарлик”[1] маънолари билан изоҳланган. Шунингдек, фирибгарликнинг усули ҳисобланган ишончни суиистеъмол қилишнинг луғавий маъноси эса, “инсофсизларча, ноқонуний ёки ёмонлик учун фойдаланиш”[2] ни англатади.
Демак, фирибгарлик шахснинг бошқа бир шахсни алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш орқали содир этган ҳаракатида намоён бўладиган қилмиш сифатида ифодаланади.
Тарихий манбаларга кўра кишилик жамиятда инсонлар азалдан бир бирлари билан ижтимоий, иқтисодий муносабатларида, жамиятда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлигида ростгўйлик алоҳида муҳим ўрин тутади. Ростгўйликнинг қарама-қаршиси - ёлғончиликдир.
Таҳлиллар натижасига кўра, фирибгарликнинг жиноий-ҳуқуқий жиҳатлари хорижий давлатлар қонунчилигида ҳам миллий қонунчилигимиз билан ўхшаш ёндошув мавжудлиги аниқланди.
Хусусан, Қозоғистон (190-модда), Озарбайжон (178-модда), Грузия (180-модда), Беларусь Республикаси (209-модда) ва Россия Федерациясининг (159-модда) жиноят кодексларида фирибгарлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, фирибгарликнинг таърифи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида келтирилган таъриф билан ўхшаш мазмунда акс эттирилган.
Бундан ташқари, Австрия Жиноят кодексининг 22-бўлимига мувофиқ (Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш), ўзи ёки учинчи шахс учун ноқонуний моддий фойда олиш ниятида, хатони тасдиқлаш, ёлғон фактлар мавжудлигини кўрсатиш ёки ҳақиқий фактларни бузиш ёки беркитиш орқали бошқа шахснинг мулкига зарар етказиш фирибгарликни ташкил этади[3] (унинг турлари: компьютер фирибгарлиги, субсидия фирибгарлиги, капитал фирибгарлиги, суғуртани суиистеъмол қилиш, айланма йўл билан фойда олиш, кредит фирибгарлиги, ишончни суиистеъмол қилиш, иш ҳақи ёки иш ҳақини ушлаб қолиш ва талон-тарож қилиш).
Япония Жиноят кодексининг 246-моддасига кўра фирибгарлик бошқа шахсдан мулкни алдаш орқали эгаллашда ифодаланади. Агар шахс шу йўл орқали ўзи ёки бошқа шахс учун ноқонуний мулкий фойда кўрса, бундай ҳаракатлар ҳам фирибгарлик ҳисобланади[4] (унинг турлари: компьютер фирибгарлиги, ишончни суиистеъмол қилиш, квази-фирибгарлик, товламачилик).
Германия Федератив Республикаси Жиноят кодексининг 263-моддасида ўзи ёки учинчи шахс учун ноқонуний мулкий наф олиш мақсадида бошқа шахснинг мулкига ёлғон фактлар ҳақида хабар бериш ёки ҳақиқий фактларни бузиш ёки яшириш орқали зарар етказиш, алдаш ёки алданишни қўллаб-қувватлаш фирибгарлик ҳисобланади[5] (унинг турлари: компьютер фирибгарлиги, субсидия фирибгарлиги, капитал фирибгарлиги, суғуртани суиистеъмол қилиш, айланма йўл билан фойда олиш, кредит фирибгарлиги, ишончни суиистеъмол қилиш, иш ҳақи ёки иш ҳақини ушлаб қолиш ва талон-тарож қилиш).
Бундан кўринадики, айрим илғор хорижий давлатларнинг жиноят қонунчилигида фирибгарликнинг турлари алоҳида жиноят таркиби сифатида белгиланган.
Фирибгарликнинг объектив белгилари. Объектив белгилар деганда жиноят таркибининг объекти ва объектив томонларини таърифловчи белгилар назарда тутилади.
