Жаҳон спорт майдонида ҳалол рақобатни таъминлаш, спортчилар саломатлигини ҳимоя қилиш ва допингга қарши курашни тизимли ташкил этиш масаласи сўнгги йилларда халқаро кун тартибининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, глобаллашув ва трансчегаравий спорт алоқалари шароитида антидопинг сиёсатида уйғунлик, мувофиқлик ва минтақавий ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Тошкент шаҳрида ўтказилган “Глобал антидопинг бошқарувини мустаҳкамлаш: уйғунлаштириш, мувофиқлик ва минтақавий ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро форум ижтимоий-сиёсий ва дипломатик жиҳатдан ҳам аҳамиятли тадбир сифатида баҳоланди. Форум WADA талаблари ва стандартларига мувофиқ антидопинг хизматларини ривожлантириш, мутахассислар малакасини ошириш ва тажриба алмашишга қаратилди.

Форум доирасида 26 январь куни Марказий Осиё минтақавий антидопинг агентлиги (RADOCA)га аъзо мамлакатлар — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ва Мўғулистон вакиллари иштирокида йиллик ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда минтақада допингга қарши курашни мувофиқлаштириш, миллий антидопинг тизимларининг самарадорлигини ошириш ва халқаро стандартлар асосида фаолият юритиш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишда давлатлар томонидан амалга оширилган ишлар, жумладан, спортчилар ва мураббийлар учун ўтказилган профилактик тадбирлар, таълимий дастурлар, лабораториялар билан ҳамкорлик ҳамда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир ташаббуслар тақдим этилди. Шунингдек, 2027 йилги Жаҳон антидопинг кодекси талабларига тайёргарлик кўриш, спортчиларнинг саломатлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор вазифалар сифатида белгиланди. Муҳокамалар жараёнида иштирокчи давлатлар ўз миллий тажрибаси ва мавжуд муаммолари ҳақида фикр алмашиб, минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, антидопинг таълими ва илмий ёрдамни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу очиқ мулоқот спортда ҳалоллик ва адолатли рақобат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Умуман олганда, мазкур халқаро форум Марказий Осиё мамлакатларининг допингсиз спорт ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, миллий тизимларни халқаро стандартларга мослаштириш ва WADA ҳамда минтақавий антидопинг ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим амалий қадам бўлди.

Форум якунлари антидопинг соҳасида уйғунлашган сиёсат, мувофиқлик ва минтақавий ҳамкорлик спортда адолатли рақобатни таъминлашнинг асосий омилларидан бири эканини яна бир бор кўрсатди. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “тинчлик ҳукм сурган, қонун устувор бўлган, адолат таъминланган жамиятдагина ҳақиқий тараққиёт бўлади.” Айнан шу тамойилларга таянган мазкур форум минтақада ҳалол спорт ва очиқ ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилган муҳим мулоқот майдони сифатида эътироф этилди.