Россия Экологик жамияти раиси Рашид Исмоилов МИР 24 телеканали эфирида эҳтимолий таҳдидни тўлиқ баҳолаш учун маълумотлар берилмаганини айтди.
“Японияликларнинг сувни оқизиш бўйича биринчи синов ишларини ўтказа бошлаганини биз икки ой олдин билиб олдик. Улар бу ишни режалаштираётганликлари ҳақида бутун халқаро ҳамжамиятни хабардор қилишди, қўшни давлатлар – Хитой ва Жанубий Корея томонидан уларга бир қанча эътирозлар билдирилди. Мамлакатлар бу режалар ҳақида жуда танқидий оҳангда гапиришди. Гап шундаки, биз бу сувнинг хавфлилигини тўлиқ тушунмаяпмиз. Японлар анча ёпиқ иш тутмоқда, бу борада на шаффофлик, на маълумот бор. Агар хавф бўлмаса, нега биз бу сувнинг таҳлиллари ёки параметрлари, океанга қандай таъсир кўрсатгани ҳақида билмаймиз? – дейди мутахассис.
Очиқ манбалардан маълумки, 2011 йилда АЭСдаги авария пайтида реакторларни совитиш учун фойдаланилган сувни тозалагандан сўнг ундан 62 та радиоактив модда олиб ташланган, аммо тритий қолган. МАГАТЭ маълумотларига кўра, ушбу модданинг концентрацияси операцион чегарадан анча паст.
Рашид Исмоиловнинг қайд этишича, дунёда илгари бундай сувни тўкиш тажрибаси бўлмагани боис, содир бўлаётган воқеалар хавфсизлиги ҳақида гапириш қийин. Унинг сўзларига кўра, Японияга яқин бўлган ва мониторинг қилиш имконига эга бўлган ташкилотлар ва давлатлар хавфлар ҳақида гапиришмоқда.
Япониянинг ўзида ҳам норозилик намойишлари бўлиб ўтди ва улар нафақат экологик, балки иқтисодий оқибатлар ҳақида ҳам гапиришди. Хитой аллақачон Япония сувларидан денгиз маҳсулотларининг жўнатилишини тўхтатишини эълон қилди ва бошқа давлатлар ҳам унга эргашиши мумкин. Экспертнинг фикрича, бу Япония иқтисодиётининг бутун тармоғини тўсиб қўйиши мумкин.
Рашид Исмоилов Роспотребнадзорга Россияга денгиз маҳсулотларини олиб киришда радиация назоратини таъминлаш илтимоси билан мурожаат қилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бир қатор чеклов чоралари кўрилган, мамлакатга кириб келиши мумкин бўлган маҳсулотлар туфайли юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар кўриб чиқилмоқда, деб хабар беради mir24.tv.