Айниқса, дўппи кийган фариштасифат инсоннинг кўриниши мени ўзига ром этганидан бир газетани кўпроқ томоша қилардим. Вақт ўтиб, ҳарфни таниб алифни ҳассадан фарқлай билиб ўқий бошлаганимдан сўнг билдимки бу газета «Тошкент ҳақиқати» бўлиб, суратдаги инсон бувам Абдулхақжон Тоиров экан. Ушбу газетадаги бувам ҳақидаги мақолани қайта-қайта ўқиб ўз аждодларимга бўлган меҳрим ортди. Бунинг учун газетадан умрбод миннатдорман.

Мени ўйлантирадиган, газеталарга тааллуқли бир муаммо бор. Шу ҳақда ёзишни, газеталар олдидаги қарзим деб биламан.

Қизиқ! Нима учун? матбуот расталарида топиш мушкул бўлган газеталарни бозорларда, дўконларда учратамиз. Нима учун? вазифаси билим бериш, дунёдаги янгиликлар билан одамларни хабардор қилиш бўлган газеталарни «улгуржи» мева-сабзавотлар сотиладиган бозорларда кўрамиз. Учратганда ҳам қараб бўлмас ва таниб бўлмас кўринишда. Ғижимланган, йиртилган ҳолда. Яшикларнинг тагига кўрпачадек ёзилган, устки бетига катта қилиб “….» газетаси (номини ёзмайман, таҳририят ходимлари хафа бўлмасин деб) деб ёзилган, аслида жойи бу ерда эмас уйларнинг тўрида, ёзув столининг устида, кутубхоналарнинг ўқув хоналарида бўлиши керак бўлган газеталарни кўрсам, доим кўз олдимга, менга бобомни танитган газета келади. Худди, унинг қилган яхшилигига ёмонлик билан жавоб қайтараётган мендек, ўзимдан уялиб кетаман. Бу қизиқ эмас, балки фожиадир. Саволлар бор, афсуски жавоблар йўқ.

Барчамиз кўп гувоҳи бўлганмиз, баъзи идораларда «шанбалик» ўтказилса газета излаб қолишади. Албатта, ўқиш учун эмас, балки ойнани чангини артиш учун. Усталар таъмирланаётган хоналарнинг ойнасини газеталар билан ёпишади. Ичкари кўринмасин деб ёки ёруғлик тушмасин деб-ми яна билмадим. Энг ёмони газеталарнинг увол бўлаётгани. Ноннинг бир ушоғи ерга тушса, «увол бўлдия» деб катталар хафа бўлади. Биргина ноннинг эмас барча нарсанинг, жумладан газеталарнинг ҳам уволи бор.

Машҳур «ы операцияси ёҳуд Шурикнинг янги саргузаштлари» кинофильмида Александр Демяненко қаҳрамони Шурик қўлидаги газетани ўраб у билан пашша қўради. Балки, шу фильмни кўрганлар газетани пашша қўриш воситаси ёки кимнингдир юзига тарсаки тортиш учун қўлланадиган «юмшоқ қурол» деб билар, менсимас. Ўзимизникидан қўймасин, «Тангалик болалар» да Достон (севимли актёрим Достон Убайдуллаев) «газетада акамнинг шеъри чоп этилибди» деб ҳаммага мақтаниб чопиш лавҳаси барчамизга тарбиявий аҳамиятга эга. Газета бу машҳурликнинг чўққисидир.

Ҳақиқатдан ҳам барчамиз уялишимиз керак. Ушбу газетани деб туну кунни уйқусиз ўтказган таҳририятнинг катта - кичик ходимлари олдида, мен шу газетанинг бош муҳарририман деб фахр билан айтадиган журналистнинг олдида қизаришимиз керак. Чунки, газеталарга бўлган бу каби ҳурматсизликлар аслида шу газетани чоп этганларга нисбатан ҳурматсизликдир.

Ўйланаман, нима қилсак бўладики, газеталарни писта ўралган, тутантириқ қилинган, бозордаги яшикларга солинган ҳолда кўрмаслик учун. Ҳар бирига қуръон оятларини ёзиб «ушбу газетада қуръон оятлари ёзилгани учун ножоиз жойларга қўйилмасин» деб эълон ёзиб қўйиш керакмикин?!. (Ўзбекистон Мусулмонлар Идорасининг «Ҳидоят» журналидан ибрат олиб) Газеталарни номақбул ишлар учун фойдаланганлик учун «жарима» солиш керакдир. Ёҳуд, ҳар бир газета ўз саҳифаларида «газеталаримизнинг ўқиб бўлинган сонларини қабул қилиб оламиз» деб эълон босиши керакдир. Балки, ҳар бир газета ҳар бир сонида давлат рамзларини - байроқ, герб ва мадҳияни чоп этиши керакдир. Шундай қилинса, давлат рамзлари ҳурмати, газеталардан ножоиз мақсадларда фойдаланишмас. Чунки, давлат рамзларига беҳурматлик – Давлатга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади.

Ушбу даргоҳ нечалаб буюк шахсларни тарбияламаган. Биргина Шароф Рашидов номи газеталарнинг кучини билдириб турибди. Бу улуғ инсонни ҳам ватан учун шу газета тарбиялаб берган десак айни ҳақиқат бўлади. Балки, кўпчилигимиз Шароф Рашидов ҳам «Қизил Ўзбекистон» номли газетада Бош муҳаррир лавозимида ишлаганликларини билмасмиз. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва минглаб шоир ва ёзувчилар ҳам аввало газета таҳририятлари остонасига қадам қўйганлар. Дунёда «бестселлер» номини олган китоблар ҳам китоб бўлишидан аввал газеталарда чоп этилган.

Афсуски, «макалатура» керак деб айтсак, мана деб қўлимизга китоблар у газеталарни тутадилар. Билишмайдики, китоб ҳам, газета ҳам «макалатура» эмас, балки, «Маърифат тарқатувчи, билим берувчи, яъни зиё тарқатувчи» дир. Китоб, газеталар, шунчаки эрмак учун эмас, одамларнинг ўқиши учун, билим олиши учун чоп этилишини унутмаслигимиз керак.

P.S. Газеталарни абгор ҳолатда кўрсам, менга қараб қуйидагиларни сўзлаётгандек бўлади.

Менинг ўрним қўлдадир!!!

(газета сўзласа)

Темирлар* сўзлаганда, мен нега сўзламай?!,

Дардимни достон этиб, не учун бўзламай?!,

Одамлар! Фарёдимни қўйдингиз тингламай,

Менинг ўрним асли, ерда эмас, тўрдадир,

Яхши инсонлар ёнида, яъни қўлдадир.

Давринг ўтди деб, мени хафа айламанг,

Ғижимлаб танамни, жонимни қийнаманг,

Суву олов, тупроқ билан сийламанг,

Менинг ўрним ерда эмас, тўрдадир,

Юз бор, минг бора айтаман – қўлдадир.

Орзу - кичкинтойлар қўлларида тутсайди,

Орзу - Оналар пешонамдан бир ўпсайди,

Оталар «мен севган газета» деб айтсайди,

Менинг ўрним оилададир, асли, билсангиз,

Донолар йиғилган даврададир, билсангиз.

Нима учун??? Номимни ҳам унутдилар,

Гоҳо, кераги йўқ деб, юз ўгириб кетдилар,

Бепарво бўлиб бағримни кўп тилдилар,

Менинг ўрним ерда эмас, тўрдадир,

Оёқ остида эмас ҳеч, балки қўлдадир.

Пешонам шўр экан, афсус этаман,

Бошимга тушмаган зулмлар қолмади.

Поёндоз этдилар, дўлда соёбон этдилар,

Биргина эшакка тўқим этиб солмади.

Менинг ўрним ерда эмас, тўрдадир,

Қайта-қайта, такрор айтаман қўлдадир.

Газетанинг онги, жони йўқ деб ўйламанг,

Асли, барингиздан зуккоси ўзимман.

Истагим мени ўқинг, ўқимай қийнаманг,

Менинг ўрним ерда эмас, тўрдадир,

Кучдан қолгунча айтаман – қўлдадир.

Кўп вақт жавонларда чанг босиб ётаман,

Афсуски, номимни ҳам кўп унутаман,

Вазифамни бажаролмай уялиб ҳам кетаман,

Менинг ўрним жавон эмас, билсангиз,

Кутубхоналардир ватаним, билсангиз.

Кўп сўзламоқ бошга балоларни ёғдиргай,

Кўп сўздан бир ҳарф ўқимоқ афзалдир.

Газетани ўқиган билинг ҳурмат билдиргай,

Менга, ҳам ўзига, ҳам ўзгага олқиш келтиргай.

Газеталарни ҳурмат қилинг – одамлар!!!

Газетани доимо қўлда тутинг – одамлар!!!

Газетани меҳр билан ўқинг – одамлар!!!

 

*Муҳаммад Юсуфнинг «Темирлар нидоси» шеърий достони назарда тутиляпти.

Алишер Тоиров,

АТ Халқ Банки Методология ишларини

мувофиқлаштириш бошқармаси Бош мутахассиси.