Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши,

Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатда киши,

Кўнглум бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ,

Ғурбатта севинмас эмиш албатта, киши.

Ўзбек адабиётининг буюк сиймоларидан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини қайта – қайта ўрганиш, мутолаа қилиш уммон тубидаги янги гавҳарларни излаб топиш билан баробардир. Буюк шоирнинг шеър ва ғазалларини, рубоий ва маснавийларини ўқир экансиз, кўнгилнинг бетакрор ва беозор жилоларига, меҳр сарчашмасининг зилол мавжларига гувоҳ бўласиз. Шоир ўзининг бир шеърида ёрнинг қайноқ муҳаббатидан жон олиб жон бергувчи эканлигини тасвир этса, яна бир шеърида эса оламга яхшилик кўзи билан қарашни, вафо ва садоқат йўлида муродга етмоқликни ихтиёр этади.

Меҳр ва вафо ҳақидаги битикларнинг гултожига айланган “Яхшилик” ғазалини ким ҳам севиб ўқимайди дейсиз. Ўша сарсон-саргардонлик йилларида, кўплаб ёру дўстларидан, навкарларидан жудо бўлган Бобур Мирзо ҳижрий тўққиз юз олтинчи, милодий 1500-1501 йилларда Самарқанд яқинида ушбу байтни битди:

Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилик,

Кимга ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилик,

Бу замонни нафъй қилсам айб қилма, эй рафиқ,

Кўрмадим ҳаргиз, нетайин бу замондин яхшилик.

Бобур Ҳиндистон сафарига ҳозирлик чоғида ҳам энг аввало садоқатли аъёнларига, вафодор дўстларига ишонар эди. Бу ишонч ва садоқат туйғулари бир он, бир сония сўнмас, ёрни, диёрни, яқин дўстларни асраш, авайлаш туйғуси сира кўнгилдан нари кетмасди. Балким, ана ўша юксак туйғулар Бобуршоҳни Ҳинд сори юзлатган бўлса, ажаб эмас. Шоирнинг кўплаб ғазалларида вафо ва садоқатни, ёр васлига муштоқликни шундоқ англаб етиш мумкин.

Сўрма ҳолимники бўлдум бурноғидин зорроқ,

Жисм жондин зору жоним жисмдин афгорроқ.

Ғафлат уйқусидин уйғон, гар тилар бўлсанг мурод,

Ким етар мақсадға ҳар ким, бўлса ул бедорроқ.

Буюк шоир ўз Ватанидан олисда бўлсада, бутун умри давомида ёр ва диёр соғинчи билан яшади. Кўнглидаги армон ва истакларини, ҳижрон азобларини гўзал, бетакрор битикларида ифодалади. Биргина “Бобурнома”нинг ўзида шоир ички дунёсинининг турфа қирралари, илмий, жўғрофий, маърифий-ахлоқий жиҳатлари кўзгудек акс этиб турибди. Бугунги авлод бу асарни қайта – қайта мутолаа қилиб борса, янгича мазмун ва маълумотларни кашф қила олиши, шубҳасиз. Айниқса, асар сўнггида бутун Ҳиндистонни забт этиб давлат бошқарувини ислоҳ қилиш жараёнидаги ўзига хос ибратли фазилатлари беихтиёр эътиборни тортади. Бобур дейди: “Башар нафси ёмонликка майл этишдан узоқ эмас. Нафсимни поклай олмадим, чунки нафс ёмонликка амр этгувчидир. Ундан қайтиш бағишловчи маликнинг лутф-марҳаматидан бошқа мумкин эмас”. “Бу оллоҳнинг иҳсонидир. Кимга хоҳласа бахш этади. Оллоҳ катта иҳсон эгасидир ” (“Бобурнома” асари 287-бет).

Инсонларни олийжаноб фазилатларга, аҳил ва иноқликка даъват этиш, давлат ишларини юргизишда ақлан комилликка интилиш туйғулари шоирнинг кўнгил нолаларини ҳам тебратиб турган.

Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз,

Жамъиятингиз борини давлат тутунгиз,

Чун гардиши чарх будурур, тангри учун,

Бир-бирни неча куне ғанимат тутунгиз.

Дўсту ёрларни авайлаш, инсон қадрини улуғлаш туйғуси, айниқса, Бобур ҳаётининг сўнгги йилларида авж пардага чиқди. Шоир ўз оиласини, жигаргўшаларини, фарзандлари бирла опа-сингилларини беҳад севар эди. Ана ўша меҳр, яқинлик туйғуси Бобурни албатта халққа, ижодга янада яқинлаштирар, кўпроқ жўшқин меҳнат қилишга даъват этарди. Зеро, шоир одамларга яхшилик қилишни, ҳар қандай вазиятда ҳам вафодор дўст бўлишни дариғ тутмаган.

