Бу майдонда охирги пайтларда энг кўп баҳсга сабаб бўлаётган, мавзунинг асл моҳиятини билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, ҳар қалай ҳар ким ахлоқу савиясига яраша фикрларини, аниқроғи, муносабатини билдираётган, кўпинча тортишаётган масалалардан бири — гендер тенглик. Уни феминизм деб атайсизми, аёллар ҳуқуқими ёки бошқа бирор илмийроқ термин қўллайсизми — унчалик аҳамиятли эмас, муҳими, бир қозиқ атрофида икки тарафга қараб айланадиган қарашлар.

Шу кунларда ҳомиладор ёки 3 ёшгача фарзанди тарбияси билан банд талаба аёлларнинг таълимни давом эттириши учун имконият беришни назарда тутувчи фармон қабул қилиниши ортидан интернет саҳифаларида яна шу мавзу фаоллашди. Аввалроқ магистратурага ўқишга кирган опа-сингилларимизнинг тўлов-контракт суммаси давлат томонидан қоплаб берилиши ҳақидаги хабарлар, тадбиркорлик юзасидан берилган айрим имтиёзлар, раҳбарлик лавозимларида уларнинг улушини ошириш борасидаги ташаббусларга нисбатан ҳам шунга ўхшаш ҳар турли муносабатларни кузатгандик. Қисқаси, хотин-қизлар учун нав­батдаги енгилликни ҳам кимдир мамнуният билан қўллаб-қувватлаб, хурсандлигини, яна кимдир таълим сифати ҳақида ўз хавотирларини билдирди.

Демак, кузатувларимизга кўра, аксарият шу каби гендер ислоҳотларни қўлламайдиган, камида қўшилмайдиган томоннинг асосий ­эътироз ва хавотирлари иқтисодий омиллар ва таълим сифати билан боғлиқ экан. Хўш, чиндан ҳам турли тармоқ ва соҳаларда аёл-қизларга алоҳида имтиёз ва енгилликлар берилиши ортидан салбий оқибатлар келиб чиқадими? Агар шундай бўлса, нега кўплаб илғор мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистонда ҳам тинимсиз ва тизимли равишда уларга ҳар томонлама кўмак ва рағбат бериш сиёсати давом этмоқда? Нега энди аёлу эркак, айтайлик, муайян бир ўрин учун ҳар жабҳада тенг шароитда курашмаслиги керак?

Сизга ҳам бу каби саволларга патриархал жамиятда — “эркаклар дунёси”да истиқомат қила туриб жавоб излаш абсурд, мантиқсиз бўлиб туюляптими? Лекин мазкур масалада интуицияга суянибгина, ич-ичимиздан аёлларга ўзлигини, ўзини тўлақонли намоён қила олиши учун барибир кўпроқ қўллаб-қувватлаш лозимлигини ҳис қилиб турганимиз боисидангина некбин фикрловчи тараф бўлиб қолиш қанчалик тўғри? Ахир бундай саволларнинг ҳам соф мантиққа суянган, илмий тадқиқотлар, изланишлар орқали топилган, ҳеч бўлмаса, муҳокама учун таклиф қилинган муқобил ­вариантлари бўлса керак, шундай эмасми? Айни мавзуда шу тахлит баҳс-мунозаралар илгари ҳам учраганми, натижаю оқибатлари нима бўлган, умуман, тарих ва дунё тажрибасида қандай жавоблар бор?..

* * *

Таълим тизимидаги муаммоларнинг ярми айнан аёллар билан боғлиқ. Айтайлик, мактабда яхши ўқиганларнинг “ботаник” ёки “пушти кўзойнак” деб камситилиши ҳолати кўп учрайди. Университетларда эса асосан қизларнинг яхши ўқиши, илмга интилиши урфда. Йигитлар эса негадир “ўқимасдан ҳам одам бўлиши”ни биладигандек. Зотан, тан олиш керак, жамиятимиздаги кўтарилиш ричаглари, аниқроғи, яхши ўқимай ҳам бой ва муваффақиятли бўлиш мумкинлиги ҳақидаги қарийб қотиб қолган догма ва қолиплар шунга имкон беради. Ҳалиги тоифа буни яхши тушунади ёки ҳечқурса онгостида ҳис қилади, англаб-­англамай умумий тўлқинда сузади. Эҳтимол, шу сабаб “йигитнинг асл баҳоси — 3” деган стереотип бордир.