Фирибгарлик жиноятининг бевосита объекти — ўзганинг мулки ёки мулкий ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган ижтимоий муносабатлар.
Юридик адабиётларда фирибгарликнинг объекти сифатида мулкка бўлган ҳуқуқ, мулкий манфаатлар, иқтисодий категория, юридик категория, иқтисодий ва ҳуқуқий категориялар йиғиндиси деган қараш мавжуд.
Фирибгарликнинг предмети мулкдан ташқари юридик категория сифатида ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқ, мулкка бўлган алоҳида ваколатлар тушунилади.
Бу ҳуқуқлар турли хил ҳужжатларда, масалан, васиятнома, суғурта полиси, муайян бойликларни олиш учун ишончнома, турли хил қимматли қоғозларда мустаҳкамланган бўлиши мумкин[6].
Объектив томондан фирибгарлик алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкий ҳуқуқини эгаллашдан иборат.
Ушбу жиноятнинг ўзига хослиги шундаки, ташқи тарафдан мулкдор томонидан мулкни “ихтиёрий” равишда бериш ёки бегоналаштириш ва жиноятчига ўтказиш кузатилади. Бунда, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш талон-торож қилишнинг зарурий усули сифатида ифодаланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 35-сон қарорига мувофиқ ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни фирибгарлик билан қўлга киритиш усули сифатида алдов актив ёки пассив бўлиши мумкин.
Хусусан, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулкдор, мулкнинг бошқа эгасига маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд бундай шахсларни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар актив алдов ҳисобланади. Пассив алдов эса, шахс қонуний асосларга мувофиқ маълум қилиши лозим бўлган ҳақиқий фактларни қасддан хабар қилмаслигида ифодаланади.
Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси Олий судлари фирибгарлик жиноятига оид Пленум қарорларида ҳам юқорида келтирилган таъриф билан ўхшаш мазмунда акс эттирилган.
Юридик адабиётларда алдаш деганда, мол-мулк эгаси ёки мол-мулк ишониб топширилган шахснинг ўзи уни фирибгарга ихтиёрий равишда, ўз хоҳиши билан беришига эришиш мақсадида, жабрланувчини чалғитиш учун айбдор шахс томонидан ҳар қандай фактни бузиб кўрсатиш ёки ҳақиқатни яшириш ёхуд била туриб ёлғон маълумотларни хабар қилиш тушунилиши баён этилган.
Фирибгарликнинг талон-тарождаги ўғрилик, талончилик, босқинчилик шаклларидан фарқи ҳам жабрланувчининг ўзи мулкни айбдор шахсга ишонгани ёки алдангани сабабли ихтиёрий равишда бериб юборишида ифодаланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, алдашда фирибгарнинг асосий мақсадига, яъни алданган киши жиноятчига уз мулкини ёки мулкий ҳуқуқини ихтиёрий равишда беришига эришиш кузда тутилади дейиш мумкин.
Ишончни суиистеъмол қилиш бу бошқа шахснинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилишнинг иккинчи усули ҳисобланади.
Шуни таъкидлаш лозимки, “ишонч” тушунчаси кўп учраб туришига қарамасдан, унинг қонунчиликда белгиланган таърифи мавжуд эмас ва умумий ҳуқуқ нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.
Юридик адабиётларда келтирилган таърифларни умумлаштирган ҳолда ишонч бу хабар қилинаётган ҳолат ва фактларни ёки содир этилаётган ҳаракатларни ҳаққоний равишда, ҳеч қандай исботталаб этмасдан, тўлиқ ва сўзсиз қабул қилиш, дейилиши мумкин.
Ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдор шахс томонидан ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда ўз фойдасига олиш учун ўзи ва мулк эгаси ёхуд мулк эгалиги ихтиёрида турган шахс ўртасидаги алоҳида, ўзаро ишончга асосланган муносабатлардан қонунга хилоф равишда мулкни ўз фойдасига олиш учун фойдаланиши тушунилиши лозим[7].
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 35-сон қарорида ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдорнинг мулкдор, мулкнинг бошқа эгаси ёки мулкни учинчи шахсларга бериб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бошқа шахслар билан ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши тушунилиши назарда тутилган.
Назариётчи олимларнинг фикрига кўра одатда, ишончга асосланган муносабатлар фирибгар ва жабрланувчи шахс ўртасида прокат, ижара, олди-сотди, топшириқ шартномаси ва ҳ.к.ларда вужудга келиши мумкин. Фирибгар ниятига эришиш учун хизмат, қариндошчилик, дўстлик муносабатларидан ҳам фойдаланиши мумкин.
Ишончни суиистеъмол қилишнинг алдашдан фарқи шундаки, алдаш жабрланувчида айбдорга нисбатан ишонч муносабатлари шакллантириб, айбдорга ўз мулкини топшириш мақсадига қаратилган фаол ҳаракатларда ифодаланади. Яъни, алдаш жабрланувчида айбдорга нисбатан ишончни шакллантирувчи муҳим элемент дейиш мумкин.
Шу билан бирга таъкидлаш жоизки, Олий суд Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги 35-сон қарорига асосан фирибгарлик ўзганинг мулки қўлга киритилган ва айбдорда ўз ихтиёрига кўра талон-торож қилинган мулкни тасарруф этиш имконияти пайдо бўлган пайтдан бошлаб тугалланган жиноят ҳисобланади.
Фирибгарликнинг субъектив белгилари. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 17-моддасида жиноят субъекти ҳақида сўз юритилган бўлиб, жиноят содир этгунга қадар ўн олти ёшга тўлган, ақли расо жисмоний шахслар жавобгарликка тортиладилар.
Фирибгарлик жинояти учун жавобгарликка тортиш учун юқорида назарда тутилган жиноятнинг белгилари мавжуд бўлиши керак.
Бундан ташқари, умумий белгилар билан бир қаторда жиноят субъекти ҳисобланган айрим шахсларда махсус белгилар ҳам бўлиши мумкин. (хавфли рецидивист, ўта хавфли рецидивист, мансабдор шахс)
Жиноят таркибининг субъектив томони жиноий қилмишнинг ички томони бўлиб, шахснинг ўзи содир этган ижтимоий хавфли қилмиш ва унинг оқибатларига бўлган руҳий муносабатини кўрсатади. Бунда, айбидан ташқари жиноятнинг субъектив томонини таснифловчи мотив ва мақсад ҳам мавжуд бўлади.
Маълумки, қасд тушунчасига таъриф Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 21-моддасида берилган бўлиб, қасд икки турдан, яъни тўғри
ва эгри қасддан иборат.
Фирибгарлик жинояти фақат тўғри қасддан қилинадиган жиноятлар туркумига киради, бунда айбдор ўз қилмишининг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етади ва шундай оқибат юз беришини истайди. Субъектив томондан ушбу жиноят фақат қасддан ва ғаразли мақсад билан содир этилади.
Айбдор ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида жабрланувчини чалғитаётганлигини ёки била туриб ишончини суиистеъмол қилаётганлигини англаб этади ва бунинг содир этилишини хоҳлайди. Шунингдек, ушбу жиноий қилмишни айбдор мулкий фойда олиш ва бойиб кетиш мақсадида содир этади. Ғараз мақсаднинг мавжудлиги фирибгарликнинг зарурий элементи ҳисобланади[8].
Бундан келиб чиқадики, фирибгарлик жиноятининг мотиви ғаразлик бўлса, мақсади ўзганинг мулкига ғайриқонуний равишда эга бўлишдан иборатдир. Бунда, агар қилмишда ғаразлик мақсади бўлмаса қилмишни фирибгарлик деб квалификация қилиш мумкин бўлмайди.
Жиноят кодексининг 168-моддаси 5-қисмида рағбатлантирувчи норма назарда тутилган бўлиб, унга кўра, агар айбланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган тақдирда, озодликни чеклаш ҳамда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазолар қўлланилмайди.
Бунда, моддий зарар қанча миқдорда қопланиши лозимлиги кўрсатилмаган, бироқ ушбу норма моҳиятидан моддий зарар тўла ҳажмда қопланишини тушуниш мумкин.
Фирибгарликнинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан фарқи. Олий суд Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги 35-сон қарорининг 8 ва 9-бандларига мувофиқ, агар шахс ўз зиммасига олган мажбуриятларини уни ижро этиш жараёнида айрим объектив сабабларга кўра бажара олмаса ёки ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд мавжудлигини исботлашнинг имкони бўлмаса, бундай ҳолатлар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низо сифатида баҳоланиб, фуқаролик, иқтисодий суд иши юритуви тартибида ҳал этилиши, қонун талабларига мувофиқ тузилган битимлар, шартномаларга асосланган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик ҳам, бундай ҳолда ўзгалар мулкини эгаллашда ҳуқуққа хилофлилик белгиси бўлмаганлиги туфайли фирибгарлик деб баҳоланиши мумкин эмаслиги назарда тутилган.
Юридик адабиётларда қайд этилишича, фирибгарлик ҳолатида, шахс мол-мулкка ёки моддий бойликка эгалик қилишни хоҳлайди, шартнома фақат шахснинг жиноий қилмиши учун ниқоб бўлиб хизмат қилади. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг нормал ҳолатида, инсон ҳақиқатдан ҳам шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни мақсад қилади.
Юқорида таъкидланганидек, фирибгарликнинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан ажралиб турадиган асосий хусусияти алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилишнинг мавжудлигидир.
Айрим тадқиқотчилар алдаш факти, яъни мотив ва мақсад фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киришишдан олдин пайдо бўлиши кераклиги, фақат шу ҳолатда фирибгарлик борлиги ҳақида гапириш мумкинлиги ҳақида таъкидлашса, бошқа тадқиқотчилар эса, мотив ва мақсад фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киришишдан олдин ёки бундай муносабатларга киришиш пайтида пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида таъкидлашади.
Миллий ва хорижий давлатларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда тадқиқотчи олимларнинг фирибгарлик жиноятининг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан фарқланишига оид изланишлари натижаларини умумлаштирган ҳолда қуйидаги белгиларни ажратишимиз мумкин:
а) мавжуд мажбуриятларни бажаришнинг объектив мумкин емаслиги олдиндан маълум бўлган ҳолатлар (мисол учун, мавжуд бўлмаган товар-моддий бойликларни сотиш, интернет тармоқлари орқали кўпроқ учрамоқда);
б) мулкни ёки пулни олганлигини инкор этиб қайтариб беришни рад етиш (агар ушбу ҳолатлар исботланган бўлса) фирибгарликнинг билвосита далилидир;
в) фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларига кириш учун била туриб сохта ҳужжатларни тақдим етиш;
г) бир хил турдаги мажбуриятларни бажармасликнинг кўплиги;
д) шартнома бўйича олинган пул маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш;
е) шартнома бўйича мажбуриятларни қисман бажариш бўйича ҳаракатлар фирибгарлик учун жавобгарликдан озод қилинмайди, аммо исботлашни қийинлаштиради. Бунда, мажбуриятларни қисман бажарилиши жиноий қилмишни яширишга қаратилган ниқоб бўлиши мумкин;
ж) сохта товарларни қасддан сотиш фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши мумкин. Бунда, сотувчига сохта товарлар сотганлиги маълум бўлиши, бироқ у бу ҳақиқатни атайлаб яширган ҳамда товарларнинг ҳақиқийлигини маълум қилинганлигини исботлаш лозим;
з) айрим ҳолларда нарсанинг камчиликларини яшириш ҳам фирибгарлик сифатида баҳоланиши мумкин (мисол учун, таъмирланган автотранспорт воситасини янги автомобиль деб сотиш).
Шу билан бирга, айбдор томоннинг кейинги хатти-ҳаракатлари. Яъни, агар у яширинмаса, кўрсатув ва тушунтиришлар берса, ўзини муносабатларнинг умумий қабул қилинган тартибда тутса, ушбу шахсни фирибгарлик бўйича жавобгарликка тортиш имконияти камаяди.
Бунда, шахс мулоқотдан қочса, яширинса, ҳуқуқий муносабатлар мавжудлигини тан олишдан бош тортса, бу унинг ҳаракатларида жиноят аломатларини кўрсатиши мумкин.
Жиноят процессининг дастлабки босқичи, яъни жиноят ишини қўзғатиш алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланади.
Самарали, илмий асосланган фаолият жиноят ишини қўзғатиш босқичида терговчи ва суриштирувчилар учун шахсларни қонуний ва асосли жиноий жавобгарликка тортиш, мажбурлов чораларини тўғри қўллаш, одил судловни амалга оширишнинг асосий меъзонларидан ҳисобланади.
Жиноят ишини қўзғатиш Жиноят-процессуал кодексининг 322-моддасида назарда тутилган сабаблар ва асослар мавжуд бўлган тақдирдагина мумкин.
Шунга ўхшаш норма илғор хорижий давлатлар, хусусан Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси, Беларусь, Буюк Британия, Германия, Франция ва Грузия каби давлатларда мавжуд.
Бундан ташқари, таҳлиллар натижасига кўра фирибгарлик учун жиноят ишини қўзғатиш масаласини кўриб чиқишда айрим хусусиятлар аниқланди.
Жумладан, Буюк Британияда[9] мазкур тоифадаги ишлар бўйича ҳар бир ҳолатда айбдорнинг хатти-ҳаракати ноҳалол бўлиши кераклиги, унинг мақсади фойда олиш, ўзга шахсга зарар етказиш, нобуд бўлиш ёки шикаст етказиш хавфини келтириб чиқаришлиги нуқтаи назаридан ўрганилади.
Бунда, асосий эътибор айбдорнинг маълумотларни ошкор қилиш бўйича мажбурияти, ушбу мажбуриятларни юзага келтирган муносабатлар ҳамда айбдор томонидан ошкор қилинган маълумотларга қаратилади. Ўрганишлар натижадан келиб чиқиб, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласи ҳал этилади.
Бундан ташқари, айрим тадқиқотчилар[10] фикрига кўра, шахснинг ҳаракатларида фирибгарлик жинояти аломатлари мавжуд ёки бундай аломатлар мавжуд бўлмаса ҳам, келиб тушган маълумотлар бўйича мажбурий тартибда терговга қадар текширувни амалга ошириш лозим. Жиноят таркиби аниқланганда зудлик билин жиноят ишини қўзғатиш масаласини ҳал этиш керак.
Қайд этиб ўтилган масалалар ҳамда фирибгарлик жиноятининг глобал миқёсда кенг ривожланиб бориши, қонунчиликни ва мавжуд амалиётни такомиллаштиришни тақазо этмоқда.
Хусусан, фирибгарлик жиноятини фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан фарқли жиҳатларини инобатга олган ҳолда фирибгарлик жинояти тушунчасини батафсил ифода этиш, суд амалиётини яхшилаш ҳамда фирибгарликни олдини олиш мақсадида Олий суд Пленумининг “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда бугунги кун талабидан келиб чиқил такомиллаштириш, шунингдек криминологик ва виктимологик профилактика чораларини таъсирчанлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан маҳаллаларда аҳоли билан очиқ мулоқотларни тизимли равишда ташкил қилиш кўламини кенгайтириш лозим.
Ғоибов Асилбек Зайлобиддин ўғли
Мустақил изланувчи