Ётларни керакки, ошно кам қилсанг,

Ҳар кимки вафо қилса, жафо кам қилсанг,

Навмид бўлур барча вафодорларинг,

Гар шаҳ назаринг бирла вафо кам қилсанг.

Сўздин иборат ажойиб бир лашкар тузган шоир ҳамиша тафаккур жангида ғолиб бўлишни ихтиёр этади. Ҳатто тафаккур баҳсидаги бундайин музаффарият Бобурнинг давлат ишларида ҳам жуда қўл келган. Унинг ҳузурига ташриф буюрган турли мамлакат элчилари, подшоҳлик вакиллари ҳам жуда эҳтиёткорлик билан мулоқотда бўлишган. Зеро, улуғ шоирнинг лутфу карамлари ҳар қандай дипломатик муносабатларга ўзгача бир шавқ бағишлаган.

Эй ел, бориб аҳбобқа номимни дегил,

Ҳар ким мени билса, бу каломимни дегил,

Мендин демагил гар унутулған бўлсам,

Ҳар кимки мени сўрса, саломимни дегил.

Бобур ҳазратлари кўп ҳолларда теварак – атрофидаги одамларнинг, аҳли аъёнларининг хулқ – атворини, асл кўнгил ҳолатини сўзига қараб билиб олар эди. “Сўзум тинглаб англагайсан ўзумни...” деган сатрлар ҳам бежизга айтилмаган.

Менинг тилагим будурки, навозанда бўлай,

Ҳар қанда эсанг мен дағи анда бўлай,

Не хулқ эди, яно кўнглум олдинг сўз ила,

Ширин сўзу яхши хулқингга банда бўлай.

Бобур ҳаётида эл қайғуси, улус ташвиши ҳамиша бош мақсадлардан бири бўлиб келган. Буни “Бобурнома” асарида ҳам кўп бора кузатиш мумкин. Айрим лавҳаларни ўқиганимизда Бобурнинг мардона, жасур қиёфаси кўз олдимизда гавдаланади. Одамларнинг пешона тери эвазига ҳаққини тўлаш, уларни қадрлаш, яхшиликка яхшилик ила жавоб қайтариш Бобур шахсиятида муҳим ўрин тутган. Ҳар қандай давлат иши билан банд бўлган тақдирда ҳам оддий халқ турмушидин ҳамиша бохабар бўлганлиги одамийлик шевасининг юксак намуналаридан бири эди.

Давлатга етиб меҳнат элин унутма,

Бу беш кун учун ўзунгни асру тутма,

Борганни, кел эмди, ёд қилмай, эй дўст,

Бориш – келишингни лутф этиб ўксутма.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, буюк давлат арбобларидан бири эътироф этганидек, Бобур ҳақиқаттан ҳам дилбар шахс, иккинчи уйғониш даврининг ноёб мўъжизаси бўлган. Ўзини шоҳ ва шоир сифатида эмас, инсон сифатида намоён этишни афзал билган.

Сен гулсену мен ҳақир булбулдурмен,

Сен шуъласану ул шуълага қулдурмен,

Нисбат йўқдур деб ижтиноб айламаким,

Шаҳмен элга, вале санга қулдурмен.

Шоҳ саройида илму толибларга, тарихчи, солномачи ва муаррихларга алоҳида эътибор билан қаралган. Андижону Самарқанддан, Тошканду Бухородан илмли, зиёли кишилар кўпроқ жалб қилинар, Ҳиндистон заминида зафарли юриш ортидан саодатли, маърифатли давлат барпо этиш истаги жўш урар эди. Ғалабалардан шукроналик ҳиссини тутиш баробарида маърифат ва зиёга интилиш ҳаракати устувор бўлган. Мамлакатнинг ҳарбий салоҳияти юксак бўлишида ҳам энг аввало илмнинг, маърифатнинг аҳамияти катта эканлиги қайта – қайта уқтирилган.

Ким, ёр анга илм толиби, илм керак,

Ўргангали илм толиби илм керак,

Мен толиби илму толиби илме йўқ,

Мен бормен илм толиби, илм керак.

Бобур яшаган даврда ҳаттотлик, рассомчилик, наққошлик ва меъморчилик санъатига алоҳида эътибор билан қаралар эди. Шунинг учун бўлса керак, шу соҳада иқтидори бўлган инсонлар Балхдан, Хуросону Мовароуннаҳрдан кўпроқ чақиртирилган. Ҳунарпеша, фозил кишилар беҳад қадрланган. Бобуршоҳнинг юртни обод қилиш йўлидаги меҳр ва садоқат туйғуси жўш уриб турган.

Шоирнинг ўз яқинларига меҳру муҳаббати нечоғлик баланд эканлигини у ҳақда ёзилган тарихий асарлар ҳам тасдиқлайди.

“ – Ё, парвардигор! – деб илтижо қилди. –Менки Бобурмен, агар жон бериш мумкин бўлса, умру жонимни Ҳумоюнга қурбон қилдим! Азроил менинг жонимни олсину худо Ҳумоюнга шифо берсин!”

Йигирма уч ёшли Ҳумоюннинг йигит юраги отаси кўрсатган руҳий мададдан куч олиб, оғир касалликни ахийри енгди.

Бобур ўғлини оромбоғнинг тўридаги хонайи хосда қабул қилди. Ҳумоюн унинг қаршисида тиз чўкиб, кўзига ёш олиб гапирди: – Ҳазратим, мен сизнинг илтижоингиз билан шифо топмишмен. Ўзимга келганимдан бери худодан тилайманки, сизнинг умрингиз узоқ бўлсин! Бу улуғ давлатни сиз барпо этдингиз. Ҳаммамизнинг пушти паноҳимиз ўзингизсиз. Парвардигор бизга раҳм қилсин! (Пиримқул Қодиров “Юлдузли тунлар” роман, 532-бет).

Ҳумоюннинг отасига қилган илтижоларида ҳам фарзандлик меҳри, падари бузрукворига садоқат ва ҳурмат туйғуларини яққол ҳис этиш мумкин. Бобурийлар сулоласининг давомчилари кейинчалик ҳам боболарининг анъаналарини муносиб давом эттирганликлари тарихдан яхши маълум. Инсонни қадрлаш, ўз яқинларига бахту саодат бағишлаш, меҳрибон ота ва шоҳ бўла олишдек улуғ бир шараф Бобур вафотидан кейин ҳам Ҳиндистонда уч аср муттасил давом этди.

Бобур Ҳиндистонда катта бир мамлакатни, улуғ салтанатни барпо этди. Илмни, маданият ва маърифатни тарғиб қилди. Фозил инсонларга ғамхўрлик кўрсатди. Бу ҳақда улуғ шоир шундай ёзган эди:

Юз шукр де, Бобурки, карими ғаффор,

Берди сенга Синду Ҳинду мулки бисёр,

Иссиқлигига гар санга йўқтур тоқат,

Совуқ юзини кўрай десанг Ғазни бор.

Улуғ бобомизнинг Ҳинд диёрига ўзгача бир меҳр ила нигоҳ ташлаганлиги шундоқ билиниб туради. Юқорида таъкидлаганимиздек Бобурийлар Ҳиндистонга улкан бир маданиятни олиб кирдики, буни сўз билан таърифлаш қийин. 2016 йилнинг бошларида сайёҳлик тақозоси билан Ҳиндистон сафарида бўлдим. Деҳли ва Аградаги диққатга сазовор жойларни томоша қилдик. Айниқса, Аграга сафаримиз бир умр ёддан чиқмайдиган бўлди.

Дунёнинг етти мўъжизасидан бири, дея тан олинган Тож Маҳал қад ростлаб турибди. Тож Маҳалга келиб – кетувчилар, сайёҳларнинг сафи узилмайди. Ушбу мажмуанинг Шоҳжаҳон томонидан 22 йил давомида қуриб битказилганлиги ва мазкур бунёдкорлик ишига 20 мингдан зиёд қурувчи ва меъморларнинг жалб этилганлиги мени лол қолдирди. Нима бўлганда ҳам Бобурийлар сулоласи юксак маънавият соҳиби эканлиги шундоқ билиниб турибди. Бобур ва унинг авлодлари ўз ақл –заковати билан ҳинд маданиятига катта таъсир ўтказган. Биргина Тож Маҳални дунё меъморчилдик санъатининг улкан намуналаридан бири дейиш мумкин.