Қисқа муддат бўлса-да, ўқитувчи сифатида ишлаб тушундимки, йигитларга дарс ўтиш ниҳоятда қийин. Негаки улар аниқ билади: келажакда мактабда, университетда яхши ўқиган, аълочи, билимли қизлар билан эмас, ўзига ўхшаган саводсизлар билан рақобатлашади ва бу рақобат билим туфайли бўлмайди. Олчоқлик, ­шафқатсизлик, лаганбардорлик ­пойгасида ­қатнашади. Албатта, ҳамма йигитларга ҳам, айни вақтда барча муассаса-ташкилот, ишхоналарга ҳам тегишли эмас бу гап. Биз омма, кўпчилик ҳақида мулоҳаза юритяпмиз. Ачинарлиси, аълочи қизлар эса баъзан бугун вайнерларимиз энг зўр ҳазил деб халққа “едираётгани” каби ўша “иккичи” синфдошининг пайпоғини ювиш билан қолиб кетади. Таажжуб, энг катта фожиаларимиздан бири энг зўр ҳазилимиз бўлиб қолган.

Бундан келиб чиқадики, аёлларнинг жамиятдаги энг муҳим ўринлар учун рақобатга киришмаслиги ҳам умумий ривожланишга ғов бўладиган, унинг асосий шарти бўлган соғлом рақобат тамойиллари илдизига болта урадиган бош омиллардан. Нима ҳам деймиз, яхши ўқиган қизлар “ўқиб шаҳар олиб берармиди?”, яхши ўқимайдиган йигитлар эса “шаҳар олиб” ётибди — шундай экан, сидқидилдан ўқиш учун ҳеч қандай талаб ҳам, эҳтиёж ҳам йўқ гўё…

Бу муаммолар, шак-шубҳасиз, кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Маърифатпарвар Фитратнинг “Оила” асаридаги мулоҳазаларга диққат қаратсак, масаланинг моҳиятига етишимиз осонроқ кечади. Бу, ўз навбатида, фикр юритаётганимиз — аёллар ҳуқуқи, хусусан, таълими бора­сида қили­наётган ишларнинг бои­сини теранроқ тушунишимизга туртки беради. У жамиятдаги айрим иллат ҳамда камчиликларга аччиқ ва очиқ баҳо бериб, бахтсизлик ва қолоқликнинг асосий сабабларидан бири ўлароқ аёлларнинг жамият ҳаё­тидаги ўрни бениҳоя паст эканини таъкидлар экан, жумладан, бундай дейди:

“Мамлакатимиздаги хотинлар ҳар дақиқада қанчадан қанча таҳқир ва жафоларга дучор бўлиб яшамоқдалар. Биз, туркистонликлар ўз хотинларимизни одамият доирасидан ташқарисида деб ўйлаймиз ва у бечораларга одамга қилгандек муомала қилмаймиз...

Улар ҳақиқатан башарият фазилатларининг аксаридан маҳрум қолганлар. Саодат майли ва тараққий орзуси уларнинг қалбидан тамоман чиққан. Шижоат ва жасорат батамом йўқ бўлиб, табиатларидан танбаллик ва заифлик жой олган. Иззат талаби, шараф ҳифзи, ҳуқуқларини ҳимоя этиш фикрларини тушунтириб берганда ҳам тушунмайдилар. Муҳокима, таамим тафаккурни батамом тарк қилиб, бир машинага ўхшаб эрларининг ишоратига тобе бўлиб қолганлар. Хулоса қилиб айтганда, бахтсизлигимиз ва қолоқлигимизнинг энг муҳим сабаблари ҳам шундадир”.

Тўғри, бир қарашда бугунги аҳволотимиз анча фарқли, яхши томонга ўзгарган, албатта! Бунга на эътироз, на шубҳамиз бор. Айтмоқчи бўлганимиз, бугунги ҳолатимиз айни шундай маърифатпарварларнинг бир томонлама стереотипларга қарши аёвсиз ва қатъий кураши самараси. Ҳозир аёл-қизларнинг қулай таълим олиши йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳам келгусида ўз мевасини беришига амин бўлишимиз керак. Аёллар таълими масаласида сўз кетганда, айниқса, улар фақат уйда ўтириши керак деб фикрловчи ва бу тор дунёқарашини эътиқод ортига яширишга уринадиган айрим кимсалар учун эса Фитрат домланинг “Мунозара” асаридаги бир мударрис ва фаранги ўртасидаги баҳсдан парча келтиришни жоиз деб топдик:

“Фаранги: Энди айтинг-чи, Бухорода аёллар ҳам таҳсил оладиларми ёки йўқ?

Мударрис: Йўқ, аёллар таҳсил кўрмайдилар.

Фаранги: Нега уларни таҳсилдан бебаҳра қолдирганлар? Аёл ақли таълим ва тарбия хусусида эркакникидан камроқ бўлмаса керак. Бизнинг ҳакимлардан бири айтадики: “Биз Америка ва Франсиё аёлларининг ихтиролари мушоҳадасини кейин билдикки, аёлнинг тушуниш даражаси эркакникидан кам эмасдир”. Ва сизларнинг пайғамбарингиз ҳам буюрдики, “Илм олиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир”, аёлларнинг тарбияти фойдали бўлиб, “Кимки яхшилик келтирса, унга ўн баробар...” оятининг ҳукмига кўра, яхши амалларга эга бўлишлик вожибдир. Негаки яхши амаллар яхши ахлоқсиз мумкин бўлмайдир.

Яхши ахлоққа кейинроқ эга бўлишлик ҳам “вожиб бўлган амалларнинг биринчиларидандир”. Бирор кимса ҳам тарбиясиз яхши ахлоқ соҳиби бўлмайди. Бизнинг биринчи тарбиямиз оналаримиз тарафидандир, уларнинг ўзлари тарбия кўрмаган бўлсалар, биз ҳам уларнинг ёмон тарбиясидан ҳамиша ёмон ахлоқ эгаси бўламиз. Шу сабабли донолар бизнинг оламни инсоният доирасидан ташқарида деб биладилар. Юртнинг бахтсизлиги, заминнинг саодатсизлиғидирки, аёллар у ерни таълим ва тарбия шарафидан маҳрум қиладилар.

Мударрис: Ажаб содда одам экансиз. Беҳуда ишларнинг ташвишини қиляпсиз. Аёлларнинг яратилишидаги ҳикмат “таволуд ва таносул” (туғиш ва насл қолдириш)дир. Мен аввалдан арз қилдимки, бизда таҳсил 37 ёшда тамом бўлади. Бу суръатда агар аёлларни ҳам таҳсил эттирсак, уни тугатгандан сўнг ёши 37 га борганда ҳеч бир эркак уларга рағбат қилмайди ва у вақтда “силсилаи таносул” (кетма-кет насл қолдириш) узилган бўлади.

Фаранги: Аммо бу гапингиз, яъни агар аёлларни таҳсил эттирсак, таносул силсиласи узилади, деганингиз ботилдир. Далил шуки, агар сизнинг ушбу сўзингиз тўғри бўлганда, комил ақл эгаси бўлган, оламнинг низомини сиздан яхшироқ билған пайғамбарингиз “Илм олиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир”, демас эди. Аммо сизнинг “биздаги таҳсил муддати узундир”, деганингиз бир таҳсил усулининг нодурустлиғидирки, бу таҳсилни ман қилишликни келтириб чиқармайди. Сизнинг бу таҳсил усулингиз мушкул ва нуқсонли экан, ­бошқа усулни ихтиёр қилингиз”.

Бундан ташқари, муаллиф фаранги тилидан гапириб, аёлларни ўқитмаслик диннинг асл ҳақиқатидан фарсаҳларча узоқлашиш, тамаддун тараққиёти тезлигидан ундан-да олис ортда қолиш, “бегоналарнинг шуҳрати, илму маърифатининг ноғораси шовқинини шарофат деб кўтариб юриш, жаҳолат ва фалокат поясиға етиб қолиш” эканидан қаттиқ огоҳлантиради. Аён бўладики, қизларни ўқитиш масаласи, шунингдек, таълимни ислоҳ қилиш вазифаси ҳам ҳар бир давр учун долзарб бўлиб келган. Фитрат каби алломалар илгари сурган ғоялар чуқур маънавий булоқлардан сув ичган ҳамда мазкур соҳадаги кейинги, айниқса, ҳозирги қадамма-қадам такомиллашаётган таълим тизимини замонга мос равишда модернизация қилиш ва унда хотин-қизларга алоҳида рағбат механизмларини жорий этиш жараёнлари унинг мантиқий давомидир.

* * *

Бугун масала тарихий баҳс ёки маърифий чақириқ даражасидан аллақачон чиқиб кетган. Замонавий иқтисодиёт инсон капитали тушунчаси атрофида таркиб топди. Давлатлар қудрати ер ости бойликлари ёки географик қулайлик билангина ўлчанмайдиган, тараққиёт мезони жамият аъзоларининг билим даражаси, малакаси, тафаккури кенглиги, илмий ва технологик салоҳияти билан белгиланаётган бир даврда аёллар таълими масаласи ҳам оддий ижтимоий тенглик ёки маънавий адолат мавзуси доирасида қолмаслиги табиий.

Бу хусусда бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Таълим даражаси ошиши билан аёллар меҳнат бозорида фаолроқ қатнаша бош­лайди. Айни жараён иқтисодиёт учун оддий статистик кўрсаткич эмас, балки тизимли ўзгаришдир. Сабаби меҳнат бозори қанчалик катта бўлса, иқтисодий фаолият ҳам шунчалик кенгаяди. Ишлаб чиқариш ҳажми ортади, хизмат кўрсатиш соҳалари, янги касб ва йўналишлар пайдо бўлади.

Халқаро иқтисодий тадқиқотлар айнан шу жараённинг аниқ кўрсаткичларини қайд этади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ўтказган таҳлилларга кўра, сўнгги ярим асрда ривожланган давлатларда аёллар таълим даражасининг ошиши иқтисодий ўсишга сезиларли ҳисса қўшган. Аҳолининг ўртача таълим олган йиллари бир йилга ортганида аҳоли жон бошига тўғри келадиган иқтисодий ишлаб чиқариш ҳажми ўртача ўн фоизга яқин ошиши кузатилади. Шу билан бирга, аёллар таълим даражаси эркаклар билан тенглаша бориши иқтисодий ўсиш суръатини янада ошириши аниқланган.

Ушбу рақамлар ортида оддий иқтисодий мантиқ ётади. Таълим инсоннинг билими, ­малакаси, меҳнат унумдорлигини оширади. Билимли мутахассис янги технологияни тезроқ ўзлаштиради, мураккаб жараёнларни самаралироқ бошқаради, янгилик яратиш салоҳиятига эга бўлади. Жамиятда шундай инсонлар қанча кўп бўлса, иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш қуввати шунга мутаносиб равишда ортади. Энди тасаввур қилайлик: аҳолининг қарийб ярми бўлган аёллар таълим имкониятларидан етарлича фойдаланмаса, бу қандай оқибатга олиб келади? Бу — риторик савол. Яъни жавоби ўзида.

Меҳнат бозори кўрсаткичлари ҳам шу мантиқни тасдиқлайди. Охирги ўн йилликда кўплаб ривожланган давлатларда аёллар бандлиги кескин ошган. Масалан, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо мамлакатларда аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштироки қарийб қирқ фоиз атрофида эди. Бугун бу кўрсаткич олтмиш фоиздан юқори. Айрим мамлакатларда эса у етмиш фоизга яқинлашади. Тадқиқотчилар айнан шу ўсиш иқтисодий фаолликнинг кенгайишига сезиларли ҳисса қўшганини таъкидлайди.

