«Ҳудудгаз Наманган» газ таъминоти филиали раҳбари Шавкатжон Отахонов бошчилигидаги гуруҳ уч кун давомида Янги Наманган туманидаги барча маҳаллаларда бўлишди. Филиал ходимлари ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъуллари билан ҳамкорликда мазкур ҳудудлардаги аҳоли хонадонлари кўздан кечирилди.

«Ҳудудгаз Наманган» газ таъминоти филиали ахборот хизматининг ёзишича, шу туманнинг "Меҳнатобод", "Сиҳатгоҳ" ва "Чаманзор" маҳаллаларида турар-жойига газ тортувчи ускуна ўрнатиб олган 10 нафар фуқаро огоҳлантирилиб, ҳолат бартараф қилинди. Бир неча марта жиддий эслатилишига қарамай, қўлбола газ сўрғич ишлатаётган 5 та хонадон эса тармоқдан узилди.

Шунингдек, истеъмолчиларга табиий газдан фойдаланишда эҳтиёт чораларини кўриш, иситиш мосламалари ва газ жиҳозларини қаровсиз қолдирмаслик зарурлиги бўйича ҳам тушунтирилди. Ўрганиш жараёнлари режа асосида давом этмоқда.