Мазкур тўпламда замондош шоирларимизнинг ғазалиётидан намуналар жамланган. Минг йиллик тарихга эга бўлган ғазал бугунги кунда ҳам инсонининг қувончу қайғуси, ташвиш ва изтироблари, умид ва шодликлари, орзу ва армонларини ифодалаш учун муҳим бадиий восита сифатида миллий адабиётимизда ўзига хос ўринга эга. Унда устоз шоирларнинг ва умидли ёш қаламкашларнинг ғазалларини ўқиганда бунга амин бўласиз.
– Шеъриятимиз ўз аслига – асрлар давомида адаб мактабхонаси бўлган ўзанларга қайтмоқда, – дейди филология фанлари бўйича фалсафа доктори Олимжон Давлатов. – Чақалоқнинг мунчоқдек кўзларидан бошланиб, она Ватанимизнинг чексиз дашту кенгликлари қадар ястаниб кетган бағрикенг ўзбекона шеърият, ҳар бир байти Жайхун ва Сайхун мисол кўнгилларни обод ва шодон этадиган, теранлиги билан юксак, юксаклиги билан теран шеъриятнинг муждалари келмоқда.
Айниқса, ёш истеъдодларнинг Шеъриятнинг табаррук даргоҳида ҳазрат Навоий ва ҳазрат Бобур, ҳазрат Машраб ва ҳазрат Огаҳий каби соҳибкалом салафлардан илҳомланиб, бугунги давр нафасини кўп асрлик аруз вазнида ифода этишга ҳаракат қилаётгани адабиётимиздаги ворисийлик силсиласида мустаҳкам бўлиб қўшилади, деган умиддамиз.
Ушбу китоб 2021 йилда «Адабиёт» нашриётида чоп этилган. Унга Олимжон Давлатов масъул муҳаррирлик қилган. Ғоя муаллифи Рустам Мирвоҳид. Тўплаб, нашрга тайёрловчи Шоира Шамс. «Ғазал ғизоли», деб номланган баёз аруз вазнида қалам тебратаётган замондош шоирларимизнинг ижодини англаш учун яхши кўмакчи воситадир, дея таъкидланди. Шуни айтиш лозимки, ўтган асрнинг 40-50 йилларида аруз вазнида шеър ёзиш қайта жонланган бўлиб, муносабат ҳам шунга яраша мураккаб тус олганди.
Бир томондан, Алишер Навоий юбилейи муносабати билан аруз вазнида ёзилган шеърларга хайрихоҳлик қувват олган бўлса, иккинчи томондан эса арузга ўтмишга айланган қадрсиз қадрият, музей экспонати сифатида қараш устуворлик касб қила бошлаганди. Аммо ўзбек ижодкорлари улуғ шоирларимиз қолдирган арузни ривожлантириб, гўзал асарлар яратишга эришдилар. Чустий, Васфий, Собир Абдулла қаторига Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Омон Матчонлар қўшилгани ёдга олинди.
Тақдимотда сўзга чиққанлар «Ёшлик девони»дан кейинги даврда яратилган ғазалчилик, арузда қалам тебратаётган шоирлар ижодини саралаш, уларни адабий танқид ғалвиридан ўтказиб, ютуқ ва камчиликларини муҳокама этиш жараёнини яна жонлантириш зарурлигини айтиб ўтишди. Ушбу баёздан ўрин олган Жамол Камолнинг «Ёлғон гапирмаслик», Мирзо Кенжабекнинг «Ибодатдир», Сирожиддин Саййиднинг «Куйдим» радифли ғазаллари халқимизнинг маънавий бойлигига айланиб, мумтоз ғазалчиликка бўйлашадиган асарлар эканини алоҳида эътироф этишди.
Сўзга чиққанлар «Ғазал ғизоли»нинг жамиятимиз ҳаётида тутадиган ўрни ҳақида гапирди ва муаллифлар китобдан ўрин олган ғазаллардан ўқиб берди. Хонандалар эса ушбу ғазалларга басталанган қўшиқларни жонли ижро этди.
Тадбир якунида муаллифларга «Ғазал ғизоли» ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашр этилган китоблар совға қилинди.
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири