Ушбу мурожаат Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги ҳудудий вакили Шуҳрат Жўраевга ҳолатни жойига чиқиб ўрганиш учун юборилди. Ҳудудий вакил вилоят тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси, пенсия ва нафақаларни тайинлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари масъуллари иштирокида ишчи гуруҳ тузиб, мурожаатни жойига бориб ўрганди. Мурожаатчи ва унинг укаси билан суҳбат ўтказилди, масалага тегишли ҳужжатлар ўрганилди.
Аниқланишича, бир хонадонда ногиронлиги бўлган ака-ука фуқаролар яшайди. Уларнинг ҳар иккиси кўз касалликлари бўйича биринчи гуруҳ ногирони сифатида рўйхатда туради. Лекин уларнинг биттасигагина имтиёзлар белгиланган. Тегишли қонун ҳужжатларига кўра, Навоий шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими томонидан бириктирилган ижтимоий ходим акага белгиланган график асосида ижтимоий хизмат кўрсатади ҳамда ҳар ойда бепул етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиена товарлари ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравар миқдорида қўшимча тўлов берилади. Биринчи гуруҳ ногирони бўлган ука эса ҳеч қандай ёрдам олмайди.
Фуқаро С.Н.ни якка-ёлғизлар рўйхатига киритиш ва белгиланган имтиёзлардан фойдаланиши учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилинди ҳамда Омбудсман хулосаси юборилди. Ҳозир унга уй ишларида ёрдамлашиш учун ижтимоий ходим бириктирилди ва ҳар ойда қўшимча тўлов амалга оширилиши таъминланди. Узоқ вақтдан бери ҳал бўлмаган мурожаат Омбудсман аралашувидан сўнг ижобий ечим топди.