Инспекция томонидан жорий йилнинг январь-апрель ойларида жами 40 миндан зиёд профилактик тадбирлар ўтказилди, соҳада қонунбузилишлар олдини олиш, бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилди. Жумладан, дон ва дон маҳсулотларини етиштириш, қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузилиш ҳолатлари содир этилишининг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида “Ўздонмаҳсулот” АК тизим корхоналари ва 200 дан ортиқ хусусий дон корхоналарининг 360 нафар (мухандис-технолог, лаборатория бошлиғи ҳамда бухгалтерия ходимлари) моддий жавобгар шахслари билан семинарлар ўтказилди.

Профилактика тадбирлари жараёнида аниқ кўрсатмалар ва амалий чоралар кўриб борилиши натижасида тадбиркорлик субъектларида қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, реализация қилиш дон хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент талабларига риоя қилиш бўйича қонунбузилиш ҳолатлари олди олинди. Корхоналар томонидан давлат стандартлари талаблари асосида ун маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши, халқимиз дастурхонига сифатли нон ва нон маҳсулотлари етказиб берилиши таъминланмоқда.

Шунингдек, “Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида”ги Президент қарори ижроси бўйича республика ҳудудлардаги буғдойни сақлашга мос ёпиқ сиғимларга эга дон қабул қилувчи хўжалик юритувчи субъектлари белгиланган талаблар асосида ўрганилди. Ўрганиш натижасига кўра, 4 миллион тоннадан ортиқ дон сақлаш сиғимига эга корхоналар рўйхати шакллантирилди.

Бундан ташқари, тегишли ташкилот ва идораларга соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан 28 мингдан зиёд огоҳлантирувлар ва 1 793 та тақдимномалар киритилди. 847 та ҳолатда материаллар қонуний қарор қабул қилиш учун судларга ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.