Экспертларнинг ҳисоб-­китоб­ларига кўра, агар эркаклар ва аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштироки ўртасидаги тафовут келгуси ўн йилликларда янада қисқарса, ривожланган давлатлар иқтисодиёти қўшимча равишда ўн фоиздан ортиқ кенгайиши мумкин. Эркаклар ва аёллар бандлиги тўлиқ тенглашган тақдирда иқтисодиёт ҳажми ўртача ўн икки фоизга яқин ортиши эҳтимоли мавжуд. Шу нуқтаи назардан, аёллар таълимига эътибор меҳнат ресурслари таркибини ҳам тубдан ўзгартиради. Аввал фақат эркаклар устунлик қилган кўплаб соҳаларда аёллар ҳам фаол иштирок эта бошлайди. Илмий тадқиқотлар, тиббиёт, муҳандислик, бошқарув, технология каби мураккаб йўналишларда аёлларнинг улуши ортиб бориши эса иқтисодий фаолият кўламида акс этади. Масалан, айрим ривожланган мамлакатларда олий таълим олган ёшлар орасида аёллар улуши эллик фоиздан ошиб кетган. Тиббиёт, биология, таълим, ижтимоий фанлар каби соҳаларда бу кўрсаткич айрим жойларда олтмиш фоизга яқинлашади.

Тадқиқотчилар яна бир муҳим омилни қайд этади. Меҳнат бозорида аёллар улуши ортган сари рақобат муҳити ҳам соғломлашади. Рақобат кучайишининг эса, ўз ўрнида, иқтисодий самарадорликка ижобий таъсири бор. Буни тушуниш учун оддий бир манзарани тасаввур қилиш кифоя. Агар жамият муҳим лавозимлар, илмий изланишлар ёки иқтисодий ташаббуслар доирасини фақат аҳолининг бир қисми билан чеклаб қўйса, бу майдонда рақобат ҳам тор доирада кечади. Истеъдодлар сони камаяди, танлов имконияти қисқаради. Оқибатда энг яхши натижага олиб келадиган ғоя ёки ёндашув юзага чиқмай қолиши эҳтимоли ортади.

Тарихий тажрибалар масалага янада аниқроқ тасаввур беради. Турли мамлакатлар ­тараққиёт йўлига назар ташласак, таълим сиё­сати, хусусан, қизлар таълимининг кенгайиши иқтисодий модернизация жараёнлари билан ёнма-­ён кечганини кўрамиз. Бу ҳодиса ­тасодифий эмас. Инсон капиталига таянадиган иқтисодиётлар ўз имкониятларини кенгайтириш учун жамиятнинг барча қатламларини билим майдонига жалб қилишга интилади. Масалан, Жанубий Корея бугун юқори технологиялар ва саноат ишлаб чиқариши билан танилган давлатлардан. Ўтган асрнинг олт­мишинчи йилларида эса бу мамлакат қашшоқ аграр иқтисодиётга эга эди. Ўша даврда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 100 доллардан ҳам кам бўлган. Кейинги ўн йилликларда таълим тизими кескин кенгайтирилиб, жумладан, қизларнинг мактаб ва университетларга қамрови юқори суръатда ошди. Маълумотларга кўра, бугун Жанубий Кореяда олий таълим олаётган ёшлар орасида аёллар улуши эллик фоиздан юқори. Эътиборлиси, мамлакат иқтисодиёти мисли кўрилмаган суръатда ўсди: аҳоли жон бошига даромад бугун 30 минг доллардан ортиқ.

Шунга ўхшаш жараёнларни Скандинавия мамлакатлари тажрибасида ҳам кўриш мумкин. Финляндия, Норвегия ва Швеция сингари давлатлар энг инновацион иқтисодиётлар қаторига киради. Бу мамлакатларда аёллар таълим даражаси жуда юқори бўлиб, университет битирувчилари орасида аёллар улуши кўпинча эллик беш фоиздан зиёдни ташкил этади. АҚШ ҳам ёрқин мисол. Сўнгги ўн йилликларда олий таълим муассасаларини тамомлаётган ёшлар орасида аёллар улуши эллик фоиздан анча юқори. Тиббиёт, биология, иқтисодиёт, ижтимоий фанлар, ҳатто технология соҳаларида ҳам аёллар фаолияти кенгайиб бормоқда. Кўплаб тадқиқотлар илмий кашфиётлар, инновацион стартаплар ва технологик ғоялар пайдо бўлишида ана шу кенг билимли қатлам муҳим роль ўйнаяпти.

