Қонун билан атроф табиий муҳит ифлосланишининг мониторинги, гидрометеорологик ахборот, гидрометеорологик жараёнлар, гидрометеорологик жараёнларга фаол таъсир кўрсатиш, гидрометеорологик ҳодисалар, гидрометеорология фаолияти, ихтисослаштирилган гидрометеорологик ахборот, муҳофаза зонаси, тезкор гидрометеорологик ахборот, умумий гидрометеорологик ахборот каби асосий тушунчалар белгиланмоқда. Шунингдек гидрометеорология фаолиятининг асосий принциплари, объектлари, субъектлари, ихтисослаштирилган ташкилотлар тўлиқ кўрсатилган.
Қонунга мувофиқ расмий огоҳлантиришлар, прогнозлар ва аҳолининг турмуш фаолияти хавфсизлигини таъминлаш, эҳтимолий зарарнинг олдини олиш билан боғлиқ бошқа гидрометеорологик ахборот ундан фойдаланувчиларга фақат махсус ваколатли давлат органи томонидан тақдим этилади.
Шунингдек, ҳужжатда гидрометеорологик ахборотни тайёрловчилар ҳамда ундан фойдаланувчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари, гидрометеорология фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби, уни молиялаштириш, соҳадаги халқаро ҳамкорлик, қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик ва бошқа бир қатор нормалар кўзда тутилган.
Қонунни қабул қилиш гидрометеорология фаолияти ҳамда гидрометеорологик кузатувлар ўтказиш ва маълумотларга ишлов беришнинг илмий услубларини янада такомиллаштириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар, аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизимини ривожлантириш, гидрометеорология соҳасидаги минтақавий ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, инновацион технологияларни жорий этиш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.