Тож Маҳал хусусида тўхталар эканмиз, унга ортиқча таърифу тавсиф бериб ўтириш шарт эмас. Уни борича кўриш ва ҳис этиш керак. Сўнгги пайтларда зиёратгоҳ ўзгача бир жило касб эта бошлади. Боиси мажмуа бутунлай янгидан реконструкция қилинди ва катта ҳажмдаги таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Зиёратгоҳнинг ҳар бир биносига диққат билан назар ташласангиз, мармар ила ёқутдек товланувчи қимматбаҳо тошлар қандайдир сеҳру синоатга тўла, мозийдан олтин садо таралаётгандек туюлади. Мажмуанинг бош биносига элтувчи йўллар эса ранго-ранг гуллар, гўзал дарахтлар билан безанган. Фавворалар замин кўркига кўрк бағишлайди. Шоҳжаҳон ва Мумтозбегимнинг қабрлари ёнма-ён қўйилган. Ямандан келтирилган қимматбаҳо тошлар билан безатилган сағаналар ўзидан жило, нур таратиб турибди. Шуниси диққатга сазоворки, рангли тошлар жилоси анвойи гуллар тасвирини ҳам эслатиб юборади. Ҳамроҳларимиз билан биргаликда улкан зиёратгоҳ ҳудудини айланар эканмиз, улуғ боболаримиз меросининг жаҳон аҳли томонидан катта қизиқиш билан ўрганилаётганлигининг шоҳиди бўлдик.

Тож Маҳалнинг ўзи бир буюк асардир. Уни қайта-қайта мутолаа қилгинг келади. Дунёнинг сирли мўъжизаси ҳам ана шунда. Кўнгилдаги туйғулар эса беихтиёр шеърга кўчади:

О, Ҳиндистон дунёнинг мўъжизаси бағрингда,

Пешонангда буюклар муҳрин босган бир зарҳал,

Мафтун бўлиб қолгандим меҳмон бўлиб шаҳрингда,

Юрагимда қайтадан яралди бир Тож Маҳал!

Бобур Мирзо тўғрисида жуда кўплаб бадиий ва тарихий асарлар яратилган. Мен булар ичида “Ҳумоюннома”, Румер Годеннинг “Гулбадан” асари, Пиримқул Қодировнинг “Бобур” ва “Авлодлар довони” тарихий романлари, Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” маърифий романларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим. Бу асарларнинг барчасида Бобур шахсияти, унинг ватанпарварлиги, меҳр ва садоқат эгаси эканлиги ўзгача муҳаббат билан тасвирланган. Устозлар ижодидан илҳомланиб камина ҳам улуғ шоирнинг руҳий оламини, алам ва изтиробларини ифода этувчи “Кўнглимдаги Ватан ёхуд Мирзо Бобур” номли достон ёзган эдим. Достон “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинди ва алоҳида китобча шаклида чоп этилди. Мен ушбу мўъжаз достонда Бобур бобомизнинг руҳий оламини, Ватанга муҳаббат туйғуларини бадиий ифодалашга ҳаракат қилдим.

Дилимизга қувватдир Оллоҳ,

Ватандошлар, бўлайлик огоҳ,

 

Бу Ватаннинг ўзи буюкдир,

Илму амал, сўзи буюкдир.

 

Юртбоши бор вазмин, улуғвор,

Ўз элига муносиб сардор,

 

Ёниб ишлар мудом ғайратда,

Дунё аҳли кўриб ҳайратда,

 

Дарҳақиқат, Ватан учун, унинг шону шавкати учун ҳар бир инсонга садоқат, меҳр ва вафо керак. Зотан улуғ шоиримиз ўзининг жуда кўпгина шеър ва ғазалларида ана шу бебаҳо туйғуни доимо улуғлаб келган. “Ҳар кимки, вафо қилса, вафо топқусидир”, деган ҳаётий шиорга умрининг охиригача содиқ қолган.

Янги Ўзбекистоннинг улуғвор ғояларини рўёбга чиқаришда, учинчи уйғониш даврининг мустаҳкам пойдеворини бунёд этишда буюк Бобурнинг бой маънавий меросини қайта-қайта ўрганишимиз, қалб уммонининг инжу гавҳарларидан баҳраманд бўлишимиз зарур. Бу улкан маънавий мерос, шеъриятнинг бетакрор ва гўзал гулшани бизни саодат сари етаклаши, шубҳасиз.

Зеро, Янгиланаётган Ўзбекистон учун янги ғоялар, янгича қарашлар, янгича оҳанглар жуда-жуда зарур. Бобурга яқинлашинг ва ўзингизга маънавий куч олинг. Янги Ўзбекистон учун янги Бобурлар туғилишига шак-шубҳа йўқ. Хаёлан Бобур тилидин сўзламоқ жоиздур:

Авлодларга тиларман ошиғликда сабрлар,

Сўздин лашкар тортгунча келур янги Бобурлар.

Ашурали БОЙМУРОД,

Ўзбекистон Ёзувчилар  уюшмаси аъзоси