Бошқа томондан, аёллар таълими ва бандлиги паст бўлган жамиятлар иқтисодий имкониятларининг сезиларли қисмини йўқотиши ҳам кузатилади. Жаҳон банки ва халқаро иқтисодий ташкилотлар таҳлиллари кўрсатадики, айрим минтақаларда аёллар меҳнат бозоридаги иштироки эркаклар кўрсаткичидан деярли икки баробар паст. Бундай вазиятда иқтисодиёт ишчи кучининг катта қисмидан фойдаланмайди.

Шу ўринда яна бир савол туғилади: жамиятда аёллар таълимининг кенгайиши фақат иқтисодий самарадорликни оширадими ёки унинг бошқа таъсирлари ҳам мавжудми? Буни қарангки, мазкур жараён анча чуқур ижтимоий натижаларни ҳам юзага келтирар экан. Демографик тадқиқотлар фикримизни аниқ рақамлар билан тасдиқлайди. Жаҳон банки ва БМТ маълумотларига кўра, аёлларнинг ўртача таълим муддати ошган сари туғилиш даражаси ҳам барқарорлашади, болалар ўлими камаяди, оилавий соғлиқ кўрсаткичи яхшиланади. Масалан, бошланғич таълим олган оналарнинг фарзандлари орасида болалар ўлими даражаси қарийб икки баробар паст экани қайд этилади.

Илмли аёлларнинг муҳим хусусияти — фарзандлари таълимига кўпроқ эътибор қаратиши. Кўплаб демографик ва педагогик тадқиқотлар кўрсатадики, онанинг таълим даражаси ошиши билан болаларнинг мактабга қатнаш даражаси ҳам ортади. Яъни ўз-ўзидан билимли авлод вояга етиши учун мустаҳкам замин пайдо бўлади. Шунингдек, иқтисодий таҳлилларда яна бир қизиқарли тенденция қайд этилади. Аёллар даромади кўпинча ­оиланинг умумий фаровонлигига йўналтирилади. Аёллар ишлаб топган даромадининг катта қисмини болалар таълими, соғлиқни сақлаш ва турмуш шароитини яхшилашга сарфлар экан. Шу орқали ижтимоий капитал мустаҳкамланиб, жамиятда соғлом, билимли ва фаол авлод ­шаклланиш эҳтимоли ортади.

Жаҳон банки маълумотларида эса кўплаб мамлакатларда кичик ва ўрта бизнес субъектларининг сезиларли қисми аёллар томонидан бошқарилиши қайд этилган. Мазкур жараён иқтисодиётда янги иш ўринлари яратилишга, хизматлар ва ишлаб чиқариш соҳалари кенга­йишига бевосита алоқадор. Алалоқибат аёллар таълими жамият тараққиётига икки томонлама таъсир кўрсатади. Бир томондан, меҳнат бозорида ишчи кучи салоҳияти кенгаяди, иккинчи томондан, келажак авлоднинг билим ва малака даражаси ошади. Шу боис, замонавий иқтисодий сиёсатда аёллар таълимини кенгайтириш масаласи тобора кўпроқ стратегик аҳамиятга эга. Таълим тизимининг очиқлиги, қизларнинг олий таълимга кириш имкониятлари, илмий фаолиятда аёллар улушининг ортиши — буларнинг барчаси инсон капиталини кенгайтиришга хизмат қилади.

Шундай қилиб, масаланинг асл моҳияти ҳақида мушоҳада юритар эканмиз, аёллар таълими атрофидаги баҳслар кўпинча маълум бир имтиёз атрофидаги тор савол доирасида кечса-да, унинг ортида қанчалик кенг мавзулар мундарижаси турганига амин бўлдик. Демак, ушбу жараён аста-секин ижтимоий тасаввурларни ҳам ўзгартиради: инсоннинг қадри унинг келиб чиқиши ёки жинси билан эмас, эгаллаган билим ва бажараётган ишининг самарасига қараб баҳолангандагина олға силжиш бўлади. Шу сабаб аёллар таълими масаласи алоҳида гуруҳ манфаатига дахлдор масала бўлмай, жамиятнинг умумий ривожланиш йўналишини белгилайдиган асосий омиллардан биридир.

Аслиддин АБДУРАЗЗОҚОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири