Тегишли адабиётларда қайд этилганидек, тузоқ овчилар томонидан у ёки бу ҳайвон, шунингдек, паррандаларни овлаш учун қўйилади.

Қаранг, замона зайли билан Муқимжон Саъдуллаев (қуйида барча исм, шарифлар ўзгартирилган) исмли бир кас содда ва ўспирин ёшларга тузоқ қўйиб, пул топишнинг қабиҳ йўлини тутди. Ва шу зайл жиноят кўчасига кириб, тубанликка қўл урди. У нобоп бу ишда шаърий никоҳидаги Шодиядан фойдаланди.

М.Саъдуллаев турли йўллар билан айрим ўспирин ёшларга тегишли телефон рақамлари топиб, Шодияга телефон қилдирар эди. Маккор аёл аввал телефондаги нотаниш суҳбатдошига ўзини бокира бир аёл сифатида кўрсатиб, кейинчалик ишва-ю нозлари билан ёшларнинг юрагига ўт соларди. Суҳбатлар қизиб, муносабатлар сал изга тушгач, ниҳоят учрашишга ҳам муваффақ бўлинарди. Албатта, учрашув, ҳилват жойда, камида ярим тун пайтида ташкил қилинарди.  

Муқимнинг режасига кўра, улар учрашиб, дилкишо суҳбатни бошлаб турганида у бирор-бир ҳамтовоғи билан қўққисдан пайдо бўларди. Аввалдан ўйланган режа бўйича, Муқим аввал Шодияга дўқ-пўписа қилиб, беҳаё, вафосиз каби сўзларни унга тиркаб, сўнг важохат билан ношуд ошиққа ташланарди. “Сен менинг гулдек, хотинимни йўлдан урмоқчисан. Сени қамоққа тиқтираман. Адабингни бериб қўядиган йигитларга айттириб, итдек калтаклатаман.

Ота-онанг, қариндош уруғинг олдида шармандангни чиқараман!” Бечора ошиқнинг тавба-тазарруси, ўтиниб кечирим сўрашлари охири товон пули тўлаш орқали ечим топарди. Қўқон шаҳридаги ўқув юртларидан бирида таҳсил олаётган Шукурулло Ниёзов ана шундай жабрдийлардан бирига айланди.  У воқеани ошкор қилмаслик эвазига баҳоси 1.000.000 сўмлик “Redmi note 9” русумли телефон аппарати ва 400.000 сўм пулини товламачининг қўлига тутқазди.

Муқимнинг сиртмоғига тушган яна бир жабрдийда Ҳаким Йўлчиев ҳам бозор баҳоси 700.000 сўмлик “Redmi 5” русумли телефон аппарати ва 500.000 сўм пул бериб, фирибгарнинг тузоғидан аранг қутулмоқчи бўлди. Қаёқда дейсиз. Илоннинг ёғини ялаган Муқим бот-бот уларга телефон қилар ёки излаб топиб, эски дардни қўзғаб турарди. У шу таҳлид улардан гоҳ 100 минг баъзида ундан кўпроқ пул талаб қилиб “шантаж” қиларди. Охир-оқибат пичоқ суякка қадалгач, текин соғин сигирга айланган жабрдийдалар тегишли ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишга мажбур бўлишди.

Суд давомида М. Саъдуллаев қилмишидан қаттиқ пушаймон эканлигини айтиб, барча жабрланувчилар, жамоатчиликдан кечирим сўраган бўлсада, қонун устуворлиги таъминланиб у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилди ва 5 йили 6 ой муддатда озодликдан маҳрум этилди.

Таъкидлаш ўринлики, халқ мақолида айтилганидек, “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”. Зеро, товламачининг тузоғига илинган ўспирин ёшлар, воқеа бошиданоқ, бу хусусда ота-оналарига ётиғи билан тушунтирганларида ёки тегишли органларга мурожаат қилганларида маъқул йўлни танлаган бўлур эдилар.

Хуршид ҚОСИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг раиси.